Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:22

+18: Андижон ҳокими 64 яшар ўқитувчи аёлни “ҳаром”, “ҳайвон” деб сўкди (АУДИО)


Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев. Сурат Кун.уз сайтидан олинган.
Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев. Сурат Кун.уз сайтидан олинган.

Андижон шаҳар ҳокими 43 яшар Дилмурод Раҳматуллаевнинг 16 октябрь кунги мажлисда коллеж ўқитувчиларини “шакал”, “тварь”, “ҳайвон”, “эшшак” деб ҳақорат қилгани ҳақидаги Озодлик хабари ортидан ҳокимнинг навбатдаги сўкинишлари ёзилган яна бир аудиофайл пайдо бўлди. 27 ноябрь куни Озодликка юборилган аудиода 18 ноябрь куни ўтказилган мажлисда ҳокимнинг икки нафар кекса маҳалла фаолини “шакал, кампир, ҳаром” каби сўзлар билан ҳақорат қилгани ëзилган.

Андижон шаҳар ҳокими 64 яшар аёл маҳалла маслаҳатчисини “ҳаром”, “ҳайвон” деб сўкди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:28 0:00
Бевосита линк

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг 18 ноябрда пахта масаласида ўтказган навбатдаги дағдағали йиғилишидан ёзилган бу аудиони шу мажлис иштирокчиларидан бири ўз шахси сир қолиши шарти билан Озодликка жўнатди.

“Мен, ҳокимимизнинг оғзи ифлослиги ҳақидаги Озодлик мақоласини ўқиганимдан сўнг, бу аудиоёзувни сизларга жўнатаяпман. Чунки, бу воқеага ўзим гувоҳ бўлганман. Ҳоким мажлисда ниманидир ўзаро гаплашган икки нафар аёлни жуда ҳам ёмон ҳақорат қилди. Улардан бири ёши анчага бориб қолган аёл эди”, дейди мажлис қатнашчиларидан бири.

Озодликка юборилган аудиофайл қарийб икки минут давом этади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:53 0:00
Бевосита линк

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев экани айтилган шахс туман маҳалла кенгаши раисини сўроқ қилар экан, залда ўзаро гаплашиб қолган икки нафар аёлга кўзи тушади ва уларни тутоқиб ҳақорат қилишни бошлайди.

“Нима қилиб ўтирибди бу ерда, анаву иккита шакал. Кампир, анаву шакал, тварь, анаву иккита. Ҳаром, ҳором! Мана бетга келиб гаплашса булар иккита иплос, ҳайвонлар, нимани гаплашаяпти, билмийман мен, ҳайвон. Келишма бундан кегин. Раисингни ўрнига келма, ўлса жаназасига бораман” деган ҳоким бу икки аёлни залдан ҳайдаб чиқаради.

Ëзув давомидан англашилишича¸ ҳоким Дилмурод Раҳматуллаев шундан сўнг шаҳар маҳалла кенгаши раиси Равшан Йўлдошевни турғизиб қўйиб, дағдаға қилишга ўтади.

“Мен билан ишлайдиганлар, яқинда пичоғ оламан мен. Соҳама-соҳа кетаяпман мен ҳам, биттама-битта кетаяпман. Маҳаллага кетаяпман. Маҳаллани тартибга солиб оламан мен. Менга ҳам осон бўлаётгани йўқ. Икки йил шаҳарда эга бўлмагани учун, шунақа ҳаммаëғ энасиникига кириб кетган(столни кетма-кет қаттиқ муштлайди – таҳририят). Секин-секин тиклаб оламан. Ҳаммасини тиклаб жой-жойига қўйиб оламан. Ҳақиқий командани шакллантириб оламан. Ўзим бошқармаларни тартибга солиб оламан. Қолганларниям тартибга солволаман. Арғамчини узун қилиб ташлаб қўйдим маҳаллани раисларига Равшан акани бошчилигида , деган ҳоким яна мавзуни залдан чиқариб юборилган маҳалла маслаҳатчиларига қаратади.

“Ифлос, мактаб-боғчаларни опчиқмаганлиги учун гаплашаяпман¸ бу иккита ҳором, ҳором, тварь, манерда мени муҳокама қилиб ўтирипти иплос. Шшшшакал!”, дейди ҳоким Дилмурод Раҳматуллаев.

Озодлик ўз суриштируви давомида ҳоким томонидан ҳақоратланган аёллар исми-шарифини ва уларнинг маҳалла бошқарувидаги мақомини аниқлади. Озодлик мухбири билан суҳбатда шундай ҳақоратга дуч келганини тасдиқлаган бу кекса аëллардан бири¸ қуда-анда¸ маҳалла-кўй ичидаги обрўсига путур еткизмаслик учун¸ ўз шахси сир қолишини сўради.

"Биласиз¸ ўзбекчилик. Шунақа ҳақорат қипти ҳоким¸ деб гап-сўз бўлиб кетса¸ яхшимас. Оллоҳга солдим"¸ деди Озодлик гаплашган ҳақоратланган аëллардан бири.

18 ноябрь кунги йиғилишда бевосита қатнашганлардан бирининг Озодликка айтишича, бу аёллар шаҳарнинг Санъат ва Қўшариқ маҳалла раисларининг маслаҳатчилари бўлган.

“Мен мажлисда шу аёлларнинг ортида ўтирган эдим. “Санъат” маҳалласининг маслаҳатчиси, ёшроқ бир аёл ёнидаги кекса аёлдан ниманидир секин сўради ва онахон ҳам жавоб берди. Буни ҳоким эшитиб қолиб, юз-кўзинг, ёшинг, аёл демасдан қаттиқ ҳақорат қилди ва залдан ҳайдаб чиқарди. Мен бу кекса аёлни яхши танийман. Қирқ йил ўқитувчилик қилган. Қўшариқ маҳалласининг иззат-икромли аёли. Шўрлик, кўзларида ёш билан, бошини эгиб чиқиб кетди. Мен ҳам, бошқалар ҳам, унинг ҳимояси учун бир сўз айтолмадик. Чунки, ҳамма ҳокимнинг қасд олишидан қўрқиб қолган. Ҳоким ҳар бир мажлисда ёмон кўрган одамларининг фаолиятини текширтириш учун мелиса, солиқчи, прокурорни юбориш билан таҳдид қилади”, деди мажлис қатнашчиларидан бири.

18 ноябрь кунги мажлис тафсилотларидан бевосита хабардор яна бир андижонлик фаолнинг айтишича¸ шаҳар Маҳалла хайрия жамғармаси раиси Равшан Йўлдошев ҳам ҳокимнинг ушбу мажлисдаги ҳақоратларига чидай олмай, истеъфо берган.

Озодлик Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев билан боғланишга ҳаракат қилди. Шаҳар ҳокимлиги қабулхонасида ўтирган шахс ҳокимнинг иш жойида эмаслигини айтиб¸ Озодлик саволларига жавоб беришни истамади.

Исми сир қолишини сўраган ҳокимлик мулозимига кўра, ҳоким сўкинишлари ëзилган аудио Озодликда эълон қилингани ортидан мобиль телефони рақамини алмаштирган ва уни вилоят ҳокимидан бошқа ҳеч кимга бермаган.

Бундан аввал Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев коллеж ўқитувчиларини “шакал”, “тварь”, “ҳайвон”, “эшак” деб ҳақорат қилингани ҳақидаги Озодлик хабар берган эди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:27:06 0:00
Бевосита линк

Ҳоким ўтказган сўнгги мажлисларда қатнашган андижонликлардан бирининг айтишича, ҳоким Озодлик мақоласидан сўнг, сўкинишни бир муддат тўхтатган.

Андижон шаҳар ҳокими ўқитувчиларни қандай сўкади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:59 0:00

Лафзида турмаган ҳокимлар

Андижон давлат университети ва Андижон қишлоқ хўжалиги унверситетларини тугатган 43 яшар Дилмурод Раҳматуллаев 2015 йилгача вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи вазифасидан бўшатилган эди. 2017 йилда у Андижон шаҳрига ҳоким этиб тайинланди.

Жорий йилнинг июль ойида Кун.уз мухбирига берган интервьюсида Дилмурод Раҳматуллаев ўқитувчиларни ободонлаштиришга ва бошқа ишларга жалб этмасликка ваъда берган эди.

Бундай ваъдани Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳам Халқаро пресс-клубдаги учрашувда берган ва кейинчалик ўқитувчи ва шифокорларнинг дала ишларига жалб қилинишини “жиноят” деб атаган эди.

Лекин бу йилги пахта мавсумида Андижон вилояти ва туманлар ҳокимлари ўқитувчи ва шифокорларни пахта теримига мажбуран жалб қилгани ҳақида Озодлик бир неча бор хабар берган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жума куни ўтказилган селектор мажлисида қўпол муомалали ҳокимларни танқид қилган эди:

“Лекин, афсуски гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, ўз масъулиятини унутиб, оёғи ердан узилган, “мен раҳбарман, нима қилсам ҳам меники тўғри”, деган хато фикр билан ғўдайиб юрган айрим одамлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилиб қўл остидаги ходимларга қўпол муносабатда бўлаётгани, ҳақорат қилиб, ҳатто қўл кўтараётгани ҳақида бизга кўплаб маълумотлар келиб тушмоқда. Бу бизга умуман номаъқул нарса, бу иллатни йўқ қилиш керак, вақту соати ўтди, одамлар кўтармайди энди. Бундай раҳбарлар ўзининг кибру ҳавоси, бошқаларни менсимаслиги ўзбошимчалиги ва қўполлиги билан одамларни ва жамоатчиликни бирлаштириш ўрнига, аксинча жамиятимизда меҳр-оқибат муҳитини бузишга сабаб бўлаётгани бизда катта ташвиш уйғотмоқда”, деди президент.

Ҳокимларнинг зўравонлиги давом этяпти

Тошкент вилоят, Паркент туман ҳокими Неъматулла Абдуллаев 1 ноябрь куни ўтказган йиғилишда пахта теримига кам одам чиқарган раҳбарларни ҳақорат қилаётгани ёзилган 45 минутлик аудиофайл Озодлик таҳририятига келиб тушган ва ҳоким ташкилот ва корхоналар раҳбарларини, маҳалла оқсоқолларини аямай сўкар экан, 45 минут давомида 126 марта уятли сўзқўллаган эди.

Kun.uz сайти Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида август ойи охирида рўй берган воқеа акс этган видеони эълон қилган эди. Видеода "Сайхунобод туман ҳокими Носиржон Маҳмудович Эгамбердиев", деб тақдим қилинган шахс тумандаги мактабларнинг директорларини бир қаторга териб олиб, бир чеккадан калтаклагани тасвирланган.

Озодликдан: Агар сизда ҳам ҳоким ва бошқа раҳбарларнинг ўз қўл остидаги ходимларни ёки оддий одамларни ҳақорат қилгани, калтаклагани ҳақида маълумотлар, аудио ва видеолар бўлса бизга юборинг.

Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди.

XS
SM
MD
LG