Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:32

Вазирлик талабаларни аудиторияларга қайтармоқчи. Талабалар қайтмоқчи эмас


 Жорий йил мартида 80 минг талаба Covid-19 сабаб уйларига жўнатилган.
Жорий йил мартида 80 минг талаба Covid-19 сабаб уйларига жўнатилган.

19 октябрь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги анъанавий таълимга қайтиш бўйича талаба ва ота-оналар ўртасида сўров бошлади.

Вазирликнинг анъанавий дарсга қайтиш режаси талабалар ва уларнинг ота-оналари норозилигига сабаб бўлмоқда.

Талабалар, агар аудиторияларга қайтилса, коронавирус юқтириш ҳолатлари кўпайишидан хавотир билдирмоқда.

Вазирлик мулозими анъанавий таълимга ўтиш режаси онлайн сўров натижасига боғлиқ эканини таъкидлади.

Талабалар олийгоҳларга қайтади!?

Талабаларни олийгоҳларга қайтариш режаси 17 октябрь куни Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев раҳбарлигида ўтган видеоселектор пайти янгради.

Йиғилишдан икки кун ўтиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Телеграмдаги саҳифаси орқали анъанавий таълимга ўтиш борасида онлайн сўров эълон қилди.

Сўров орқали талабалар ва ота-оналарининг анъанавий дарсга қайтиш борасидаги фикрлари ўрганилмоқда.

Сўров натижалари, унинг иштирокчиларига кўринмагани боис, талабаларни олийгоҳга қайтариш режаси қандай қўлланаётганини билиш имкони йўқ.

"Онлайн ўқийлик!"

Озодлик суҳбатлашган талабалар анъанавий дарсга қайтиш режасига қарши эканликларини айтишди.

Тошкентдаги олийгоҳлардан бирида ўқувчи хоразмлик Нигина анънавий таълимга пандемия тугаганидан сўнг қайтиш маъқул, деган фикрда.

"Ҳозир Тошкентга бориб, ётоқхона топиш керак. Кейин икки ой ўқиганимиздан сўнг қишки таътил бошланади. Яна оворагарчилик, яна расход. Ўзи карантин сабаб отам ишсиз қолди. Ҳозир уларнинг менга беришга ортиқча пули ҳам йўқ. Тинчгина уйда ўтириб, дарсларга онлайн қатнашганимиз маъқул. Ковид тугасин, кейин борсак яхши эди ўқишга".

Ўғли Тошкентдаги Аграр университетида ўқийдиган самарқандлик аёл эса талабалар олийгоҳларга қайтса, уларнинг коронавирус инфекциясини юқтириш эҳтимоли кўпайишидан хавотир билдирди:

“Болам ўқишига кетса, ётоқхонада бошқа болалар билан битта хонада яшайди. Ким уларнинг бир-бирига касал юқтирмаслигига кафолат беради? Шу хабарни эшитганимдан бери хавотирланяпман. Болам иккимиз Интернетга кириб, "биз қаршимиз", деб ёздик ўша сўровига. Лекин булар хоҳласа, бизнинг фикримиз кимга ҳам керак?”.

Ижтимоий тармоқларда ҳам анъанавий таълимга қайтиш режаси танқидларга сабаб бўлгани кузатилмоқда.

Жумладан, Фейсбук тармоғи фойдаланувчиси @Барногул_Санакулова талабаларни олийгоҳларга қайтариш масаласини ўз саҳифаси орқали муҳокамага қўйган:

“Илтимос реал вазиятга жиддий баҳо берилсин! Энди ёшларимиз ўртасида ўлим кўпайиши бўлсинми! Аксарият ёшларимизни оиласида жиддий моддий қийинчиликлар кузатиляпти, оилалар даромади кескин тушиб кетди пандемия сабаб, айни дамда улар учун ковид билан касалланиш ва даволаниш харажатлари "оила бюджети"га жуда оғир юк бўлиб тушиши мумкин”.

@Улугбек_Хайитов исмли Фейсбук фойдаланувчи ҳам анъанавий дарсларга қайтишга қаршилардан бири:

"Болаларимизни тажриба қуёнчасига айланишига қаршиман. Онлайн ўқитсин, ҳар бир таълим муассаси ўзининг онлайн ўқитиш платформасига эга бўлишсин ёки zoom орқали ўқитишсин, 21- асрку. Соғлиги биринчи ўринда болаларимизнинг. Вирус жиловланган бўлсаям майли эди".

Аудиторияда ўқийлик!

Тошкентдаги олийгоҳлардан бирида таҳсил олувчи бойсунлик Шаҳбоз эса тезроқ анънавий дарсларга қайтишни хоҳлайди.

“Сабаби биз тоғли ҳудудда яшаганимиз учун Интернет масаласи жуда ёмон. Онлайн дарсларнинг ҳаммасига ҳам қатнаша олмадим. Қатнашган пайтларим ҳам Интернет қотиб қолиб, дарсда тўлиқ қатнашиш имкони бўлмади. Шунинг учун тезроқ институтга борсак яхши эди. Бу кетишда мен кабилар умуман чала билим оламиз”.

@Дарья_Салтыкова исмли Фейсбук фойдаланувчиси ҳам олийгоҳларга қайтиш тарафдори:

"Ана мактаблар ҳам ўқияпти-ку, нимага ОТМлар бошламаслиги керак?"

@Atya_Ismailova эса шундай таклифни илгари суради:

"Студентларнинг ихтиёрига қўйиб бериш керак, ким хоҳласа онлайн ўқисин , ким хоҳласа анъанавий".

"Талабалар қайтарилиши сўров натижасига боғлиқ"

Тошкентдаги Тиббиёт академиясидан олинган хабарга кўра, ҳозирда ишчи гуруҳ талабаларни қайтариш масаласини ўрганмоқда.

Академиянинг Озодлик боғланган мулозими талабаларни ҳозирча тўлиқ қайтариш имконсиз эканини ва улар босқичма-босқич қайтарилишини таъкидлади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби Фарҳод Бабашевнинг айтишича, талабаларни олийгоҳларга қайтариш режаси онлайн сўров натижаларига боғлиқ.

Айни пайтда, мамлакатда мавжуд жами 125 та ОТМ талабалари масофавий таълим олмоқда.

Вазирлик хабарига кўра, март ойида 80 минг талаба вилоятларга жўнатилган ва уларни бирданига олийгоҳларга қайтариш имконсиз, чунки аксар олийгоҳлар ётоқхоналари карантин марказларига айлантирилган.

XS
SM
MD
LG