Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:46

Алишер Усмонов: Тошкент Ислом марказига 100 миллион доллар бердим!


Алишер Усмонов ҳам Россия¸ ҳам Ўзбекистон президентига яқин олигархлардан бири саналади.
Алишер Усмонов ҳам Россия¸ ҳам Ўзбекистон президентига яқин олигархлардан бири саналади.

20 декабрь куни Forbes журнали ўз версияси бўйича “йилнинг бизнесмени” деб топилган Россиянинг энг бадавлат одамларидан бири Алишер Усмонов билан ўтказилган интервьюни эълон қилди.

2018 йил давомида рекорд даражада бизнес келишувлари тузгани айтилган Усмонов суҳбат давомида USM Holdings компаниясини оффшор ҳудуддан¸ “Мегафон” ширкатини эса¸ Лондон биржасидан чиқаргани¸ “Арсенал”даги ўз улушини сотгани¸ Alibabа асосчиси Жек Ма билан Россияда AliExpressни йўлга қўйиш режасидан тортиб¸ ўз бойлигини кимга¸ қай шаклда қолдириш ҳақидаги саволларга жавоб беради.

Мирзиëев “ўзбек Горбачëви”ми?

Forbes мухбирининг Ўзбекистонда бўлаëтган “катта ўзгаришлар” Шавкат Мирзиëевни қайсидир сиëсатшунос айтганидек¸ “ўзбек Горбачëви” дейишга асос бўладими¸ деган мазмундаги саволига Усмонов:

- Йўқ¸ албатта. У Горбачëв эмас. Горбачëвдан фарқли унинг конкрет планлари бор. У ҳақиқий ватанпарвар ва ҳеч қачон Ўзбекистонда давлатнинг емирилишига йўл қўймайди¸ деб жавоб беради.

Шавкат Мирзиëевни дунëдаги бошқа бирор давлат раҳбари билан солиштириб бўлмаслигини таъкилаган Усмонов: “У ўзига хос. Афтидан Мирзиëев иқтисодда прогресс истаëтган янги типдаги шарқ раҳбари бўлади”¸ деб прогноз қилади.

Мирзиëев нима яхши иш қилди?

Жорий вазиятда ўзини “Ўзбекистон раҳбариятининг ëрдамчиси” сифатида кўришини таъкидлаган Алишер Усмонов Forbes мухбирининг бу саволига жавоб берар экан¸ Мирзиëевнинг бирламчи “яхши иши” қўшнилар билан чегараларни миналаштирган Каримов давридаги кескинликни юмшатиб¸ Марказий Осиëга тинчликни қайтарганидир¸ дейди.

Мирзиëев ҳам Вашингтон¸ ҳам Москва билан “тенглик асосида” дўстлашиш¸ шунингдек Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараëнида Ўзбекистонни халқаро платформага айлантиришга муваффақ бўлди¸ деган Усмонов¸ буларни ҳам унинг "яхши ишлари" рўйхатига қўшган.

У ерда (Ўзбекистонда) ўзгача фикрловчиларга нисбатан либерализация бормоқда¸ мамлакатга кириш ва чиқиш билан боғлиқ турли тақиқлар олиб ташланмоқда. Бир сўз билан айтганда¸ жамият¸ давлат ва иқтисод қайта ташкил этилмоқда”¸ дейди жумладан Усмонов бу саволга жавоб бериш давомида.

“Арсенал”ни сотиб¸ пулини Ўзбекистондаги ижтимоий лойиҳаларга ëтқиздим!

Суҳбат давомида Англия олий лигасидаги “Арсенал” футбол клуби акцияларини 150 миллион фунт стерлингга олиб¸ уларни 2018 йилда 550 миллион фунт стерлингга сотганини айтган Алишер Усмонов¸ қилинган фойдани Ўзбекистондаги ижтимоий лойиҳаларга ажратганини билдиради.

“Тошкентдаги ислом марказига аллақачон 100 миллион доллар ëтқиздим. Бундан ташқари жамғармамиз орқали Ўзбекистон қишлоқларини ривожлантиришга пул ажратаяпмиз. Ўзбекистон ҳукуматининг Жаҳон банки билан қўшма дастури бор. Бу дастур лойиҳаларидан бири қишлоқлар¸ хусусан¸ киндик қоним тўкилган Намангандаги қишлоқларни ривожлантиришдир. Биз бу лойиҳага жами 100 миллион доллар ажратамиз. Бундан ташқари спорт-инвестиция лойиҳаси бўлади¸ бу ҳам 100 миллион доллар дегани. Хуллас¸ келаси йил охиригача Ўзбекистонга умумиятла 300-400 миллион доллар пул ëтқизилади. Бу фақат ижтимоий лойиҳалардир¸ бошқасига мен пул ëтқизмайман"¸ дейди Усмонов суҳбат давомида.

Усмонов Ўзбекистондаги бизнес фаолиятини очиқламади

Forbes мухбири билан йил давомида олган йирик бизнес қарорлари ҳақида суҳбатлашар экан Алишер Усмонов¸ ўз компанияларининг Ўзбекистондаги бизнес фаолиятига ойдинлик киритмайди.

Хусусан¸ ўтган ой The Herald нашри Шотландияда асл эгасини очиқламай туриб регистрациядан ўтган Quality Trade Supplies ширкатининг Алишер Усмоновга алоқадорлиги ҳақида мақола эълон қилган эди.

Айнан Quality Trade Supplies компанияси эса қиймати 300 миллион АҚШ долларидан ошиши айтилган Тошкент металлургия заводи қурилишини олган Мирзиëев даврининг энг йирик “хорижий инвестори”дир.

Forbes билан суҳбатда Усмонов Тошкентда қурилаëтган металлургия заводи¸ Олмалиқда қурилаëтган рангли металлургия марказини тилга олиб¸ “уларга мутахассислар керак – металлурглар¸ кончилар ва биз бунда бажонидил қатнашамиз”¸ дейди; айни пайтда иккала металлургия заводи қурилишида ўз иштироки бор-йўқлигига ойдинлик киритмайди.

"Ўзбекистонда бизнес билан шуғулланасизми?" деган саволга жавобан Усмонов¸ на Россия ва на Ўзбекистонда бизнес билан шуғулланишни "истамаслиги"¸ ўзининг бундан сўнг севимли машғулотлари¸ хусусан¸ қиличбозликни ривожлантириш¸ санъат ва илм-фан соҳасида меценатлик қилиш билан шуғулланиш режасида эканини айтади.

Асли наманганлик Алишер Усмонов Россиянинг энг бадавлат одамларидан бири ҳисобланади. Forbes журналининг дунë бойлари рўйхатида 118-ўринга қўйилган Усмонов бойлиги 2018 йили 12.1 миллиард долларга тенг деб баҳоланган.

Айни пайтда¸ Усмонов Forbes журнали мезонлари бўйича дунëнинг энг нуфузли шахслари рўйхатининг 58-поғонасига қўйилган.

Усмонов ҳам Россия¸ ҳам Ўзбекистон президенти билан яқин алоқада ва ҳар иккала давлат раҳбари томонидан тақдирланиб келмоқда.

Жорий йил августида 65 ëшга тўлган Усмоновни Шавкат Мирзиëев «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирлаган бўлса¸ Владимир Путин ноябрь ойида унга III даражали "Ватан олдидаги хизматлари учун" орденини берди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG