Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:51

Муҳаммадали Абдуқундузовнинг Инжилга овоз беришдан воз кечиш қарори тармоқларда турлича қаршиланди


Халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов
Халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов

Ўзбек миллий академик драма театрининг таниқли актëри Муҳаммадали Абдуқундузов 15 октябрь куни Facebook саҳифасида Инжил китоби аудио вариантига овоз беришни тўхтатганини эълон қилди.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти¸Халқаро Бобур мукофоти совриндори бўлган Абдуқундузовнинг ушбу қарори ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама мавзусига айланди.

Таниқли санъаткор ва арбоб ўтган ҳафта кўзи ожизлар учун насронийлар муқаддас китобини овозлантириш лойиҳасини бошлаганини билдирган эди.

Ушбу хабар ортидан Абдуқундузов ижтимоий тармоқларда диндорларнинг кескин танқид ва таҳдидлари остида қолди.

Консерватив диндорлар Абдуқундузовнинг Инжил аудиокитобини ўқишни тўхтатганини "хатосини англаб етиш"¸ "тўғри йўлга қайтиш" деб олқишлаëтган бўлса¸дунëвий давлат тарафдорлари буни «радикалларнинг яна бир тантанаси» сифатида талқин қилмоқда.

Тазарру?

Ўзбекистонликлар орасида Бобур¸ Қодирий¸ Чўлпон каби атоқли сиймоларни гавдалантирган роллари орқали танилган актëр Муҳаммадали Абдуқундузов 15 октябрь тунида ëзган Facebook постида насронийларнинг муқаддас китоби - Инжилни аудио китоб учун ўқиш лойиҳасидан воз кечганини билдирди.

Маълумингизким, янги лойиҳа устида иш жараёнлари бошланган эди. Ушбу жараённи ёритиш мақсадида изоҳли расм қолдирилганди. Аммо авваламбор, бу иш, исломий жиҳатдан куфр саналгани, муқаддас динимизда ушбу лойиҳа учун рухсат йўқлиги ва мухлисларнинг фикрларини инобатга олиб, ушбу лойиҳадаги иштирокимни тўхтатганимни расман эълон қилмоқчиман!”¸ деб ëзди Абдуқундузов.

Актëр ўтган ҳафта Facebook саҳифасида “кўзи ожизлар учун муқаддас китоб-Библияни аудиолаштириш жараëни”дан айрим суратларни қўйган эди.

Оллоҳ таоло томонидан нозил бўлган ва айтилган оятларни камина ходимингиз Муҳаммадали Абдуқундузов ўқийди!!!”, дейилган эди бу постда.

15 октябрга келиб ўчирилган бу пост ўзбек сегментида айрим фойдаланувчиларнинг қаттиқ танқид ва ҳужумларига учради.

Ижтимоий тармоқдаги шарҳларда таниқли актëрни "муртад"га чиқаришга уринганлар ва “бундай санъаткорларга жаноза ўқимаслик” каби кескин таклифларни илгари сурганлар бўлди.

15 октябрь кунги постида актëр бундайларни “тилига эрк берганлар” деб атади ва “диний муомала маданиятини унутганларга Яратгандан инсоф сўраш”ини ëзди.

“Менинг мухлисим шу халқ..."

16 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда Муҳаммадали Абдуқундузов Инжилни овозлантириш ҳақидаги постининг бу қадар “шов-шувга” сабаб бўлганидан ўзи ҳам таажжубга тушганини яширмади.

Айни пайтда 68 яшар актëр Инжил лойиҳасидан 46 йиллик ижоди давомида орттирган "мухлисларини йўқотмаслик учун" воз кечганини билдирди.

- Мен Конфуцийнинг кўпчилик билан маслаҳатлаш¸ камчилик билан фикрлаш¸ аммо қарорни ўзинг бер¸ деган гапига амал қиламан. Бу лойиҳа мухлисларимнинг каттагина қисмини ранжитишини истамадим. 46 йиллик ҳалол меҳнат билан топган имижимни бир кунда йўқотишни истамадим. Маслаҳат¸ тавсиялар бўлди¸ кўпчиликнинг фикрига қулоқ солишга қарор қилдим. Шунинг учун Инжилни ўқишни тўхтатдим¸ - деди таниқли санъаткор.

Муҳаммадали Абдуқундузов ўзининг садоқатли мухлисларида “қизғаниш” кучли экани¸ улар Бобур Мирзо сиймосига айланган актëрни "бошқа ролларда кўриш ва эшитишни истамаслиги"ни қўшимча қилди.

- Менинг санъатдаги биринчи йирик ролим видеофильмдаги Бобур Мирзо образи эди. Мана, 30 йилдан бери мени аксар мухлисларим Бобур Мирзо сиймоси деб билишади ва бошқа рол ўйнашимни исташмайди. Қизғанишади. Шунинг учун ҳар сафар рол олишдан олдин мухлисларим ҳафсаласини пир қилмасликни ўйлайман¸ асосан¸ тарихимиздаги ижобий қаҳрамонларни оламан.

Икки қутбга бўлинган мухлислар

Муҳаммадали Абдуқундузовнинг Инжилни овозлантириш лойиҳасидан воз кечгани унинг мухлислари томонидан икки хил қарши олинди.

Консерватив диндор қатлам¸ актëрни “тириклигида тўғри йўлга қайтгани” билан олқишламоқда.

Раҳмат сизга устоз, мўмин кишига айбини тан олгани учун ҳам ажр ёзилади. