Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:46

Австралияда ёнғинлар сабабли туризм соҳаси катта зарар кўрмоқда


Австралиядаги ўрмон ёнғиндан кейин (иллюстратив сурат).
Австралиядаги ўрмон ёнғиндан кейин (иллюстратив сурат).

Австралияда бир неча ойдан бери давом этаётган ўрмон ёнғинлари сабабли мамлакатга одатдагидан анча оз сайёҳ келмоқда.

Ёнғинлар туфайли қирғоқ бўйидаги шаҳарлардан минглаб сайёҳ эвакуация қилинди, минглаб сайёҳ Австралияга бориш режасини бекор қилди. АҚШ Давлат департаменти эса Австралияга отланган америкаликларни ўта эҳтиёт бўлишга чақирди.

Бу орада Австралия ҳукуматининг туризм агентлиги поп юлдуз Кайли Миноуг иштирокидаги реклама кампаниясини бекор қилишга мажбур бўлди. Бунга мамлакат ўрмонлари олов қаърида қолган бир пайтда бошланган реклама кампанияси кескин танқидга учрагани сабаб бўлди.

- Австралияга мамлакатнинг тоза ҳавоси, мусаффо осмони, ёрқин ва ялтироқ соҳиллари ҳамда сакровчи жониворлари ёрдамида сайёҳ жалб қилиб келамиз. Бахтга қарши, айни дамда одамлар куйган коала ва кенгуруларни кўрмоқда, — деди Сидней технология университети лектори Дэвид Биерман.

Лектор ёзги таътил мавсумига тўғри келган ёнғинлар важидан Австралия иқтисоди миллиардлаб доллар зиён кўраётганини айтди.

Туризмга таянувчи Мого ҳамда Янги Жанубий Уэльс каби шаҳарларда уйлар ва ширкатлар ёниб, кул бўлди. Ҳозирги кунда бу каби шаҳар кўчаларида сайёҳ деярли йўқ.

Кейинги кунларда ёнғин хавфи бир оз озайгани учун Австралия расмийлари сайёҳларни ёнғиндан халос бўлган шаҳарларга ҳамда ёнғин етиб бормаган ҳудудларга ташриф буюришда давом этишга чорлади.

Туризм вазири Саймон Бирмингем Австралияда “бизнес ҳануз очиқ”лигини таъкидлади.

- Фожиали ёнғинлар кўлами бўрттирилган кўплаб нотўғри маълумот тармоқда тарқатилмоқда, — деди Бирмингем AFP агентлигига. - Саёҳатларини режалаштирган ёки бу ҳақда ўйлаётган шахсларни барча фактларга эга эканликларига амин бўлишга ҳамда сабабсиз ташриф буюришдан воз кечиб, туризм ширкатларига зиён келтирмасликка чорлайман.

Мого ҳамда ёниб, кул бўлган бошқа шаҳарларни қайта тиклаш учун ойлар, ҳатто йиллар керак бўлиши мумкин.

Шундай бўлса-да, айримлар Австралия туризм саноати ушбу бўҳронга бардош бера олишига ишонч билдирмоқда.

Биерман Япония 2011 йилги цунами ҳамда ядровий ҳалокатдан кейин муваффақиятли тикланганини айтиб, тўғри стратегиялар ёрдамида Австралия ҳам қайта оёққа тура олишига ишонишини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG