Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:56

Россияда ўқиётган хорижлик талабалар мамлакатга киришга рухсат сўрамоқда


Россия олий ўқув юртлари яна масофавий таълимга ўтди
Россия олий ўқув юртлари яна масофавий таълимга ўтди

Россияда таҳсил олаётган хорижлик талабалар мамлакатга кириш ва ўқишни давом эттиришга рухсат беришни сўраб, Россия ҳукуматига очиқ хат йўллади. Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик талабалар Россия ўқув юртлари томонидан ташкил этилган масофавий таълим курслари уларнинг билим олиш ва малака оширишга бўлган эҳтиёжларини қондира олмаётганини айтишмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров сентябр бошларида бу масала “яқин орада ҳал этилиши”ни ваъда қилган эди. Аммо ўтган вақт мобайнида Россияда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ чекловлар яна кучайтирилди.

Очиқ хат

Россиянинг турли ўқув юртларида таҳсил олаётган бир гуруҳ, жумладан, ўзбекистонлик талабалар ва уларнинг ота-оналари, Россия ҳукуматидан ўқишни давом эттириш мақсадида мамлакатга киришга рухсат беришни сўраб, мурожаат қилди.

Россиянинг Коронавирусга қарши штаб раисаси Татьяна Голикова ва Ташқи ишлар вазир Сергей Лавров номига юборилган хатда масофавий таълим онлайн курслари уларнинг билим олиш даражасига салбий таъсир кўрсатаётгани айтилади.

"Бизга кундузги таълим олиш шаклини давом эттириш керак. Орамизда тиббиёт, техника ва амалий йўналишдаги талабалар таҳсил оляптики, уларнинг таълими масофавий кўринишда бўлиши мумкин эмас. Биз лабораториялар, махсус адабиёти бор кутубхоналар, амалий машғулотлар, семинарлардан фойдалана олмаяпмиз. Орамизда кимдир диплом ишлари ва диссертацияларини ҳимоя қилолмаслиги мумкин”, дейилади мурожаатномада.

Хатга Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Ироқ, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Украина ҳамда франциялик талабалар имзо қўйгани маълум қилинди.

Очиқ хатда Россиядаги айрим ўқув юртлари битта хорижлик талаба учун алоҳида онлайн машғулотларини олиб боришдан бош тортаётгани айтилади.

Ўзбекистон талабалар: Онлайн ўқишдан қониқмаяпмиз

Озодлик хатга имзо чеккан талабалар орасида ўзбекистонликлар ҳам борлигини аниқлади.

Фарғоналик 19 яшар Илҳом Санкт-Петербургдаги университелардан бирининг Юридик факультети 1-босқич талабаси. У олиб борилаётган онлайн дарслардан қониқмаётгани ҳақида гапиради.

- Ўзбекистондаги ўқув юртларига топшириб, киролмадим. Июль ойида Питерга ўқишга қирдим. Кунига 90 минутдан 4 пара дарс бўляпти. Фарғонадаман ҳозир, аммо “живой” ўқиган бошқача барибир. Сешанба-пайшанбадан ташқари ҳар куни ўқиш бўляпти. Лекин мени курсдошларим сентябр ойида тўлиқ ўқишди. Йилига 1800 доллар тўлаб қўйганман. Бошқа ўзбек талабалари 5 минг доллар йилига тўлайди - улар ҳам масофадан ўқияпти. Менга ўхшаб, Ўзбекистонда қолиб кетган талабаларимиз жуда кўп - деди Россияга киришга рухсат сўраган ўзбекистонлик талабалардан бири.

Озодлик суҳбатлашган яна бир талаба - тошкентлик Вероника Юрьева Санкт-Петербург Архитектура-қурилиш университетининг “Ландшафт архитектураси” йўналиши 2 босқичида таҳсил олмоқда.

Суҳбатдош Россияга кириш ва ўқишни университет аудиторияларида давом эттириш заруратини шундай тушунтиради:

- Мен Тошкентга 27 июнь куни оилавий сабабларга кўра келган эдим. Сентябрларда вазият яхшиланиб, чегаралар очилишига ишониб қолгандим. Талабалар ҳозирда амалиётларни ўтмоқда, оранжереяларда ишламоқда. Менинг йўналишим ижодий бўлгани сабабли уни масофадан туриб ўрганишнинг иложи йўқ. Кейин, ўқитувчиларимиз кўпи жуда кекса - онлайн тизимига яхши тушунмайди, қийналади. Масофадан туриб лойиҳалар қилиш мумкин эмас! Фақат 2 ўқитувчи билан алоқадамиз, қолганлар фақат вазифа бериш билан чекланяпти. Саволларимизга жавоб ололмасдан, орқада қолиб кетяпмиз. Мен билганлардан яна 3 киши Россияга ўқишга қайта олмаяпти. Шу сабабли мен ҳам очиқ хатга имзо чекдим, - деди Озодликка Вероника Юрьева.

Озодлик суҳбатлашган бошқа талабалар Россияга мавжуд чартер рейслар қимматлиги ёки авиачипталарни топишнинг иложи йўқлигидан ҳам шикоят қилишмоқда.

Россияда Covid чекловлари яна кучайтирилди

Очиқ хат ташаббусчилари Россия ФСБсининг Чегара хизматига расман мурожаат қилиб, қуйидаги мазмунда жавоб олганини ҳам билдиришди:

“Россия ҳукуматининг 2020 йил 16 мартдаги 635-р сонли қарорига мувофиқ, айрим тоифадаги гражданлардан ташқари хориж гражданларининг Россия Федерацияси ҳудудига кириши вақтинчалик чекланган”, дейилади жавоб хатида.

Россия ФСБсининг Чегара хизмати жавоби.
Россия ФСБсининг Чегара хизмати жавоби.

Чегарачилар жавобида бу чекловларни бекор қилиш фақат Россия ҳукумати ваколатида экани ҳам эслатилади.

Ўтган ой бошида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров чет эллик талабалар билан боғлиқ вазият яқин орада ҳал этилишини ваъда берганди.

- Хориж талабалари билан боғлиқ бу масала махсус кўриб чиқилди. Ўқишни давом эттирмоқчи бўлган талабалар масаласи бўйича Россия Ташқи ишлар ва Таълим вазирликлари ўзаро келишуви асосида аллақачон ижобий қарор қабул қилинган, деди чиқишларидан бирида Лавров.

Бироқ 27 октябрь куни Роспотребнадзор бутун Россия ҳудудида ниқоб тақиш режимини қайта тиклади. Шунингдек, соат 23:00дан 6:00гача оммавий ва томоша тадбирларига, кафе-ресторанларнинг фаолиятига тақиқ қўйилди.

Россия ҳукумати бу чекловларни мамлакатда Covid-19 билан боғлиқ вазият яна мураккаблашгани, касалланганлар сони кескин ошаётгани билан изоҳлади. Коронавирусга қарши кураш штаби 27 октябрь куни коронавирусдан ўлганлар сони бўйича “рекорд” кўрсаткичлар қайдга олинганини маълум қилди - 320 киши.

Ўзбекистон махсус ташкил этилган бирқанча чартер рейсларида юзлаб ўзбек талабаларни олиб чиққани ҳақида хабар берилганди.

2020 йил мартида Россия коронавирус инфекциясига қарши карантин чекловларини жорий қилган ва хорижликларнинг мамлакатга киришини тақиқлаб қўйган эди. Июль ойида бир нечта хорижликлар тоифасига киришга рухсат берилган.

XS
SM
MD
LG