Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:50

Ҳуқуқ ҳимоячиси: Россия қочқинлар учун хатарли давлатга айланди


Шоҳруҳ Бозоров 2017 йилдан буён Инсон ҳақлари бўйича Европа суди ҳимоясида қолмоқда.
Шоҳруҳ Бозоров 2017 йилдан буён Инсон ҳақлари бўйича Европа суди ҳимоясида қолмоқда.

Европа суди ҳимоясида бўлган ўзбекистонлик сиёсий қочқин Шоҳруҳ Бозоров Москва полициясига олиб келинганидан кейин дом-дараксиз кетди. 34 яшар муҳожирнинг яқинлари Шоҳруҳнинг Тошкентга олиб келингани тўғрисида хабар келганини айтмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячилари охирги пайтларда Россиядаги марказий осиёлик қочқинларга нисбатан рус махсус хизматларининг босимлари кучайгани тўғрисида ҳолатлар қайд этилаётганини гапирмоқда.

"Европа суди ҳимоясидаги ўзбек қочқини ўғирлаб кетилди"

26 май куни Москванинг Мешчанский туманидаги уйлардан бирида қурилишда ишлаётган 34 яшар қашқадарёлик Бозоров Шоҳруҳ Розиқович полиция олиб кетилганидан кейин йўқолиб қолди.

Бу ҳақда Озодликка қўшимча маълумот берган унинг Лазизбек исмли ҳамкасбларидан бири полиция ходимлари Шоҳруҳ тўғрисида турли саволларни бериб, қолган меҳнат муҳожирларини 5 соатлардан кейин чиқариб юборганини айтди.

- Кеча эрталабки 7 ларда квартирада ишлаятувдик. Йўлчиларни сариқ кийимида кимдир эшикни тақиллатиб қолди. Эшикни очувдик, квартирага 7-8таси бостириб кириб, қўлларни қайриб, Мешчанский туман отделениесига олиб борди ва бизни кечки 5:30ларда қўйворди. Шоҳруҳ акани қаерга олиб кетди - билмадик ҳам. Телефонларимизни ўчириб қолдирди, олдирмади. Формасиз бир одам “Қаердан Шоҳруҳни танийсан, ким у, ҳимоячисини танийсанми?” деган саволларни берди. Нормал ишлаб юрувдик, ҳеч қандай муаммо борлигини гапирмаганди Шоҳруҳ. Қозонда унинг аёли, болалари қолган, - деди ўзбек муҳожири.

Лазизбекнинг айтишича, квартира ремонти билан шуғулланиб келган Шоҳруҳ Бозоровнинг кийим-кечаклари таъмирланаётган квартирада қолиб кетган. У Шоҳруҳ алоҳида машинада номаълум тарафга олиб кетилганини ҳам билдирди.

Айни дамда Москва шаҳрининг Мешчанский туман полиция бўлимида Озодлик сўровига 26 май куни текширувга олиб келинган ўзбек муҳожирлари қўйиб юборилгани ва бўлимда ҳеч ким йўқлигини билдиришди.

Шоҳруҳ Бозоров ҳимояси билан шуғулланиб келган “Ёрдам” жамғармаси раиси, москвалик ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев 27 май куни эрталаб ўзбекистонлик йигит ҳақида Тошкентдан хабар келганини айтди:

- 26 май куни бир нечта ўзбек Мешчанский туман полициясига олиб кетилган. Улар орасида Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган Шоҳруҳ Бозоров ҳам бўлган. Уни қўлга олиш учун махсус ФСБ ходимлари кетган. Кечанинг ўзида Бозоровни тўғри Домодедово аэропортига олиб келиб, Ўзбекистонга жўнатворишган. Эрталаб Қозонда яшаётган хотинига “Мени Тошкентга олиб келишди. Илож йўқ энди” СМС хабар келибди.

Мен ўша куни Мешчанский туман судига бордим, одам ўғирлангани тўғрисида ариза ёздим. У ерда бир ходим “Одамингизни ФСБ билан Экстремизмга қарши ИИБ маркази ходимлари олиб кетган, бизнинг қўлимиздан ҳеч нарса келмайди!”, деди, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Баҳром Ҳамроев ўзбекистонлик қочқин халқаро ҳуқуқ нормаларига зид равишда Ўзбекистонга ўғирлаб кетилганига ишонишини маълум қилди.

Қашқадарёлик Шоҳруҳ Бозоров Россияда квартира таъмирлаш билан кун кечириб келган.
Қашқадарёлик Шоҳруҳ Бозоров Россияда квартира таъмирлаш билан кун кечириб келган.

Маълум бўлишича, Бозоров Ўзбекистонда Жиноят Кодексининг 159 (Конституциявий тузумга тажовуз) ҳамда 244 (Жамоат хавфсизлигига таҳдид) моддалари асосида қидирувга берилган. Ҳимоячи сўзларига кўра, Ўзбекистонда Шоҳруҳнинг айни моддалар асосида айбланган икки акаси Ислом Каримов давридан буён қамоқда қолмоқда.

Баҳром Ҳамроев Россияда охирги пайтларда сиёсий ва диний қочқинларга нисбатан бир қанча бу каби ҳолатлар қайд этилганини айтади:

- 2017 йили Шоҳруҳ Бозоровга нисбатан Европа суди 39-Қоидани қўллаган, яъни уни бериб юбориш мумкин эмас! Шунга қарамасдан, Россия кучишлатар тизимлари одамларни Ўзбекистон ва Тожикистонга ўғирлашни давом этмоқда. Бундай инсонлар ҳақида мендан бошқа ҳеч ким ёзмаяпти, ҳимоя қилмаяпти. Бир ҳафта олдин Қримда ФСБ томонидан отиб ўлдирилган Страсбург суди ҳимоясидаги яна бир ўзбек қочқини Наби Раҳимов ишидан, апрелда Европа суди ҳимоясидаги Қиём Гуловнинг Тожикистонга ўғирлаб кетилганидан хулоса қилиб айтишим мумкинки, Россия марказий осиёлик қочқинларга яна хатарли мамлакатга айланиб бормоқда. Мен Россияда қолаётган бошқа қочқинларга Озодлик орқали айтмоқчиман: Россияни тарк этинг - бу мамлакат сиз учун хавфли бўлиб қолди. Россия халқаро нормаларни оёқости қилаётган қонунбузарлар мамлакатига айланди, - дейди Баҳром Ҳамроев.

Суҳбатдош Россияда охирги пайтларда нафақат муҳожирлар, ҳатто ўз фуқаролари ва ҳукуматга қарши чиқаётган фаолларга нисбатан ҳам репрессив сиёсатни авж олдираётганини таъкидлади.

Наби Раҳимовни нега отиб ўлдиришди?

Жорий йилнинг 11 май куни Қримдаги Дубки қишлоғида Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари бир уйда тинтув ўтказган, ўша пайтда уйда бўлган ўзбекистонлик Наби Раҳимов отиб ташланган.

Россиялик терговчилар иддаосига кўра, Раҳимов ФСБ ходимларига қарата ўт очган ва жавоб ўқи билан ўлдирилган. Айни пайтда Раҳимов яшаган уйда қанақа жиноят иши доирасида тинтув ўтказилгани ҳалигача маълум эмас.

Наби Наҳимовнинг Россиядан бадарға қилинишини тақиқловчи қарор чиқарган Европа суди Россия расмийлари зиммасига 17 минг евро миқдорида товон пули тўлаш мажбуриятини ҳам юклаган.

Россия суди Наби Раҳимовнинг хотини Соҳиба Бурхонова ва унинг икки вояга етмаган ўғлини “миграция қоидаларини бузганлик” важи билан Ўзбекистонга депортация қилиш тўғрисида қарор чиқарди.

Қримда бева аёл ва унинг фарзандлари ҳимоясига суд биноси олдига йиғилган бир гуруҳ маҳаллий фаоллар полиция томонидан тарқатиб юборилди.

Ўзбекистонда унга қарши миллий хавфсизлик ва жамоат тартибига таҳдид солганлик, конституциявий тузумга тажовуз қилганлик ҳамда диний экстремизм, айирмачилик ва фундаментализм ғоялари акс этган ҳужжатларни сақлаганлик ва тарқатганлик гумони билан жиноят иши қўзғатилган.

Россия Тергов Қўмитаси Қримда отиб ўлдирилган Наби Раҳимовнинг жасадини дафн этиш учун яқинларига беришдан бош тортиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG