Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:34

“Охирзамон” мутахассислари: Ахборот урушлари инсониятга таҳдид солмоқда


Айни дамда рамзий Охирзамон соати 12 га икки дақиқа қолганини кўрсатиб турибди.
Айни дамда рамзий Охирзамон соати 12 га икки дақиқа қолганини кўрсатиб турибди.

АҚШ мутахассисларининг сўзларига кўра, ахборот урушлари иқлим ўзгариши ҳамда ядровий урушлар каби глобал таҳдидларни кучайтирмоқда. Бу эса ўз навбатида инсоният келажагига таҳдид солади.

Bulletin of the Atomic Scientists нодавлат ташкилоти ходимларининг билдиришича, фактлар билан манипуляция қилиш, сохта хабарлар, глобал исиш ҳамда ядровий уруш ҳақидаги риторика инсониятни Ер сайёрасини йўқ қилишга мисли кўрилмаган даражада яқинлаштирди.

Ташкилот эълон қилган баённомада шундай дейилади:

«Ҳозир инсоният олдида бир вақтнинг ўзида икки экзистенциал таҳдид бор. Уларнинг ҳар бири катта хавотир туғдиради ва зудлик билан уларга эътибор қаратишимизни талаб қилади».

Бу йирик таҳдидлар ядровий қуроллар ҳамда иқлим ўзгаришидан иборат бўлиб, ўтган йили улар соладиган таҳдид жаҳон бўйлаб демократияни емириш мақсадида ахборот урушидан тобора кўпроқ фойдаланиш туфайли янада кучайди. Бу эса шу ва бошқа таҳдидлар рискини оширади, цивилизация келажагига мисли кўрилмаган даражада хатар солади.

Айни дамда рамзий Охирзамон соати 12 га икки дақиқа қолганини кўрсатиб турибди. Аммо хавфсизлик, ядровий қуроллар, атроф-муҳит ҳамда илм-фан соҳаларида фаолият юритадиган мутахассислардан иборат халқаро гуруҳ раиси Рейчел Бронсоннинг айтишича, соат миллари ўтган йилда силжимагани барқарорлик рамзи эмас.

Охирзамон соати 1947 йилда яратилган. Ўшандан бери унинг миллари 20 марта ўзгарди. Соат 1953 йилда 12:00 га икки дақиқага қолаётганини кўрсатиб турган. 2018 йилда ҳам айнан шундай бўлди. Солиштириш учун, 1991 йилда соат миллари 12:00 га 17 дақиқа қолганини кўрсатиб турган.

Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Бронсон ҳозирги дамларни Совуқ урушнинг энг хавфли дамларига қиёслади.

- Маълумот тезлиги бир неча баробарга ошди. Бу эса ахборот урушлари ҳамда сохта хабарлар тарқалишига қулай замин яратади, - деди Бронсон.

Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳолат дунёдаги йирик муаммоларни ечиш учун бирдамлик талаб қилинаётган бир пайтда кин-ғазаб ва бўлиниш келтириб чиқармоқда.

Хусусан, мутахассислар АҚШ билан Шимолий Корея ҳамда Россия билан АҚШ ўртасидаги алоқалар ўта танг аҳволда эканлигини айтишди. Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳасида ҳам салбий ўзгаришлар кузатилмоқда: атмосферага чиқарилаётган заҳарли газлар кўлами яна ўса бошлаган. Бир неча йил давомида ушбу кўрсаткич ўзгаришсиз қолаётган эди.

XS
SM
MD
LG