Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:18

The Herald: Шотландияда рўйхатдан ўтган сирли ширкат бутун ўзбек иқтисодини назоратга олди


2018 йилнинг 29 август куни Шавкат Мирзиëев Алишер Усмоновни «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирлаш тўғрисида фармон чиқарди.
2018 йилнинг 29 август куни Шавкат Мирзиëев Алишер Усмоновни «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирлаш тўғрисида фармон чиқарди.

Ўз бош офиси сифатида Шотландиядаги қаровсиз дўконни кўрсатган асл эгаси махфий Quality Trade Supplies ширкати ва у таъсис қилган қатор бошқа компаниялар Ўзбекистон рамзларидан бирига айланган "Пахтакор" клуби¸ қолаверса¸ мамлакатдаги энг йирик металлургия¸ фармацевтика ва суғурта бизнесини ўз назоратига олган.

Шотландиядаги нуфузли The Herald газетаси эълон қилган навбатдаги журналистик суриштирув натижасида шундай хулосага келинган.

Суриштирувда тилга олинган ҳужжатлар “Пахтакор”ни сотиб олган “хориж” компанияси – Тошкентда рўйхатдан ўтган SFI Management Group ўзининг ягона акциядори сифатида Шотландияда регистрация қилинган бошқа бир ширкат - Quality Trade Supplies эканини кўрсатган.

Маҳаллий матбуотга кўра¸ Quality Trade Supplies эса¸ қиймати 300 миллион АҚШ долларидан ошиши айтилган Тошкент металлургия заводи қурилишини олган Мирзиëев даврининг энг йирик “хорижий инвестори”дир.

2018 йилнинг 22 август куни давлатга қарашли “Ўзбекистон 24” канали намойиш қилган “Дахлдорлик туйғуси” деб номланган махсус кўрсатувда Шотландия суриштирув журналистлари эгасини қидираëтган ширкатлар номлари тилга олинган ва уларнинг ҳаммаси бир одам – асли наманганлик Россия миллиардери Алишер Усмоновга алоқадорлиги айтилган.

Айни пайтда¸ бу кўрсатувда ўз соҳасида “улкан тажрибага эга бўлган”и иддао қилинган “хориж компания”ларининг бевосита Алишер Усмоновники экани очиқ айтилмади¸ дейилади шотландиялик журналистлар ўтказган суриштирувда.

Тошкентда рўйхатдан ўтган “хориж инвестори” “Пахтакор”ни олди...

Ўзбекистонликлар учун миллий футбол рамзига айланган “Пахтакор” футбол клуби ўтган йили “хорижий инвестор” –Ўзбекистонда рўйхатга олинган SFI Management Groupга сотилган эди. Бу компания эса¸ ҳозирга қадар на акциядорлари рўйхати ва на ўзининг нима учун “хорижий” деб аталиши ҳақида жамоатчиликка бирор изоҳ бермаган¸ дейилади The Herald газетаси 13 ноябрь куни эълон қилган навбатдаги журналистик суриштирувда.

(Айни нашр 28 октябрь куни Шотландияда рўйхатдан ўтган эгаси махфий ширкатларнинг Ўзбекистонга “хориж инвестори” деган мақом ва катта имтиëзлар билан кириб¸ иқтисоднинг сердаромад соҳаларини ўз қўлига олгани ҳақидаги журналистик суриштирувини эълон қилган эди.)

Мақолага илова қилинган расмий ҳужжат нусхасидан SFI Maganement groupнинг 2017 йил 26 январь куни Чилонзор тумани Бунëдкор шоҳкўчасидаги 42/1-уйда жойлашган МЧЖ сифатида рўйхатга олингани кўрилади.

Расмий ҳужжатда бу ширкатнинг ягона таъсисчиси сифатида Шотландиянинг Douglas шаҳарчасидаги собиқ газлама дўконини ўз бош офиси сифатида кўрсатган Quality Trade Supplies номи келтирилган.

Quality Trade Supplies (қисқартмаси QTS) эса¸ Шотландияда ëмон ном чиқарган ва Transparency International томонидан “пул ювиш механизми” сифатида баҳоланган чекланган шерикчилик компанияларидан биридир¸ дейилади мақолада.

(Эгаси сир сақланаëтган Quality Trade Suppliesга Сергели туманида 300 миллион долларлик Тошкент металлургия заводини қуриш лойиҳаси берилган – таҳр.)

"Тошкентда рўйхатга олинганига қарамай¸ “хориж инвестори” мақоми берилган SFI Management Group нафақат “Пахтакор” клуби¸ балки мамлакатдаги энг йирик металлургия комбинати, давлатнинг дори-дармон монополисти¸ бошқа металлар¸ шунингдек суғурта бизнесини “ўз ишончли бошқаруви”га олган"¸ дейилади шотландиялик мухбирлар ўтказган журналистик суриштирувда.

Сирли хориж инвестори кимлигига “Ўзбекистон 24” махсус дастури ишорат қилди

Шотландия суриштирув журналистлари Ўзбекистон иқтисодининг энг сердаромад соҳаларини назоратига олган “хориж инвестори” кимлиги ҳақидаги саволларига давлатга қарашли “Ўзбекистон 24” канали 2018 йилнинг 22 август куни намойиш қилган “Дахлдорлик туйғуси” деб номланган махсус кўрсатувдан жавоб топишган.

Бу кўрсатувда¸ Douglas ва Тошкентда рўйхатдан ўтган компаниялар асл эгаси Алишер Усмонов экани айтилмаса-да¸ номлари юқорида келтирилган ширкатларга берилган йирик иқтисодий лойиҳаларнинг “Алишер Усмонов кўмагида” амалга оширилаëтгани қайта-қайта таъкидланади.

The Herald газетаси мухбирининг SFI Maganement group ва Quality Trade Supplies ширкатларига асл эгаси кимлигига ойдинлик киритиш ҳақидаги сўрови жавобсиз қолган.

Усмонов ëлғиз эмас...

Шотландия газетасида 13 ноябрь куни босилган мақолада гап асосан Алишер Усмонов ҳақида борса-да¸ журналистик суриштирув хулосасида¸ наманганлик миллиардернинг "Ўзбекистонни қайта қуришдаги ватанпарварлик" жараëнида ëлғиз эмаслиги айтилади.

The Herald нашрига кўра¸ асли ўзбекистонлик яна бир миллиардер - Бельгияда жойлашган Фаттоҳ Шодиевнинг ҳам SFIга алоқадорлиги айтилади. Аммо Шодиевнинг газета боғланган Лондондаги намояндалари бундай алоқадорликни қатъиян рад қилган.

Усмонов ва Мирзиëев алоқалари...

Россиянинг энг бадавлат одамларидан бири¸ Путинга яқин олигарх сифатида кўриладиган Алишер Усмонов¸ Ислом Каримов даврида Ўзбекистонда деярли бизнес қилмаган.

Мирзиëев ҳокимиятга келиши билан уни "ислоҳотчи" сифатида таърифлаган Усмонов¸ ўз тарихий ватанига "чақирсалар" бориш ва сармоя ëтқизиш истагида эканини билдирган эди.

Бу баëнотдан кўп ўтмай¸ Алишер Усмонов Тошкентдаги олий сиëсий ва иқтисодий давраларда тез-тез кўрина бошлади¸ хусусан¸ Мирзиëевнинг Москвага¸ Путиннинг эса Тошкентга қилган давлат ташрифи давомида президентлар билан учрашган ишбилармонлар сафида кўзга ташланди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 29 августида Алишер Усмоновни «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фармонда айтилишича, мазкур орден Россия билан алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестицион лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш ишларига қўшган катта ҳиссаси, диний-маданий аҳамиятга эга бўлган объектларни барпо этиш борасидаги фаол иштироки учун берилган.

Алишер Усмонов жорий президент¸ Ислом Каримов даврининг 13 йиллик Бош вазири Шавкат Мирзиëев билан қудачилик алоқаларига эга.

Мирзиëев қайинопасининг қизи Диëра Алишер Усмонов укасининг ўғли¸ унинг ягона меросхўри деб кўрилган Бобур Усмоновга турмушга чиққан эди.

2013 йил 8 май куни Бобур Усмонов Тошкент марказида автоҳалокат оқибатида нобуд бўлган эди.

Бобур ва Диëра тўйи ҳақида хабар тарқатган айрим норасмий нашрлар¸ бу никоҳнинг Усмонов ва Мирзиëев¸ пул ва ҳокимият никоҳи сифатида баҳолашган эди.

XS
SM
MD
LG