Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:41

Янги йилдан бошлаб якка тадбиркорга пластик дераза ясаш тақиқланади


Эшик ром сотадиган ширкат
Эшик ром сотадиган ширкат

Ўзбекистон вазирлар маҳкамасининг 22 октябрда чиқарган 850-сон қарорига кўра¸ 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб якка тадбиркорларга пластмассадан бўлган деразaлар ясаб сотиш тақиқланади.

Шунингдек, якка тадбиркорларга цемент¸ шифер каби қурилиш материалларини сотиш ҳам тақиқланади.

Лицензия олмасдан якка тадбиркор мақомида ишлаëтган новвойларга оби-нон ва патир ëпиш рухсатигина қолдирилган.

Озодлик суҳбатлашган новвойларнинг айтишича¸ уларга буханка шаклидаги нонни лицензия олмасдан ишлаб чиқариши мумкин эмас.

Пластик дераза ром ясаб тирикчилик қилиб келган тадбиркорларнинг айтишича¸ алюминий профилдан ром, дераза ва эшиклар ясаш билан шуғулланадиган "Акфа" (Akfa) ширкати соҳани монополия қилиб олган.

"Акфа" ширкатига жорий йилнинг апрель ойидан буён Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажариб келаётган сенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаев эгалик қилади.

"Акфачилар" касод бўлади

Озодлик Тошкентнинг Учтепа туманида алюминий профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш билан якка тартибда шуғуланадиган Муроджон Ибрагимов билан суҳбатлашди

36 яшар бу тадбиркорнинг айтишича¸ январь ойидан кейин унга фақат ëғочдан дераза ром ясаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган:

- Душанба куни солиқдан келиб қоғоз ташлаб кетди. Икки ой ичида алюминий ëки пластик профилдан стеклопакет ясашни тўхтатишим керак экан. Ëғочдан ясашга тақиқ йўқлигини тушунтиришди, дейди Муроджон Ибрагимов.

Унинг айтишича¸ корхонасидаги бутун ишлаб чиқариш линияси фақат пластик ва алюмийдан дераза-ром ишлаб чиқаришга мослашган:

- Дурадгор деб якка тартибда қайддан ўтган бўлсам ҳам, бутун станокларим акфачиликка (халқ орасида пластик ром ясаш соҳасига қўйилган ном - таҳр.) мослашган. Агар акфачилик билан фақат "Акфа" фирмасини ўзигина шуғулланса, ишим касод бўлади¸ дейди тошкентлик дурадгор.

Сувонқул "акфачи" россияга кетадими?

Самарқанднинг Хатирчи туманида дераза ром ясаш билан шуғулланадиган ва ўзини Сувонқул "акфачи" деб таништирган устанинг айтишича¸ 850-сон қарор ортидан биргина туманнинг ўзида ўндан зиëд оила даромадсиз қолади:

- Биз фақат акфачилик билан шуғулланиб келганмиз. Бошқа ишга билим ва тажриба йўқ. Соҳа фақат фирмаларга ўтадиган бўлса, қийналиб қоламиз. Бола-чақани шу ерда қолдириб Россияга ишлашга кетамиз, дейди хатирчилик хусусий тадбиркор.

Озодлик суҳбатлашган яна бир андижонлик тадбиркорнинг айтишича¸ бу қарор оқибатида Андижон шаҳар марказидаги 100 дан зиëд акфачи уста ишсиз қолади.

Монополия-ми?

Озодлик суҳбатлашган барча “акфачи усталар” 22 октябрь куни қабул қилинган қарор ортида АКФА¸ "Artel", "Imzo" корхоналари муассиси¸ Тошкент шаҳар ҳокими ва сенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаев турганлигига ишонишади.

Озодлик 31 октябрь куни суҳбатлашган Ўзбекистон давлат солиқ қўмитаси мулозими соҳа монополия қилинганини рад этди.

"Алюминий профилдан дераза ром ясаш монополия қилинди, деган гап - нотўғри. 850-сон қарорга кўра¸ бу иш билан юридик фирмалар шуғулланади. Фирма эмас, фирмалар. Ўша сизга шикоят қилган якка тадбиркорлар фирма очиб акфачилик билан шуғулланаверади"¸ дейди мулозим.

Унинг яна айтишича¸ бу қарор ортидан йўл давлатга солиқ тушуми ортади.

Айрон сотишга яшил чироқ¸ цемент сотишга тақиқ

Солиқ қўмитаси мулозимига кўра бу қарорнинг яхши тарафи кўп:

- Сиз қарорни фақат тақиқ қисмини ўқибсиз. 8 фаолият тақиқланди. Цемент¸ бензин сотиш¸ автомойка юритиш ва акфачиликка изн йўқ. Аммо якка тадбиркорга 84 турда фаолият қилишга изн берилди. Гўза ва айрон сотиш масалан - дейди мулозим.

Вазирлар маҳкамаси томонидан 22 октябрь куни қабул қилинган қарорга кўра, Ўзбекистондаги якка тартибда тадбиркорлик қилувчилар шу вақтгача имтиёз сифатида талқин қилинган бир неча ҳуқуқлардан маҳрум бўлади.

Иккинчидан, товарларни импорт қилиш ва кейинчалик уларни сотишга чеклов киритилди.

Хусусий тадбиркорлар олиб кираётган товарларнинг нархи бир ойда 5000 АҚШ доллардан ошмаслиги керак.

Учинчидан, алюминий профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш, автотранспорт воситаларини ювиш, салон тозалаш ва пишлоқдан маҳсулотлар тайёрлаш ва сотиш тақиқланади.

Бу фаолиятларни амалга ошириш учун тадбиркор юридик шахс бўлиш талаби қўйилмоқда.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов имзолаган бу қарорда тақиқлар нима сабабдан жорий қилаётганига изоҳ берилмаган.

XS
SM
MD
LG