Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:33
Киев вилоятидаги Ирпень шаҳри орқали эвакуация қилинаётган тинч аҳоли.
Киев вилоятидаги Ирпень шаҳри орқали эвакуация қилинаётган тинч аҳоли.

Россия Украина шаҳарларини вайрон қилмоқда. Урушнинг ўн иккинчи куни

  • Россиянинг Украинага босқини давом этмоқда. БМТга кўра, Россия босқини бошланганидан бери Украинани тарк этганлар сони 1 миллиондан ошган.
  • БМТга аъзо 193 давлатдан 141 таси Россиянинг Украинага босқини қораланган резолюцияни қўллаб овоз берди. Ўзбекистон овоз беришда қатнашмаган.
  • Сингапур Россия банкларига қарши санкциялар киритди ва икки томонлама маҳсулотларни экспорт қилишни тақиқлади.
    Samsung Россияга маиший техника,телефонлар ва чиплар етказиб беришни тўхтатди.
    "Роскомнадзор" Facebook ва Тwitterни блоклади.
  • АҚШ, ЕИ, Буюк Британия ва бошқа кўплаб мамлакатлар Москвага қарши янги-янги иқтисодий санкцияларни жорий қилмоқда. Европа рус учоқларига осмонини ёпди, Туркия эса Босфор бўғозини Россия ҳарбий кемалари учун ёпиб қўйди.​
  • Германия Европа Иттифоқи санкцияларига тушган асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг 156 метрли яхтасини ҳибс қилди.​
  • 38 давлат Украинадаги эҳтимолий уруш жиноятларини тергов қилишни сўраб Ҳаагадаги Халқаро жиноят судига мурожаат қилган.

Ҳаага суди Россия армиясининг Украинадаги жиноятлари юзасидан тергов ўтказмоқчи

Ҳаагадаги Жиноят ишлари бўйича халқаро суд прокурори Карим Хон Украинадаги муҳтамал ҳарбий жиноятлар ҳамда инсонийликка қарши жиноятлар бўйича тергов бошлашини маълум қилди. Британиялик ҳуқуқшунос Хон ўз жамоасига гувоҳликлар йиғиш учун имкониятларни ўрганиб чиқиш бўйича топшириқ берганини қўшимча қилган.

Аввалроқ Литва Ҳаага судини Россия ва Беларуснинг Украинадаги муҳтамал ҳарбий жиноятлари юзасидан тергов бошлашга чақирган. Мамлакат бош вазири Ингрида Шимоните: “Путиннинг қилаётган иши қотилликдан бошқа нарса эмас ва мен унинг Ҳаагада судланишига умид қиламан”, дея билдирган.

Украинада Россия томонидан кассета бомбаларидан фойдаланилаётганига кўрсатувчи гувоҳликлар сони ортиб бормоқда. Бу каби қуроллар, хусусан, Харьковнинг турар-жой мавзеларини бомбардимон қилишда ишлатилган.

ЕИ вакиллари Украинани аъзоликка қабул қилиш жараёнини бошлашди

Европа Иттифоқи Украинанинг аъзоликка оид аризасини кўриб чиқиш бўйича расмий процедурани бошлади. Бу ҳақда Украинанинг Европа Иттифоқидаги вакили Всеволод Ченцов Твиттердаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

“Украина президенти Владимир Зеленский томонидан имзоланган ЕИга аъзолик бўйича аризани Европа Иттифоқи кенгашида раислик қилаётган Франциянинг доимий вакили Филипп Леглиз-Костага топширдим. Ариза рўйхатга олинди. Кўриб чиқиш процедураси бошланди”, деб ёзган Всеволод Ченцов.

Тўпга тутилган Ахтиркада 70 нафар украиналик ҳарбий нобуд бўлди

Украинанинг Суми вилояти Ахтирка шаҳридаги ҳарбий қисмнинг Россия артиллерияси томонидан нишонга олиниши оқибатида камида 70 нафар украиналик ҳарбий ҳалок бўлган. Бу ҳақда Суми вилоят маъмурияти раҳбари Дмитрий Живицкий маълум қилди.

“Душман артиллерияси ҳарбий қисмга ўқ ёғдирди. Вайроналар остидан жасадларни олиб чиқиш давом этмоқда. У ерда шаҳар фавқулодда вазиятлар хизмати вакиллари, кўнгиллилар ишлаяпти. Ўлганлар кўп. Ҳозир қабристонда вафот этган 70 нафар украиналик жангчи учун жой тайёрланмоқда. Қурбонларимиз ҳақидаги маълумотларни ҳозирлаяпмиз. Бироқ душман ҳам қилмишига яраша жазо оляпти. Шаҳар бўйлаб россияликларнинг жасадлари жуда кўп эди, уларни йиғиштиряпмиз. Уларни Қизил хоч жамияти вакиллари уйларига олиб кетяпти”, дея маълум қилган Живицкий.

Рамзан Қодиров Украинада чеченистонлик ҳарбийлар ўлганини эътироф этди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Украинадаги жангларда чеченистонлик икки нафар ҳарбий ҳалок бўлгани, яна 6 нафари турли даражада тан жароҳати олганини маълум қилди.

“Ҳа, урушда одамлар ўлдирилади ва бу уларнинг касбий танлови эди. Бу йигитлар икки мамлакат хавфсизлиги учун жон фидо қилган қаҳрамон бўлишни танлашди. Уларга Украина тинч аҳолиси ичида талафотларни минимумга тушириш ҳақида буйруқ берилганди ва улар буйруқни бажаришди…”, деб ёзган Р. Қодиров ўз Телеграм-каналида.

Унга кўра, Росгвардиянинг Чеченистон бўйича қўшинлари энг янги техника ва аслаҳалар билан қуролланган, жисмоний жиҳатдан яхши тайёргарликдан ўтган, “ҳар қандай қийин буйруқни ҳам бажаришга шай”.

“Ва мен ортиқча такаллуфсиз янги буйруқ берилиши лозим, деб ҳисоблайман. Миллатчилар ва террорчиларни йўқ қилиш, шаҳарларни озод қилиш бўйича кенг кўламли тартибларга ўтиш лозим”, деб ёзган Рамзан Қодиров.

У Чеченистонда туғилган ва “ғоя ёки пулга алданган” украиналик ҳарбийларга “Ватандаги тинч ҳаётга қайтиш”ни таклиф қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG