Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:47

ZIMISTON-UZ: "Газ заправкалар" 22 кундан сўнг қайта очилмоқда

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

19:53 24.1.2023

Ис гази қурбонлари. Қашқадарёда эр-хотин ва уларнинг икки фарзанди нобуд бўлди

Қашқадарё вилояти Касби туманида эр-хотин ва уларнинг икки фарзанди ис газидан заҳарланиб вафот этди.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу ҳодиса 23 январь куни содир бўлган.

Расмий хабарга кўра, хонадондаги қўлбола усулда тайёрланган иситиш печидан табиий газ ёниши натижасида ис гази ҳосил бўлган. У дудбурон орқали хона ичига сизиб чиқиши оқибатида хонада ухлаб ётган оила бошлиғи 30 яшар эркак ва унинг 27 ёшли хотини ҳамда 3 ва 5 яшар болалари вафот этган.

Оиланинг ўлими юзасидан тиббий экспертиза тайинланган, Касби тумани прокуратураси эса ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб боряпти.

Аномал совуқ бошланганидан буён ис газидан ўлганларнинг аниқ сони борасида расмий маълумот йўқ. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўтган йили ис газидан 146 нафар одам вафот этганини маълум қилган.

Расмийлар ис гази билан боғлиқ ҳодисаларга фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, қўлбола ясалган печлардан фойдаланиш сабаб бўлаётганини айтишади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларни техника хавфсизлик чораларига амал қилиш ҳақида огоҳлантириб келади, аммо бу каби ҳолатларда фуқароларга товон тўлаш ёки моддий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилмаган.

20:44 24.1.2023

Ўзбекистон Россия билан газ бўйича "йўл харитаси"ни имзолади

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов (чапда) ва Россиянинг “Газпром” давлат ширкати бошқаруви раиси Алексей Миллер.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов (чапда) ва Россиянинг “Газпром” давлат ширкати бошқаруви раиси Алексей Миллер.

Ўзбекистон ҳам Россия билан газ етказиб бериш бўйича «йўл харитаси»ни имзолади.

Бу ҳақда бугун, 24 январ куни хабар қилган “Газпром” матбуот хизматига кўра, “Йўл харитаси”ни Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Россиянинг “Газпром” давлат ширкати бошқаруви раиси Алексей Миллер имзолаган. Бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Ўтган ҳафта Қозоғистон ҳам Россия билан газ бўйича “Йўл харитаси”ни имзолаган эди.

Куни кеча ўзбек матбуоти Россия рус гази учун ўзбекистонга шарт қўйгани ҳақида ёзганди.

Gazeta.uz хабарига кўра, Россия томони рус газини Ўзбекистонга Қозоғистон орқали етказиб беришни таклиф қилган. Бироқ нашр манбаларига кўра, Россия томони бунинг учун иккита шарт қўйган. Биринчиси, Ўзбекистоннинг газ-транспорт тизимини бозор нархида “Газпром”га топшириш, иккинчиси, Хитойга газ экспорти шартномасидаги Ўзбекистон ҳуқуқини ҳам Россияга топшириш бўлган.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўтган ойдаги чиқишларидан бирида буни билвосита тасдиқлаган.

Kun.uzнинг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбаларига кўра, расмий Тошкент Россия томонининг шартларини қабул қилмаган.

“Йўл харитаси” бўйича келишув шартлари маълум эмас.

13:39 30.1.2023

Eurasianet: Газ иттифоқи ўрнига "Йўл харитаси"

Москванинг Ўзбекистон ва Қозоғистон билан газ иттифоқи тузиш ғояси Марказий Осиё республикаларида қаршиликка учради, аммо Россия уларнинг ҳудуди орқали зангори олов ташиш ташаббусидан воз кечмади, деб ёзмоқда инглиз тилидаги Eurasianet нашри.

Европа рус газидан воз кечган бир шароитда янги бозорларни қидираётган Москва минтақада ўз амбицияларини амалга оширишни бошлаб юборди.

Остона ва Тошкент аввалига Россиянинг уч томонлама газ иттифоқини таъсис этиш таклифини совуқ қарши олишди. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Роман Василенко мамлакати "ўз ҳудудидан санкцияларни айланиб ўтишга йўл қўймаслиги"ни таъкидлади. Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов эса Тошкент газ эвазига сиёсий шартларни қабул қилмаслигини билдирди.

Аммо Eurasainet нашридаги мақола муаллифи Жоанна Лиллис яқинда Қозоғистон ва Ўзбекистон Россиянинг "Газпром" ширкати билан "йўл харитаси" имзолашганини хотирлатади. Унга кўра, "Газпром" Ўзбекистон ва Қозоғистон учун иккита алоҳида ҳужжат ишлаб чиққан ва ҳозирча уч томонлама газ иттифоқи ҳақида сўз бораётгани йўқ.

Мақолани тўлиқ ўқиш учун линк👇

13:42 30.1.2023

Хўжайлида солиқ идорасида портлаш. Бир киши ҳалок бўлди

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги Солиқ инспекцияси ошхонасида газ чақнаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон ИИВ матбуот хизмати маълум қилди.

Расман билдирилишича, воқеа 25 январь куни бўлиб ўтган. Газ чақнаши оқибатида бир киши воқеа жойида ҳалок бўлган. Икки киши эса тан жароҳатлари билан туман касалхонасига ётқизилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон ИИВ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ 26 январь куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги “Ал Хоразмий” кўчасидаги хонадонлардан бирида газ портлаши оқибатида бир киши тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилгани хабар қилинганди.

13 январь куни соат Наманган тумани “Наврўз” маҳалласида газ портлаб, 30 ёшли она ва 8 ёшли бола куйгани ва касалхонага ётқизилгани билдирилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG