Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:57

Халқаро атом энергияси агентлиги Украинада "ифлос бомба" йўқлигини тасдиқлади. Уруш хроникаси

Урушнинг 254-куни

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг босиб олинган ҳудудларидан Россия украин фуқароларини депортация қилаётганини кескин қоралади.

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) 3 ноябрда ўз экспертлари Украинадаги объектларда “ифлос бомба” изини топмагани тўғрисида баёнот берди.

Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Украина Россияга 107 нафар асирни қайтарди. Айни пайтда Москва Украинага ҳам шунча асирни қайтарган.

Оқ уй Шимолий Кореяни Россияга яширинча “сезиларли миқдордаги” артиллерия снарядларини етказиб беришда айблади.

Разведкачиларга кўра, Россия ҳарбийлари қўмондонлик уларни эскирган БТРларда жанг қилишга мажбур қилаётганидан ғазабда. Аскарлар уларни “консерва банкалари” деб аташади.

Россия томонидан аннексия қилинган Херсонда вилоят маъмурияти биносидан Россия байроғи ечиб олинган. Бунга оид фотосурат ва видеолар маҳаллий пабликларда ёйинланди, улар Россия ОАВда ҳам чоп қилинган.

Украина расмийлари Россия инфратузилма обектларига, жумладан, Запорожье АЭС станцияси электр таъминотига зарар етказганини маълум қилган.

Америкалик тарихчи Тимоти Снайдер Украинада Shahed-136 дронларидан ҳимоя тизимини яратиш учун хайрия йиғиш билан шуғулланишини билдирди.

18:48 13.9.2022

Блинкен: Украина қарши ҳужумда катта муваффақиятга эришди

12 сентябрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Украинанинг Россияга қарши контратакаси ҳақида хулоса қилишга ҳали эрта эканлигини, аммо Украина кучлари «сезиларли ютуқларга эришганини» таъкидлади.

Блинкен бу шарҳларини Мексикада туриб айтди. Котиб бу мамлакатга иқтисодий музокаралар учун борган.

Сўнгги кунларда Украина ўнлаб шаҳарни қайта қўлга киритди. Шанба куни Москва Украина шимоли-шарқидаги асосий таянч пунктини ташлаб кетди. Бу Россия учун урушнинг дастлабки кунларидан бери энг оғир мағлубиятдир.

«Украиналиклар қилган иш жуда пухта режалаштирилган ва, албатта, бунда АҚШ ва бошқа кўплаб мамлакат кўрсатган салмоқли ёрдамнинг ҳиссаси бор», - деди Блинкен.

Блинкеннинг сўзларига кўра, Украинадаги можаро ҳали давом этишини кутиш мумкин, чунки Россия ҳали ҳам кўп сонли қўшин ва қуролга эга.

Блинкен Россия тинч аҳоли ҳамда шаҳар ва қишлоқлар инфратузилмасини нишонга олишда давом этаётганини қўшимча қилди.

18:50 13.9.2022

Россия чегараси яқинидаги украин қишлоғи миналардан тозаланди

12 сентябрь куни украин миналардан тозалаш бўлинмаси Харьков шимолида Россия билан чегарадош ҳудуддаги қишлоқни портловчи моддалардан тозалаш ишлари бошланганини маълум қилди. Қишлоқни аввалроқ Украина қўшинлари қайта қўлга киритган.

Reuters агентлиги қўлга киритган видеоларда бўлинма қўлбола ёғоч таёқ ёрдамида пиёдаларга қарши мина эканлиги айтилаётган портловчи моддаларни топиб, тозалаётгани акс этган.

Полициянинг миналардан тозалаш бўлими бошлиғи Костиннинг айтишича, унинг қўлида ишлайдиган мутахассислар Россия чегарасидан етти километр узоқликдаги Уди қишлоғини пиёдаларга қарши миналардан тозалаган:

«Россия позициялари яқинида жойлашган кўплаб тузоқларини тозаладик. Ф-1 гранаталари бор экан. Шунингдек, биз кўплаб ПФМ (совет даврида ишлаб чиқилган пиёдаларга қарши миналар)ни топдик. Уларни жойида йўқ қилдик. Бу ҳудудда, мана шу қишлоқда биз бешдан ўнтагача (рус) позициясини топдик. Бу анча катта қишлоқ. Эшитишимизча, у ерда 1200 га яқин одам яшаган. Менимча, қишлоқни бутунлай тозалаш учун бир ойгача вақт кетади».

Reuters видео олинган сана ва ҳудудни мустақил равишда тасдиқлай олмаган.

Удидан қайтган аскарлар у ер ҳануз хавфсиз эмаслигини айтишди. Уларнинг сўзларига кўра, қишлоқда рус қўшинларидан қолган миналар, гранаталар ва қурол-яроғ кўп бўлиб, қишлоқ кўчаларида қаровсиз қолган жониворлар юрибди.

Украинанинг Харьков вилоятидаги ютуқлари Москва учун жиддий мағлубият бўлди. Йўқотишлар ортидан Россия Украина шарқида ўз кучларини таъминлаш учун фойдаланиб келган муҳим логистика марказларидан маҳрум бўлди.

Украина бир неча кун ичида 6 минг квадрат километрдан ортиқ ҳудудни қайтариб олганини айтмоқда. Шундай бўлса-да, Россия ҳануз мамлакатнинг бешдан бир қисмини эгаллаб турибди.

18:53 13.9.2022

Британия ҳарбий разведкаси: Россия ҳарбий салоҳияти заифлашмоқда

Украина ҚК мамлакат шарқида қарши ҳужумни давом эттирмоқда. Ҳарбийлар Купянск, Святогорск ва Изюм шаҳарларини озод қилишди, шунингдек бир қанча жойларда Россия-Украина чегарасига чиқишди.

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, қарши ҳужум давомида Харьков вилоятидан чекинган Россия қўшинларининг бир қисми Россия армиясининг энг нуфузли бўлинмаларидан бири – Ғарбий ҳарбий округнинг 1-гвардия танк армиясига мансуб бўлган.

Россияга қуролли ҳужум бўлган тақдирда айнан шу армия Москвани мудофаа қилиши ва НАТО билан уруш чиққан тақдирда қарши ҳужумга ўтиши керак бўлур эди.

Украинада эса 1-гвардия танк армияси урушнинг дастлабки босқичларида жуда оғир талафот кўрди. Украина қарши ҳужумга ўтган пайтда бўлинма ўз жанговар қобилиятини тўлиқ тиклай олмаган эди.

Ҳарбий экспертлар фикрича, буларнинг бари НАТОга қарши кураш учун мўлжалланган қўшин жиддий заифлашганини кўрсатади. Британия разведкаси бой берилган ҳарбий салоҳиятини тиклаш учун россияга йиллар керак бўлади, деб ҳисобламоқда.

18:56 13.9.2022

БМТ: Украинада 5827 нафар тинч аҳоли нобуд бўлди

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари маълумотига кўра, Россия бостириб кирган 24 февраль санасидан бери Украинада 5 827 нафар тинч фуқаро ўлган, яна 8 421 киши яраланган.

Ташкилот аниқлаштиришича, ўлганлардан 2 270 нафари эркаклар, 1 559 нафари аёллар, 153 нафари – қиз ва 187 нафари ўғил болалардир. Шунингдек, 35 нафар бола ва 1 632 катта ёшли киши жасадларининг жинси аниқланмаган.

Аксар марҳумлар катта майдонга зарба берадиган оғир қуроллар қўлланиши оқибатида ҳалок бўлганлар. БМТ ўлганлар ва жабрланганларнинг ҳақиқий сони анча кўплигини урғуламоқда.

Экспертлар айнан қанча одам жабрланганини аниқ айта олишмайди, чунки ҳарбий ҳаракатлар бўлаётган ҳудудлардаги қурбонлар сонини билиш ҳозирча имконсиз. Бундан ташқари, ҳали тасдиқланмаган маълумотлар ҳам бор.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG