Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:37

Тошкентнинг ҳудуди кенгайиб бораëтган ҳокими Давлат рақобат қўмитаси биносини олди


Тошкент шаҳар ҳокимининг янги қароргоҳи - темир панжара ортидаги уч қаватли бинони Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўз ширкати учун қургани айтилади. Унинг ëнидаги Давлат рақобат қўмитаси биносини ҳам ҳокимлик ўз тасарруфига олди.
Тошкент шаҳар ҳокимининг янги қароргоҳи - темир панжара ортидаги уч қаватли бинони Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўз ширкати учун қургани айтилади. Унинг ëнидаги Давлат рақобат қўмитаси биносини ҳам ҳокимлик ўз тасарруфига олди.

18 июлдан Тошкент марказидаги Ислом Каримов кўчасида жойлашган 17 қаватли бинодаги ташкилотларни кўчириш ва бинони бўшатиш жараëни бошланди.

Ўтган ой айни кўчадаги янги қурилган уч қаватли бинога кўчишни бошлаган Тошкент шаҳар ҳокимлиги бошқаруви янги офисга тўлиқ ўрнашмай туриб¸ 90-йиллар охирида Давлат Мулк қўмитаси учун қурилган 17 қаватли қўшни бино ҳам ҳокимлик тасарруфига ўтмоқда.

Давлат рақобат қўмитаси биносида жойлашган ташкилот ва муассасалар ходимларидан айримлари Озодликка ҳуқуқий-норматив ҳужжат бўлмаган ҳолда¸ ўзларини кўчишга мажбурлашаëтганини шикоят қилди.​

Тошкентдаги энг баланд иморатлардан бўлган бу бинода¸ Озодликка маълум қилишларича¸ собиқ Давлат Мулк қўмитаси (ҳозирги номи Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси¸ қисқа шакли Давлат рақобат қўмитаси)дан ​ташқари¸ Саноатқурилиш банки минтақавий филиали¸ Сиëсий тадқиқотлар маркази каби бошқа ташкилотлар ҳам жойлашган.

Қурилиши бошланган Tashkent City қаршисида жойлашган бу бинодан чиқиш буюрилганлар¸ Тошкент янги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ўз ваколатидан фойдаланиб¸ 500 дан ошиқ одамни сарсон қилаëтганликда айбламоқда. Бу эътирозларга жавоб берган ҳоким вакили эса¸ Рақобат қўмитаси балансидаги бинонинг Тошкент шаҳар ҳокимлигига берилаëтганига Ортиқхўжаевнинг алоқаси йўқлиги¸ бундай кўчиш¸ “аҳолига қулайлик яратиш мақсадида” Вазирлар Маҳкамаси ташаббуси билан амалга ошаëтганини билдирди.

Эътироз

Ислом Каримов кўчасидаги Давлат рақобат қўмитаси биносида ишлаб келаëтган қўмита¸ банк ва марказ ходимларидан айримлари Озодликка ҳуқуқий-норматив ҳужжат бўлмаган ҳолда¸ ўзларини кўчишга мажбурлашаëтганини билдирди.

“Ҳеч кимнинг қўлида бирор ҳужжат йўқ¸ қаерга¸ нима учун кўчишимиз кераклиги ҳақида ëзма қарор ëки тушунтириш ҳам йўқ. Ўтган ой бу бинони шаҳар ҳокими оларкан¸ шунга кўчишга тайëр бўп туринглар дейишди. Кечадан мана кўчирувчилар келиб¸ пастки қаватларни бўшатишни бошлашди”¸ - деди 19 июль куни Озодликка гапирган 17 қаватлик бинодаги ташкилотлардан бири ходимаси.

Goldenpages МЧЖ кўчишни бошлаб берди¸ дейди Давлат рақобат қўмитаси биносида ишалб келган мулозим 19 июль куни.
Goldenpages МЧЖ кўчишни бошлаб берди¸ дейди Давлат рақобат қўмитаси биносида ишалб келган мулозим 19 июль куни.

Расмий манбалардан олинган маълумотга кўра¸ Тошкент шаҳар ҳокимлиги учун бўшатиб бериш сўралган бу бинода жами 560 одам ишлайди. Уларнинг 125 нафари Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ходимлари бўлса¸ қолгани қўмита тизимидаги ташкилотлар ва бошқа хусусий хўжалик юритувчи субъектлар ишчи-хизматчиларидир.

“Бу ерда жойлашган ташкилотлар солиқ тўлайди, хар йили турли жарималар ундиради, давлат мулкини сотиб давлат бюджетига катта микдорда тушум туширади. Қандайдир нотижорат ташкилотлар жойлашган бўлганда бошқа гап эди. Ҳокимият бирваракайига банк¸ турли марказлар¸ вазирлик мақомига тенглаштирилган қўмита ва бир қатор тадбиркорлик субъектларини чиқариб юбормоқда! Бу ташкилотлар қаëққа боради¸ жой топиш¸ кўчиш¸ кўчиб борилган жойда ҳамма нарсани бошқаттан ташкил этиш – буларнинг ҳаммаси маблағ¸ вақт талаб қиладику! Бу режа шунча одамни саргардон қилиш ва солиқ тўловчининг шунча пулини совуришга арзийдими?” деди давлат қўмитасининг шахси очиқланишини истамаган мулозимларидан бири.

Озодлик ҳозирча Давлат рақобат қўмитаси тасарруфида бўлиб келган 17 қаватли бинони Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига топширишга оид ҳукумат қарорини кўргани йўқ. Адлия вазирлигининг бундан ҳужжатларни тайëрлашда иштирок этадиган бошқармаси расмийлари ҳам Озодликка бундай ҳужжатни кўрмаганликларини билдирдилар.

26 апрель куни Тошкент шаҳрига ҳоким этиб тайинланган Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистон қурилиш бозоридаги йирик ишлаб чиқарувчига айланган Артел ширкати мулкдори¸ Шавкат Мирзиëев даврининг энг йирик қурилиш лойиҳаси бўлган Tashkent City дирекциясининг олдинги раҳбари.

Давлат рақобат қўмитасининг 17 қаватлик биноси айнан Tashkent City қаршисида жойлашган.

“Ортиқхўжаевнинг Артел ширкати бизнинг биномиз ëнида 4-5 йил давомида ўзига офис қурди. Бу бинога артел-акфачиларнинг кўчиб кириши кутилганда Ортиқхўжаев ҳоким бўлди ва Артел биноси баҳорда 125 миллиард сўмга сотувга қўйилди. Орада нималардир бўлдию¸ бу бино гўë беғараз равишда Тошкент ҳокимлиги балансига берилди. Ортиқхўжаев унга энди Артел хўжайини эмас¸ балки Тошкент ҳокими сифатида кўчиб кирди. Ҳали кўчиб кирмай туриб¸ Tashkent City рўпарасидаги қўшни биноларни ўзлаштиришга киришди. Агар Артелга қурилган уч қаватлик бино ҳокимликка кичиклик қилаëтган бўлса¸ City ҳудудидан жой олиб¸ қурсин¸ нима қилади шунча одамни сарсон қилиб?”деб эътироз билдирди ўз идораси кўчишга буюрилган мулозимлардан яна бири.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтган бинолар қурилиши бошланган Tashkent City рўпарасида жойлашган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтган бинолар қурилиши бошланган Tashkent City рўпарасида жойлашган.

Ҳокимлик жавоби

Озодлик Ислом Каримов кўчасидаги Давлат рақобат қўмитаси тасарруфида бўлиб келган 17 қаватли бинонинг Тошкент шаҳар ҳокимлигига берилишини тақозо қилган сабаблар ва бу жараëн юзасидан билдирилаëтган эътирозларга муносабат сўраб¸ Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига боғланди.

Хизмат мулозими бу ташаббусга шаҳар янги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг умуман алоқаси йўқлиги¸ таклифнинг республика раҳбарияти томонидан берилганини таъкидлади.

“Тўғри¸ 17 қаватли бино бизга берилди. Биринчи қаватга Тошкенттуризм¸ Халқ қабулхонаси кеча ва бугун кўчиб кираяпти. Фармойиш бор-йўқлигини билмайман¸ аммо бизга кўчиш топшириғи берилди – бино Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтди. Давлат қўмитаси эски ҳокимиятга кўчади. Ҳокимнинг бу ташаббусларга алоқаси йўқ”¸ деди ҳокимнинг матбуот вакили.

Бу расмийнинг таъкидлашича¸ шаҳар марказидаги энг катта ва баланд бинолардан бирини олиш¸ шаҳар ҳокимлигининг ҳар хил ҳудудда жойлашган идораларини бир жойга тўплаш эҳтиëжидан келиб чиққан.

“Иссиқ сув¸ совуқ сув¸Тошкенттуризм¸ Халқ қабулхонаси буларнинг ҳаммаси ҳар қаерда эди. Энди шулар битта жойда жамланади. Бу ерга ҳали Кадастр келади¸ Архитектура бошқармаси келади. Одамларгаям¸ ходимларимизгаям яхши бўлади. Ҳамма папка кўтариб ҳар тарафга югуриб юрмайди¸ битта жойда ҳамма ишини битириб кетади. Мақсад шу!”¸ деди Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати расмийси.

Бу суҳбатдошга кўра¸ ҳозирда шаҳар ҳокимлиги аппаратини кенгайтириш таклифи ҳам берилган ва бу таклиф ижроси ҳам ҳокимликка катта бино берилишини тақозо қилади.

Айни пайтда ҳокимлик расмийси¸ ҳозирда ҳокимлик бошқаруви¸ марказий аппарати ва ҳокимликка қарашли турли тизимларда жами қанча одам ишлаши ва улар сонини қанчага ошириш таклиф этилганига оид аниқ рақамлардан бехабарлигини билдирди.

Озодлик ихтиëрида давлат қўмитаси биносида ишлаб келган 600 га яқин давлат ва хусусий ширкат ишчи-хизматчиларининг қаерга кўчишига оид аниқ маълумот ҳозирча йўқ.

XS
SM
MD
LG