Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:49

Андижоннинг сўконғич ҳокими прокурор назоратига олинди


Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев
Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг мажлис қатнашчиларини ҳақорат қилгани юзасидан Андижон вилоят прокурори Музаффар Эгамбердиев шаҳар ҳокимлигига "тақдимнома" юборган. Бу тақдимнома 43 яшар Дилмурод Раҳматуллаевнинг 16 октябрь кунги мажлисда коллеж ўқитувчиларини “шакал”, “тварь”, “ҳайвон”, “эшшак” деб ҳақорат қилгани матбуотга тарқагани ортидан юборилгани айтилмоқда.

Андижон шаҳaр ҳокимлигида ишлайдиган мулозимнинг 4 декабрь куни Озодликка айтишича¸ шаҳар ҳокимининг "тилига эрк бергани"ни текшириш учун юборилган бу ҳужжат 2 декабрь куни шаҳар ҳокимлиги девонхонасида қайд қилинган.

Мулозимга кўра¸ прокурор тақдимномаси халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши тарафидан кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Дилмурод Раҳматуллаев халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши раиси ва депутат сифатида дахлсиз шахс ҳисобланади.

Мулозимнинг айтишича, тақдимнома билан бирга вилоят прокуратураси "депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан вақтинча маҳрум қилиш" тўғрисидаги сўров ҳам жўнатган.

Озодлик мухбири Андижон шаҳар Кенгаши депутатларидан бири билан гаплашди¸ прокурор сўровидан ҳабари борлигини айтган депутат 10 кун ичида бу масала ҳал қилинишини билдирди:

- Сўров шанба куни келди¸ бугун душанба. Депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала тегишли вилоят, туман, шаҳар прокурорининг ёки юқори турувчи прокурорнинг тақдимномасига биноан халқ депутатлари Кенгаши томонидан ўн кун ичида ҳал этилиши керак. Вилоят депутатлар кенгаши раиси вилоят ҳокими Шуҳратбек Қўшоқбоевич 10 кун ичида сессия кенгаш йиғилиши чақиртириб тақдимномада кўзда тутилган айбловлар юзсидан қарор чиқартириб, уни депутатлигидан махрум этиши лозим. Лекин сессия ҳали чақирилмади¸ дейди депутат.

Озодлик мухбири Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг шахсан ўзи билан гаплашиб¸ шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг йиғилишда иштирок этган ўқитувчиларни ҳақорат қилганлиги учун қандай жазо берилади, деб сўради.

Мухбир саволини диққат билан тинглаган вилоят ҳокими Абдураҳмонов бу масала юзасидан изоҳ бермасликни маъқул кўрди.

Андижон шаҳар ҳокимлигида ишловчи мулозимнинг айтишича¸ 2 декабрь куни эрталаб шаҳар ҳокими ишда бўлган ва эрталабки мажлисни ўтказган. Мулозимга кўра, ҳоким эрталабки мажлисни ўта хушмуомала тарзда олиб борган.

Ишдан бўшатилмаслиги ҳам мумкин

Озодлик 4 декабрь куни суҳбатлашган вилоят ҳокимлиги мулозимига кўра¸ шаҳар ҳокими хайфсан билан вазиятдан қутулиши мумкин:

- Ўша йиғилишда доимо прокурор қатнашади, ишдан олиш бўйича ҳокимларни кўп кўрганман, бирданига улар ишга келмай қолади. Дилмурод бўлса, ишга келиб- кетиб юрибди. Одамларга унга қарши кўрсатма берманглар, деб ҳам айтишган. Хуллас ўйин бу. Кейин селекторда кечирим сўрайди, гувоҳлар кўрсатма бермайди¸- дейди мулозим.

Андижон шаҳар кенгаши депутати, 30-мактаб директори Феруза Йўлдошева Озодлик билан суҳбатда "Ҳокимни бир овоздан ëмонлаб¸ йўқ қилиб юбориш нияти йўқлигини" айтди:

- Объектив ва субъектив тарафларига қараш керак. Тергаган бўлса, ҳаммани тергамаган. Пахта термаганларни тергаган. Нияти ишларни ўнглаш бўлганку¸ дейди суҳбатдош.

Нима бўлган эди?

Андижон шаҳар ҳокими 43 яшар Дилмурод Раҳматуллаевнинг 16 октябрь кунги мажлисда коллеж ўқитувчиларини “шакал”, “тварь”, “ҳайвон”, “эшшак” деб ҳақорат қилгани ҳақидаги Озодлик хабари ортидан ҳокимнинг навбатдаги сўкинишлари ёзилган яна бир аудиофайл пайдо бўлди. 27 ноябрь куни Озодликка юборилган аудиода 18 ноябрь куни ўтказилган мажлисда ҳокимнинг икки нафар кекса маҳалла фаолини “шакал, кампир, ҳаром” каби сўзлар билан ҳақорат қилгани ëзилган.

Озодлик ўз суриштируви давомида ҳоким томонидан ҳақоратланган аёллар исми-шарифини ва уларнинг маҳалла бошқарувидаги мақомини аниқлади. Озодлик мухбири билан суҳбатда шундай ҳақоратга дуч келганини тасдиқлаган бу кекса аëллардан бири¸ қуда-анда¸ маҳалла-кўй ичидаги обрўсига путур еткизмаслик учун¸ ўз шахси сир қолишини сўради.

"Биласиз¸ ўзбекчилик. Шунақа ҳақорат қипти ҳоким¸ деб гап-сўз бўлиб кетса¸ яхшимас. Оллоҳга солдим"¸ деди Озодлик гаплашган ҳақоратланган аëллардан бири.

18 ноябрь кунги йиғилишда бевосита қатнашганлардан бирининг Озодликка айтишича, бу аёллар шаҳарнинг Санъат ва Қўшариқ маҳалла раисларининг маслаҳатчилари бўлган.

Ҳокимларнинг зўравонлиги давом этяпти

Тошкент вилоят, Паркент туман ҳокими Неъматулла Абдуллаев 1 ноябрь куни ўтказган йиғилишда пахта теримига кам одам чиқарган раҳбарларни ҳақорат қилаётгани ёзилган 45 минутлик аудиофайл Озодлик таҳририятига келиб тушган ва ҳоким ташкилот ва корхоналар раҳбарларини, маҳалла оқсоқолларини аямай сўкар экан, 45 минут давомида 126 марта уятли сўз қўллаган эди.

Озодликдан: Агар сизда ҳам ҳоким ва бошқа раҳбарларнинг ўз қўл остидаги ходимларни ёки оддий одамларни ҳақорат қилгани, калтаклагани ҳақида маълумотлар, аудио ва видеолар бўлса бизга юборинг.

Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди.

XS
SM
MD
LG