Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:45

ZIMISTON-UZ: "Газ заправкалар" 22 кундан сўнг қайта очилмоқда

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

20:41 23.1.2023

Ниҳоят мактаб бошланди. Ўқувчиларга мактабга кўрпача билан келиш буюрилди

23 январдан мактабларда 3-чорак дарслари бошланди. Лекин ҳамма ўқувчилар ҳам мактабга боришмайди. Кимдир уйдан онлайн ўқишга мажбур.

Жорий йилда аномал совуқ сабаб таътил бир неча бор узайтирилди. Ҳукумат раҳбарларининг қишки таътил борасидаги пала-партиш қарорлари тармоқларда ота-оналар ва ўқитувчилар норозилигига сабаб бўлди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига кўра, мамлакатдаги 10 минг 104 та мактабдан 700 дан зиёдида 3-чорак онлайн шаклда давом эттирилмоқда.

Бунга ушбу мактаблардаги синф хоналарида ҳаво ҳароратини меъёр даражасида сақлаш имконияти бўлмагани сабаб бўлган. Белгиланган тарбига кўра, синф хоналарида ҳарорат +18 даража бўлиши лозим.

Бундай ҳароратни нафақат қишлоқ мактабларида ҳатто пойтахтдаги айрим мактабларда ҳам таъминлаш имкони бўлмаяпти.

«Мавжуд 335 таълим муассасасидан 278 тасида III чорак дарс машғулотлари бошланади. Аммо ҳаво ҳарорати юқорида белгиланганидан паст кўрсаткичга эга 57 та умумтаълим муассасасида узлуксиз таълим жараёнлари босқичма-босқич бошланиши режалаштирилган», дейилади Тошкент шаҳар таълим бошқармаси хабарида.

Вазирлик ҳисоб-китобича, мамлакат бўйича 9 минг 387 та мактабда вазият нормал деб топилган, ушбу мактабларда ўқувчилар дарсга чақирилган.

Бироқ тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, ўқиш бошланган мактабларнинг ҳаммасида ҳам ҳарорат мутасаддилар айтаётган даражада эмас.

Жумладан, мактаблардан бирида ўқувчиларга кўрпача билан келиш топширилганига қараганда вазият кўнгилдагидай эмас.

Ўқувчиларга кўрпача олиб келишни буюрган мактаб Бухоро вилояти Ғиждувон туманида жойлашгани айтилмоқда.

Тармоқларда бу хабар кескин танқидга сабаб бўлмоқда.

19:43 24.1.2023

Қорақум канали тошди. 10 та хонадон молхоналарини сув босди

Қорақум каналининг Марв вилояти Туркманқалъа этрапи ҳудудидан ўтувчи қисмида сув тошиб, Ничка қишлоғидаги 10 та хонадоннинг молхоналарини сув босди.

Икки ҳафтадан зиёд давом этган қаҳратонда Амударё ва Қорақум каналида муз қатлами пайдо бўлган эди. Сўнгги кунларда ҳаво исиши натижасида муз эриб, тошқин хавфи вужудга келди.

“Бу уйлар ва молхоналар каналнинг ёнгинасида жойлашган. Тошқиндан айнан неча бош чорва зарар кўрганини айтолмайман. 30 га яқин оила аёллари ва ёш болаларини бошқа этраплардаги қариндошлариникига жўнатган”, деган Ничка қишлоғи турғунларидан бири Озодлик мухбирига.

Маҳаллий аҳоли каналда муз эриши тезлашса, бутун қишлоқни сув босишидан хавотирланмоқда. Одамлар давлат ёрдам бермаётганидан шикоят қилишади. Улар қум тўлдирилган қоплардан уйлар теварагида ғовлар қуриш билан тошқиндан сақланишга уринишмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг июнида Қорақум канали тошиб, бу қишлоқдаги 60 га яқин хонадонни сув босган эди.

Ничка қишлоғига ёрдам берилмаётган бўлса ҳам, қўшни қишлоқларда маҳаллий маъмурият эҳтимолий тошқин олдини олиш чораларини кўраётгани айтилади. Мазкур ҳудудларда турли техникалар ва қўл кучи билан Қорақум канали қирғоғи мустаҳкамланмоқда. Бу ишларга қутқарув ва коммунал хизматлардан ташқари, юзлаб бюджет ходимлари ҳам жалб этилган.

