Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:34

Ўқишини Ўзбекистонга кўчирган талабалар Ўш олийгоҳларидан ҳужжатларини олиш учун ҳафталаб навбат кутмоқда (ФОТОГАЛЕРЕЯ)


Ўш давлат универститети бош биноси атрофи ва бино ичида бир неча кундан бери талабалар навбат кутиб кун ўтказяпти.
Ўш давлат универститети бош биноси атрофи ва бино ичида бир неча кундан бери талабалар навбат кутиб кун ўтказяпти.

Ўшдаги олийгоҳларда ўқишни Ўзбекистонга кўчиргани ортидан ҳужжатларини олишга келган талабалардан иборат узундан узоқ навбатлар пайдо бўлди.

Навбатга турганлар кўплигидан талабалар орасида жанжал ва тиқилинчда бир-бирини босиб кетиш ҳолатлари юз бермоқда.

Ўзбекистонлик талабалар Ўш олийгоҳлари масъуллари ҳужжатларини қайтариш ишларини секин бажараётганидан шикоят қилмоқдалар.

Шунингдек, айрим талабалар Ўш олийгоҳлари иккинчи ярим йиллик учун контракт пулларини талаб қилаётганидан норозилик билдирмоқда.

"Бир ҳафтадан бери академик справка олиш учун сарсон бўлиб юрибман"

Пандемия муносабати билан март ойида вақтинча ёпилган ўзбек-қирғиз чегараси 2 сентябрда очилганидан сўнг ҳужжатларини олиб кетиш учун Ўшга келган ўзбекистонлик талабалар кўпайди.

Масалан, Ўш давлат универститети бош биноси атрофи ва бино ичида бир неча кундан бери талабалар навбат кутиб кун ўтказяпти.

Ўқишни Андижон қишлоқ хўжалиги институтига кўчирганини билдирган талаба йигитнинг айтишича, у фақат академик справка олиш учун бир ҳафтадан бери сарсон бўляпти:

- Бир ҳафтадан бери битта справка олиш учун юрибмиз. “Обходной”ни олгани ҳам 3-4 кун шу ерда юрдик. У ерда ҳам одам кўп, битта хонада бир кишигина ишлайди. Академик спавка қолган, ўшани олсак қолганлари тез бўлиб кетса керак,- деди ўз исмини айтишимизни истамаган андижонлик йигит.

"Ўқимаган кунларимизга ҳам контракт тўлаш талаб қилинмоқда"

Ўзини Мухлиса деб таништирган ўзбекистонлик талаба қизнинг айтишича, у ўқишни Намаган давлат универститетига кўчирган.

Аввалига унга НамДУда 6 ойлик контракт пулини шу ерга тўлаши кераклиги, унинг ҳужжатларини эса олийгоҳ ўзи олиб келиши билдирилган. Бироқ...

- Контракт пулини бу ерга биринчи олти ойлигини тўлаб чиқиб кетганмиз, бу ерда ўқимаганмиз. Энди ҳозир иккинчи олти ойликни ҳам тўла деяпти. Қолган олти ойлигини Ўзбекистонга тўлаганмиз. Икки томонга ҳам тўлашга тўғри келяпти. Нимага энди Ўзбекистон шу ҳужжатларни ўз зиммасига олмади. Биз, ўзбек фуқаролари Қирғизистонда сарсон бўлиб юрибмиз. Бу ерга келганимга уч кун бўлди. Квартира тўлаяпман, ейишим бор. Бу ерда бизни отчисления қилиши керак. Отчисления қилиш учун биз контракт тўлашимиз керак. Контрактни қирғиз пулига 19 минг чиқариб берипти. Ўзбек пулига 3 миллондан катта пул бўлади, биз қаердан тўлаймиз. Ўзбекистонга ўтаётганимизда 50 фоизини бизга тўлайсан, ҳужжатларингни ўзимиз олиб келамиз деган, ҳозир Қирғизистон ҳам Ўзбекистон ҳам бизни қийнаяпти, - дейди Мухлиса.

"Ўзбекистондан ўз вақтида сўровларимизга жавоб келмади. Шунинг учун контракт тўлаш талаб қилимоқда"

Талабалар тилга олган муаммолар билан Ўш давлат универститети раҳбариятига мурожат қилдик.

Олийгоҳнинг ривожлантириш ва инвестициялар департаменти директори Жанбўлўт Турсунбаевнинг айтишича, ўзбекистонлик талабалар ўқишини Ўзбекистонга кўчириш жараёнида Ўшдан фақат транскрипт– ярим йил ўқигани, топширган имтиҳонлари тўғрисида маълумотнома олиб кетишган.

Ҳужжатлар қайтариладиган пайтда эса пандемия бошланиб, чегаралар ёпилиб қолган.

Унга кўра, талабалар ўқишини кўчириб кетгандан сўнг, ҳужжатларини олиб кетиши керак эди. Бунинг учун Ўзбекистондаги олийгоҳлардан “Фалончи талаба бизга ўқишга қабул қилингани сабабли Ўш давлат универститети талабалар сафидан четлатиб қўйинглар”, деган сўров келиши керак.

Мана шу ҳужжат асосида ўша талаба ўқишдан четлатилади. Ўқишдан четлатилган кундан бошлаб уларнинг контракт тўловлари тўхтайди. Кўплаб Ўзбекистон олийгоҳларидан шундай сўровлар келган ва ўша талабалар ўқишдан четлатилган.

- Баъзи сўровлар бизга келмай қолган. 1 сентябрь чегара очилганидан кейин баъзи талабалар ўз қўли билан сўровни олиб келишаяпти. Ўша ҳужжатда талабанинг Ўзбекистондаги олийгоҳга қачон жойлашгани, яъни ойи ва куни қайд этилади. Биз ўша сўровдаги қайддан келиб чиққан ҳолда контракт пулларини олишни тўхтатамиз. Масалан, талаба апрель ойида ўқишини Ўзбекистонга ўтказган бўлса ва бу сана сўровда қайд этилган бўлса, демак талабадан апрель ойидан бошлаб контракт пули олинмайди. Ҳозир 2-3 минг талаба бараварига келиб қолгани учун Ўш Давлат универститетида навбатлар пайдо бўлди. Бироқ биз уларга хизмат кўрсатаётган ходимлар сонини кўпайтирдик, - деди ЎшДУнинг ривожлантириш ва инвестициялар департаменти директори Жанбўлўт Турсунбаев.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 6 февраль кунги буйруғи билан Қозоғистон¸ Қирғизистон ва Тожикистонда ўқиëтган ўн минглаб талабанинг ўз ўқишини имтҳонсиз маҳаллий ОТМга кўчиришига рухсат берилганди.

Ўшандан кейин минглаб талаба ўқишини ўз ватанига кўчиришни бошлаган. Жумладан, Ўш давлат универститетида тахсил олаётган 3,5 минг ўзбекистонлик талабанинг аксари ўқишини Ўзбекистонга кўчирган.

XS
SM
MD
LG