Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:36

OzodMaktub: “Дух”имиз тамоман ўлиб бўлганми?


Сайхунобод ҳокими мактаб директорини уряпти
Сайхунобод ҳокими мактаб директорини уряпти

"Ҳурматли Озодлик! Мен Андижонданман. Касбим ўқитувчилик. Бу йил пахтага бормадим. "Пул бер", деди бермадим. Директоримиз кўзига ёмон кўриниб қолдим. Майли, бу ҳуқуқларим учун ўзим курашяпман. Лекин, менга алам қилгани - ҳокимларнинг муштумзўрлиги, одамларни таҳқирлагани. Кўнглимдан чиқариб ушбуларни ёздим. Чоп қилиш ёки қилмаслик ихтиёрингизда".

"Андижонлик ўқитувчи", деган имзо билан келган хат шундай бошланган ва уни эълон қилишга қарор қилдик. Хатни таҳрирсиз, муаллифнинг имло ва пунктуациясини сақлаган ҳолда бераяпмиз.

***

Сентябрь ойининг 15- кунида Сирдарё вилоят, Сайхунобод туман ҳокими мактаб директорларини ураётган видео эълон қилинди. Ушбу видео ОАВ ларида кенг тарқалди.

Соддагина ўзбегим энди Сайхунобод туман ҳокимига жиноий иш очилади, энди ҳоким онасини Учқўрғондан кўради, деб ишонди.

Лекин, ҳоким жаноблари юрибди, қилғиликни қилиб қўйиб. Уни бошлиқлари индамади, уришиб ҳам қўймади шекилли, бу ишига. Чунки бу ҳоким ҳам “мушт кетди” тизимининг бир халқаси.

Эсладингизми, Азиз Несиннинг “Мушт кетди” ҳикоясини? Энг катта бошлиқдан ҳақорат эшитган кичик бошлиқ ўринбосарини, униси ходимини, ходими автобус кондукторини... хуллас охирги зарбага бечора тили йўқ мушук рўпара келади.

Ўзбекистонда иш юритишнинг тизими ҳам шундай. Сўкиниш энг каттасидан бошланади дейишади, Ислом Каримов ҳам кабинетига раҳбарларни олиб кириб, тепарди дейишарди.

Ҳозирги "пошшо"миз ҳам ўша командадан, ўша кишининг шогирдлари. Бош вазирлик пайтида, роса ҳокимларни зир титратган. Демак, 'мушт кетди" тепадан бошланади. Катта Бош вазирни, Бош вазир вилоят ҳокимларини, улар эса туман ҳокимларини “муштлайди”.

Ҳоким бечарага ҳам қийин, ярим кечаси ухламасдан сўкиш эшитганидан кейин аламини кимдандир олиши керакми? Ҳа, балли, балога қолган маҳаллий ташкилотлар раҳбарлари, фермерлар, пахтага кам одам чиқарган маҳалла раислари.

Мана, бир ҳафта олдин, 21 ноябр куни Озодлик радиоси Андижон шаҳри ҳокими Д.Раҳматуллаевнинг коллеж ва лицей директорларини хақорат қилаётган аудиоёзувини эълон қилди.

Бай-бай-бай. Бу ҳокимнинг иккита олий маълумоти бор экан. Ўқитувчиларга раҳбар бўлган экан. Лекин, унинг сўкинишларига илон ҳам пўст ташлайди. Яна интернационал сўкиниш. Нима эмиш, тварь, блядь... Эркаклар ҳаммомда айтадиган ҳақоратлар. Эй, одам бўлмай ўла, деворгинг келади. Катта қолмайди, кичик қолмайди, баб-баравар сўкади.

Бу раҳбарларга ҳам қойил. Миқ этмай, қўлини қовуштириб, эшитиб тураверади. Бундай сўкинишларни эшитавериб, тери ҳам бегемотнинг терbсидай бўлиб кетган шекилли. Гап қайтарсам, ишсиз қоламан ёки бир камчилигимни топиб қаматиб юборади, деб қўрқади.

Ор, номус қолмаган, ҳамият қолмаган, ўзига ҳурмат қолмаган. Биттаси унга қарши чиқиб, “ҳой, ўзинг ҳайвонсан, ўзинг тварсан”, деёлмайди. Ўзингни кўтанингни суғуриб оламан, демайди. Раҳматли Ҳожибой айтмоқчи, деёлмайдиямда. Чунки, Дух ўлиб бўлган.

Мана, кеча Озодликда яна ўқиб қолдим. Андижон ҳокими онаси тенги аёлни ҳам ҳайвон, шакал, ҳаром деб, ҳақорат қилибди. Ўша залда юзлаб одам бўлган бўлиши табиий. Ҳеч ким миқ этмабди.

Шу мажлисда қатнашган бир маҳалла раиси билан гаплашдим. Нима дейди, денг? “Ҳа ҳоким урса урибдида, сўкса сўкибдида, шунинг учун ҳам у ҳоким”, дейди. Э, товба қилдим, онангни ҳақорат қилиб турса ҳам, бошингни эгиб тураверсанми, десам, э, деб қўл силтайди. Баттар бўл, дедим ичимда. Ғурурингни ҳимоя қилолмасанг, оилангни ҳам ҳимоя қилолмайсан, дедим юзига. Индамади.

Ана шундай индамасак, ҳокимлар бизни сўкаверади, тепаверади. Қуллуқ қилиб тураверамиз.

Президентнинг “бундай раҳбарлар - давлат сиёсатига қарши раҳбарлар”, деган гапидан кейин ҳам уйғонмаяпмиз. Чап юзимизга урса, ўнг юзимизни тутиб беряпмиз.

Ёки, ҳақиқатан ҳам “дух”имиз тамоман ўлиб бўлганми?

Андижонлик ўқитувчи.

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Озодлик бу мулоҳазалар учун масъул эмас.​

XS
SM
MD
LG