Аввалроқ Озодлик Амударёнинг Лебап вилояти Дарганата этрапи ўтувчи қисмида сув кўтарилиши муносабати билан муҳтамал тошқин олдини олиш чоралари кўрилаётгани ҳақида хабар берган эди.

19:48 24.1.2023

Бош вазир Арипов “камчиликлардан хулоса қилишини” айтди

Ўтган йили кузги-қишги мавсумга тайёргарлик борасида ўнлаб мажлислар ўтказилди. Қишга тайёргарлик учун оз эмас, нақ 2 триллион сўм ёки қарийб 180 миллион доллар пул ажратилди. Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов зиммасига назоратчилик вазифаси юклатилди. Бош вазир Абдулла Ариповнинг ўзи эса ҳукумат ишчи гуруҳига бошчи бўлди.

Мирзиёев топшириғига асосан электр ва газ муаммоларини ҳал қилиш, мавжуд вазиятни юмшатиш, тезкор чоралар кўриш учун шахсан Арипов масъул бўлди. Маҳаллий матбуот бир неча марта талаб қилганига қарамай, Арипов ва Раматов 180 миллион доллар нимага сарфлангани борасида бирор марта ҳисобот беришмади. Кеча эса Арипов қишга тайёргарликдаги камчиликлардан “тўғри хулоса чиқаришини” айтди:

"Бу йилги қиш мавсумида йўл қўйилган камчиликлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, кейинги куз-қиш мавсумига тайёргарликни мутлақо янгича ёндашувда бугундан бошлашимиз керак”.

23 январь кунги селекторда жорий йилда табиий газ қазиб олиш ҳажмини 9 фоизга ошириш, энергетик ёқилғилар импорти учун олдиндан келишув қилишга ваъда қилинди.

Арипов мамлакатда совуқ ҳарорат ҳали сақланиб қолиши сабаб ўтган 15 кун давомида амалга оширилган тадбирларни янада кучайтирган ҳолда штаблар фаолиятини давом эттиришни топширди.

Гидрометеорология хизмати ҳафта давомида мамлакатнинг ксар ҳудудларига совуқ ҳаво массаси кириб келиши ва ҳаво ҳарорати айрим жойларда кечаси -5...-18 даража совуқ бўлишини билдирган.

19:51 24.1.2023

Толибан Афғонистонга электр беришни тўхтатиб қўйгани учун Ўзбекистонни танқид қилди

Кобул аномал совуқ палласида Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўхтатиб қўйгани учун Ўзбекистонни танқид қилди.

Толиблар муваққат ҳукуматида ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий Тошкентда, Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ривожлантириш фондининг очилишига бағишланган маросимда Ўзбекистон ҳукуматини ўз мамлакатига электр энергиясини икки ўртада имзоланган шартномада белгиланган ҳажмда етказиб беришга чақирди.

“Ўзбекистон ҳукумати ваъдасида туриб, Афғонистонни электр билан таъминлаши лозим. Афғонистоннинг “Брешна” энергетика ширкати билан тузилган шартномада Ўзбекистон Афғонистонга қиш мавсумида 450 мегаватт электр бериш мажбуриятини олган. Бироқ Ўзбекистон электр узатишни тўхтатиб қўйди, одамлар қийналишмоқда”, деди Муттақий.

“Брешна” ширкати раҳбари Ҳикматулло Аханзода 22 январь куни Озодлик билан суҳбатда электр энергияси етказиб беришдаги узилиш Ўзбекистондаги техник муаммолар билан боғлиқлигини айтган эди.

Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси беришни 13 январь куни маҳаллий вақт билан 16:00 да тўхтатган. Тошкент буни техник муаммолар билан изоҳлаган.

Ўтган 2022 йилда Афғонистон Ўзбекистондан 2 млрд киловатт электр энергияси сотиб олган ва бунинг учун 100 млн доллар тўлаган.

Айни пайтда Афғонистон Тожикистондан харид қилинган электрга қаноат қилишга мажбур бўлмоқда. Электр қуввати асосан йирик шаҳарларга ва ижтимоий объектларга йўналтирилади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG