Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:47

Андижонлик меҳнат мигранти Тошкент аэропортида бедарак кетгани айтилмоқда


19 яшар Шохжаҳон Туркиянинг Манавгат шаҳрида.
19 яшар Шохжаҳон Туркиянинг Манавгат шаҳрида.

Шу йилнинг 9 сентябрида Тошкент аэропортида бедерак кетган 19 яшар шаҳрихонлик Шохжаҳон Хомидовнинг яқинлари унинг тақдиридан хавотир билдирмоқда. Яқинларининг Озодликка билдиришича, бир кун олдин Туркиядан учиб келган йигит Москвага авиачипта сотиб олган, аммо учоққа чиқарилмаган.

Яқинлари Шохжаҳоннинг Тошкент аэропортида тўхтатилгани ва номаълум шахслар томонидан олиб кетилганини айтмоқда.

Озодлик боғланган аэропорт маъмурияти ва Ички ишлар вазирлиги бедарак кетгани айтилаётган йигитнинг тақдирига ойдинлик киритмади.

2002 йилда Андижон вилояти, Шаҳрихон туманида туғилган Хомидов Шохжаҳон Икромжон ўғли шу йилнинг 9 сентябрида Тошкент халқаро аэропортидан Москванинг Домодедово аэропортига кундузги 16:40даги рейсга чипта олгани ортидан бедарак кетди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Шохжаҳоннинг яқинларига кўра, у бундан бир неча кун олдин Истанбулда учиб борган ва Россияга ишлаш мақсадида йўл олган.

Йўқолган йигитнинг Туркияда ишлаётган акаси Хурсандбек Хомидовнинг айтишича, 5 ой олдин Шохжаҳон онаси билан бирга акасининг олдига ишлашга келган.

- Апрель ойида онам билан бирга келиб, 1 ойча қурилишда ишлади. Кейин ўзимнинг ёнимга - Анталиядаги Манавгат шаҳрида отелга ишга жойлаштирдим. 3 ойча ишлади у ерда, лекин сезон тугаши ва сайёҳлар кетиши билан отель ёпилди. “Ўртоқларим Россияга кетди, мен ҳам бораман – Москвада заводда иш бор экан”, деди. Лекин билет сотувчи “Ҳозир Россияга учиб кетолмайди, чунки 1 сентябрдан Россияга ҳамма ўзини давлатидан учиб келиши керак, киритмайди”, деб қўрқитди. Кейин биз Анталия-Истанбул, Истанбул-Тошкентга чипта олдик. 8 сентябр куни у Ўзбекистонга учиб кетди. Аэропортдан чиқибди эртанги кунга. “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га билет олибди Домодедовога. Туркияда топширган тестдан ташқари, яна Ўзбекистонда иккита тест қилибди. Самолётга чиқишига ярим соат қолганида телефон қилсам, “ака, мени мана бу ерда иккитаси ушлаб қолди, регистрация олдида”, деди. Кимдир “телефонингни ўчир, қанақа аканг?!”, деб ўшқирди ва телефон ўчди, - дейди Хурсандбек.

Андижонлик йигитнинг акаси бир сутка давомида укасини ким ушлаб қолгани ва қаерда экани тўғрисида хабар тополмаганидан хавотирга тушган.

Хурсандбек укаси Шохжаҳон билан.
Хурсандбек укаси Шохжаҳон билан.

Шохжаҳонни Москвада кутиб олиши керак бўлган дўстлари унинг “Ҳаво йўллари” учоғидан ҳам тушмаганини хабар қилган.

-Бизга билет сотган опа “Уканг учоққа чиқмабди Тошкентда”, деди онамга. 10 сентябрь куни эрталаб кўтариб қолди телефонни. Менга ўзини “аэропорт кассири” деб таништирган одам “ҳеч нарса чиқмади, ҳаммаси яхши” деди-да, ҳеч кимдан қўрқмайдиган укам “ака, ўчиришим керак экан!”, деб ўчирворди. Шундан берига унинг қаердалиги, уни ёнидаги одамлар кимлиги ва нима учун ушлаб қолингани номаълум. У кассир эмаслиги аниқ эди. Укам келаётган кун уйимизга участковой келиб, “Шохжаҳон қачон келяпти?”, деб сўраб, кичкина укамни телефонларини титиб кетибди. Укам намозхон бўлмаса... Бир неча кун олдин айтувди “ака, мен ҳақимда ҳазил қилиб, “Шохжаҳон Сурияга кетворди” деб гап чиқаришибди”, деганди, - деди Хурсандбек.

Суҳбатдошга кўра, шу кунларда Андижон вилоят Ички ишлар бошқармасида ушланган шахсни 3 кунгача яқинларига хабар қилмасдан ушлаб қолишлари мумкинлиги, сайлов олдидан четга чиқиб кираётганлар устидан назорат кучайтирилгани ҳақида эшитган.

Шохжаҳон Хомидов ММА яккакураши билан шуғулланиб келган.
Шохжаҳон Хомидов ММА яккакураши билан шуғулланиб келган.

Олдинроқ Россияга тўғри Туркиядан учиб келаётган ўзбек муҳожирлари рус махфий хизматлари назоратига олинаётгани, аэоропортларда сўроқ қилинаётгани ва кўплаб мигрантлар мамлакатга киритилмаётгани тўғрисида хабарлар олинган.

Россияда фаолият юритаётган ҳуқуқшунос Илгиза Яхшибоева Озодликка Туркиядан учиб келаётган муҳожирларда ҳозир ҳам муаммолар вужудга келаётганини билдирди:

- Туркиядан учиб келаётган кўплаб ўзбекистонлик мигрантларимиз ишга рухсатнома – патент олишда қийинчиликларга учрамоқда. Жуда кўп ҳолатлар қайд этилди. Ўз мамлакатидан кириб келганларга муаммо қилаётгани йўқ. Аммо “Туркиядан келишга рухсат йўқ!” деган ҳеч қандай қарор ёки расмий ҳужжат бўлмаса-да, бу норасмий тарзда амалга оширилмоқда. Ваҳоланки, Туркиядан Россияга кириб келиб, ишга рухсатнома олганлар ҳам йўқ эмас. Шу сабаб билет сотувчилар Туркиядан келаётганларни огоҳлантирмоқда, - деди Илгиза Яхшибоева.

Озодлик йўқолиб қолган Шохжаҳон Ҳомидов масаласида Тошкент аэропортига мурожаат қилди. Аэропорт маъмурияти вакили бу масала билан Ички ишлар идоралари шуғулланишини айтиб, уларга мурожаат қилишни тавсия қилди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари, полковник Шохруҳ Ғиёсов Озодлик мурожаатига жавобан расмий тартибни тушунтириш билан чекланди:

- Энг яқин одамларидан ким бўлса, зудлик билан 102 рақамига мурожаат қилиши керак. Тартиби шу, - деди ИИБ расмий вакили.

Хурсандбек Хомидов эса, укасинининг тақдиридан хабар олиш учун Туркияда ёлғиз онасини қолдириб, Ўзбекистонга жўнаб кетаётганини маълум қилди.

Жорий йилнинг апрель ойидан карантин чекловларини юмшатган Россия марказий осиёлик, хусусан ўзбекистонлик муҳожирларга чегараларни очгани хабар қилинган эди. Аммо уларга фақат учоқ орқали киришга изн берилган.

Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари охирги пайтларда Ўзбекистонда нафақат сиёсий фаол фуқаролар ва ҳукуматни танқид қилаётган шахслар, балки махсус хизматлар назоратига тушган оддий муҳожирларга нисбатан ҳам таъқиблар кучайганини айтишмоқда.

Озодлик ўзбек муҳожирларининг йўқолиб қолиши тўғрисида олдин ҳам хабар берган.

2021 йилнинг 26 май куни Москванинг Мешчанский туманидаги уйлардан бирида қурилишда ишлаётган 34 яшар қашқадарёлик Шохруҳ Бозоров полиция ходимлари томонидан ушланганидан кейин бедарак кетган эди.

Орадан бир муддат ўтиб, муҳожирнинг яқинлари Шохруҳнинг Тошкентга олиб келингани ва сўроқ қилингани тўғрисида хабар олган.

Тошкентлик 38 ёшли Умар Бадалов эса, 19 январь тонгида Москванинг Домодедово аэропортидан Ўзбекистон пойтахтига учиб келган, бироқ аэропортдан чиқмаган.

XS
SM
MD
LG