Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:58

"Любая бизнес хороша": Тошкентдаги реклама билбордларининг 60 фоизини йил охиригача ЛЕД экранга ўтказиш талаб қилинмоқда


Ҳукумат қарори билан жорий йил охирига қадар марказий кўчалардаги ҳар бир реклама қурилмаси ЛЕД экранга айланиши шарт.
Ҳукумат қарори билан жорий йил охирига қадар марказий кўчалардаги ҳар бир реклама қурилмаси ЛЕД экранга айланиши шарт.

Вазирлар Маҳкамасининг пандемия арафасида қабул қилган қарори билан мамлакатдаги ташқи реклама қурилмаларига қўйилган талаблар кескин ўзгарди.

Бундай ўзгаришлардан бирига кўра¸ 1-даражали марказий кўчалар бўйидаги реклама қурилмалари йил охирига қадар ЛЕД (Light-emitting diode – ëруғлик тарқатадиган ) экранга ўтиши шарт.

Пандемия ҳолдан тойдирган тадбиркорларга бундай экраннинг энг арзонини ўрнатиш камида 13 минг АҚШ долларига¸ ойлик электр харажати эса¸ камида 3 миллион сўмга тушади.

Тошкент ҳокимлиги белгилаган жадвалга кўра¸ биргина пойтахтнинг ўзида 100 дан ошиқ 1-даражали кўча бор ва шаҳардаги реклама билбордларининг 60 фоиздан кўпроғи ана шу кўчаларга ўрнатилган.

Янги қарорга мувофиқ¸ ташқи реклама бўйича янги талабларга мос келмайдиган кўча билбордлари ҳокимият томонидан олиб ташланади¸ харажат бу билбордни қўйган реклама агнтлигидан ундирилади¸ пули тўланган бу жойлар бошқа талабгорларга сотилади.

Вазирлар Маҳкамаси қарори

Жорий йилнинг 20 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида” 104-сонли қарор чиқарди.

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилмасдан қабул қилинган бу қарор муаллифи - Монополияга қарши курашиш қўмитаси. Қарор¸ расмий иддаога кўра¸ республика ташқи реклама бозорини тартибга солиш мақсадида қабул қилинган.

Айни пайтда¸ Ўзбекистондаги 100 дан ошиқ реклама агентлигини бирлаштирувчи Реклама саноати ассоциацияси¸ аъзоларининг Озодликка билдиришича¸ қарор лойиҳасига қарши ўз эътирозларини бир неча марта қўмита мутахассисларига билдирган.

Коронавирус пандемиясининг Ўзбекистонга кириб келгани ҳали расман тан олинмаган бир пайтда чиқарилган бу қарор¸ Озодликка боғланган тадбиркорларга кўра¸ амалда ташқи реклама бозорини йўқ қилиш ва уни монополистга “хатлаб бериш”га хизмат қилмоқда.

Бу қарор моҳиятини Озодликка тушунтирган тадбиркорга кўра¸ йўл четларидаги реклама қурилмалари реклама агентликларига тегишли.

Бу агентликлар ҳокимият билан тузилган шартномага асосан йўл четидаги жойни ижарага олади¸ бунинг учун ойлик ижара ҳақи¸ қолаверса¸ даромад солиғи тўлайди. Ўз навбатида¸ пулини тўлаган тадбиркор маҳсулот ва хизматини бу билбордларда реклама қилиб беради.

Йўл бўйларига ўрнатиладиган реклама қурилмалари учун қўйилган талабларни кескин ўзгартириш орқали¸ реклама бизнесидаги тадбиркорга кўра¸ ҳукумат бутун бизнеснинг "оëғини осмондан келтирган":

“Илгари реклама қурилмаларини Г ёки Т симон қилиб қўйишга рухсат этиларди, чунки ҳар бир жойнинг ўзгача жойлашуви бор – яққол очиқ кўринадиган жойларга Т симон қилиб қўйиларди, озгина дарахт ёки турли хил столбалар бўлса, қурилма яхши кўриниши учун Г симон қилиб қўйиларди. Энди эса янги қарорга асосан қурилмалар фақат Т симон бўлиши шарт. Яъни, бу республикадаги тахминан 50% реклама қурилмаларини Г симондан Т симонга ўзгартиришга мажбурлаяпти. Кенг тарқалган 3х6м ўлчамдаги реклама қурилмасининг ҳар бирини Г симондан Т симонга ўзгартириш ўртача 6-6,5 млн сўм маблағ талаб қилади"¸ дейди бу тадбиркор.

Зарғалдоқ ранг билан кўрсатилган бу билбордларнинг ҳаммаси йил охирига қадар улкан телеэкранга айланиши лозим.
Зарғалдоқ ранг билан кўрсатилган бу билбордларнинг ҳаммаси йил охирига қадар улкан телеэкранга айланиши лозим.

Қарорга мувофиқ киритилган яна бир янги талаб¸ барча реклама қурилмаларининг ëритгичга эга бўлиши шарт этиб белгиланганидир¸ дейди бу суҳбатдош.

«Илгари бундай шарт ихтиёрий эди. Кенг тарқалган 3х6м ўлчамдаги реклама қурилмасига электр таъминотини ўтказиш ва ёритгичларни ўрнатиш ўртача ҳар бирига 5 млн сўм маблағни талаб қилади. Бундан ташқари¸ янги қарорга асосан барча реклама қурилмаларини йўл четидан ичкарига суришга тўғри келади. Олдинлари 5 метрдан баланд қурилмаларга бундай талаб йўқ эди. Ҳар бирини суришга ўртача 1-1,5 млн сўмни гапирмасаям бўлади, аммо ичкарига сурилгандан кейин у реклама қурилмаси умуман кўринмаслиги мумкин ва унга талаб камаяди ёки йўқолади».

Озодлик суҳбатдошлари таъкидича¸ ташқи реклама учун мавжуд талабларнинг бу қадар кескин ўзгартирилиши¸ 90-95 фоиз реклама қурилмаларининг йўқ бўлишига олиб келиши мумкин.

"Бу шартларнинг бажарилиши учун қарорда 6 ой вақт берилган. 20 августдан бери туман ҳокимликлари реклама агентликларининг ҳаммасини пачкалаб судга берган. Суд бизга реклама қурилмасини ë талабга мослаб ўзгартирасан¸ ëки уларни ўз ҳисобингдан бузиб ташлайсан¸ деяпти".

Электр узилишлари кундалик ҳолга айланган мамлакатда ЛЕД экранли реклама мажбурийлаштирилмоқда

Ҳукумат қарори билан реклама бозорида қилинаëтган катта ўзгаришлардан бири катта йўл бўйларидаги билбордларнинг барчасини ЛЕД экранли қурилмага алмаштиришдир.

Йўл чеккасига қўйиладиган бу улкан телеэкранлар маҳсулот ва хизматлар рекламасига оид видеороликни тинимсиз намойиш этиб туради. Нью-Йоркнинг Times майдони¸ Лас-Вегасдаги казинолар айнан ана шундай қиммат ва юқори технологияга асосланган ЛЕД экранлари билан дунëга танилган.

Бош вазир Абдулла Арипов имзолаган 104-сонли қарорга мувофиқ Ўзбекистоннинг 1-даражали марказий кўчаларидаги реклама қурилмалари 2020 йил 31 декабрига қадар¸ 2-даражали кўчалар эса 2021 йил охирига қадар видео экранли бўлиши шарт.

Бу қарордан бир ҳафта ўтиб Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтдаги 1 ва 2-даражали кўчалар рўйхатини тузиш ҳақида 203-сонли қарор чиқарди.

Бу қарорга асосан¸ жорий йилнинг 22 июнь куни ҳокимнинг 1-ўринбосари Тошкент шаҳридаги 1- ва 2-даражали кўчаларнинг манзилли рўйхатини тузди.

Нусхаси Озодликда мавжуд бу рўйхатга кўра¸ Тошкент шаҳрида 1-даражали деб таснифланган кўчалар сони 100 дан ошиқ. Озодлик гаплашган реклама бозоридан яхши хабардор тадбиркорга кўра¸ пойтахтдаги жорий реклама қурилмаларининг қарийб 60 фоизи айнан ана шу марказий кўчалар ҳиссасига тўғри келади.

Марказий йўл бўйида кенг тарқалган 3х6 метр ўлчамдаги реклама қурилмасининг ҳар бирини LED экранга ўзгартириш ўртача 13 000-14 000 АҚШ доллари ёки 130-140 млн сўмни талаб қилади. ЛЕД экранларни ëритишга кетадиган ойлик электр нархи бунга кирмайди. Бу нарх¸ қурилманинг катталиги¸ видеороликдаги рангларнинг оч-тўқлигига қараб¸ 3 миллиондан 5 миллион сўмгача боради. Энди яхшилаб ўйлаб кўриш керак, ҳозирги пандемия даврида оддий тадбиркорда бу қарорга мос келиш учун шунча маблағ борми? Бу қарор кимнинг фойдасини кўзлаб чиқарилган? Бу қарор реклама бозори¸ айниқса¸ Тошкент бозорини 1-2 та янги “монополист” ўйинчига хатлаб беришдан бошқа мақсадга хизмат қилмайди”.

Озодлик гаплашган реклама бизнесидаги тадбиркорнинг айтишича¸ ҳозирда Тошкент шаҳрида 400 дан ошиқ агентлик юритаëтган 8000 дан ошиқ йўл четига қўйилган реклама қурилмаси бор.

"Дейлик¸ менда 40 дона шундай қурилма бор. Шунинг ҳаммасини йил охиригача ЛЕД экранга ўтказ¸ ëки қурилмаларинни бузиб ташлаб¸ жойни бўшатгин¸ деяпти. ЛЕДга ўтиш учун 1 миллион долларга яқин маблағ керак. Бунча маблағ менда ҳам¸ бошқа бизнесдошларимдаям йўқ. Бу 400 дан ошиқ реклама агентлигининг 90 фоиздан ошиғи ўлади¸ дегани"¸ дейди бу суҳбатдош.

LED экранга нисбатан эътирозлар нима?

Реклама саноати ассоциациясига кирувчи агентликлар 104-сонли қарор ижросини тўхтатишни сўраб¸ Олий Мажлисдан то президент порталигача мурожаат қилган.

Бу мурожаатида улар бутун мамлакат бўйлаб марказий кўчалардаги реклама билбордларини ЛЕД экранга кўчириш реклама агентликларини синдириши баробарида аҳоли ва атроф-муҳит саломатлиги учун зарарли эканини алоҳида таъкидлаган.

"Энг кичиги 3 метрга 6 метр бўлган ЛЕД экран эрталабки 7 дан тунги 11 гача ëниб туради. Бу¸ биринчидан йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид. Иккинчидан¸ шаҳар аҳолисига бунча катта экрандан чиқадиган катта ëруғлик зиëн беради. Уйингизнинг олдида шундай катта экран эртаю кеч ëниб¸ кўзингизга уриб туришини тасаввур қилиб кўринг! Кейин¸ бунақа экранга қанча электр кетишини бир ҳисоблаб кўриш керак. Вилоятларда ток узилиши кундалик ҳол бўлиб турса¸ бунга электр қаердан олинади? Кейин кўпинча ўчиб¸ қоп-қора бўлиб турадиган бунақа экранга ким реклама қўяди?"

Юзлаб кўчадаги юзлаб билбордни ЛЕД экранга ким ўтказади?

20 октябрь куни Озодлик Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ 1-даражали кўчаларни ЛЕД экранга ўтказиш жараëнига оид айрим саволларга жавоб топиш мақсадида Тошкентдаги етакчи реклама билбордлари ўрнатувчи компаниялар билан боғланди.

Шу турдаги ўнга яқин ширкат вакиллари билан суҳбатлардан Ўзбекистонда кўча бўйларига ЛЕД экранли видео реклама қурилмалари ўрнатиш билан асосан иккита компания шуғулланиши маълум бўлди.

Улардан биттаси¸ 2017 йил сентябрида рўйхатга олинган Uzled, иккинчиси эса¸ 2018 йил сентябрида ташкил этилган Cityled.

Uzled сайтида келтирилган маълумотга кўра¸ унинг асосий харидорлари давлатга қарашли йирик компаниялардир. Улар орасида «Ўзтемирйўлйўловчи», Республика товар-хом-aшë биржаси, «JV MAN Auto-Uzbekistan» қўшма корхонаси¸ «ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани», «Euroasia Insurance», «КАПИТАЛБАНК», Фавқулодда вазиятлар вазирлиги¸ «Ўзбекистон ҳаво йўллари” «IPOTEKA BANK» ва ЎЗСАНОАТҚУРИЛИШБАНК» бор.

Uzled компаниясининг Озодлик гаплашган ходимларидан бири¸ компаниянинг ЛЕД экранлар ўрнатиш бўйича етакчи ширкат эканини таъкидлади.

Биз Хитойдан олиб келинаëтган ЛЕД экранларни ўрнатиб берамиз. Гарантияси бир йил. Ундан кейин пулли хизмат кўрсатамиз. Ҳукумат қароридан кейин заказ кўпайган¸ ходимларимиз вилоятларга бориб¸ ЛЕД экран ўрнатиб беряпти. Бизнинг нархимиз нисбатан арзон. ЛЕД экраннинг бир квадрат метри 4 300 000 сўм. Метал конструкция¸ алюкабон бунга кирмайди. Электросеть билан шартнома қилиб¸ линия тортиб келиш ҳам реклама берувчининг бўйнида»¸ деди Uzled вакили.

Cityled – биз Артелмиз!

Ўзбекистондаги ЛЕД экран ўрнатиш бозоридаги иккинчи йирик компания Cityled бренди билан ишлайди. Бу бренд расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги рекламаларида¸ ўзининг Артел компаниясига алоқадорлиги¸ асосий харидорлари ҳам¸ айнан¸ Акфа/Артел гуруҳи таркибига кирувчи компаниялар эканини яширмайди.

Озолик билан суҳбатда бу бренд вакили¸ унинг Артелнинг таркибий қисми эканини алоҳида таъкидлади. Бу ширкат ЛЕД экраннинг бир квадрати учун белгилаган нарх 4 800 000 сўм¸ ўрнатиш харажатлари бунга кирмайди.

Озодлик ихтиëридаги ҳужжатларга кўра¸ Cityled бренди таъсисчиси "HIGH LIGHT QUALITY" қўшма корхонаси. Бу корхона акцияларининг 100 фоизлик эгаси эса¸ Сингапурда рўйхатга олинган “Singapore Syndicate Group Intemational PTE.LTD”дир.

Ўзбекистон жорий ҳокимиятидаги юқори лавозимли амалдорларнинг оффшор ҳудудларда рўйхатдан ўтган компанияларини тадқиқ қилаëтган биртаниялик профессор Кристиан Ласслетга кўра¸ айнан ана шу Сингапур синдикати яқинларгача Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Акфа/Артел корпорациясига кирувчи офшор компанияларни бирлаштирувчи механизм бўлиб келган.

Яна айни схеманинг ўзи – олигархлар тадбиркорни қўйни қўрага ҳайдагандек битта пештахта олдига мажбурлаб олиб келади. Ягона пештахта эгаси эса¸ яна ўзлари”¸ дейди Ўзбекистонда реклама қурилмаларининг ЛЕД экранга ўтказилишини шарт қилиб белгилаган ҳукумат қарорини Ласслет.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG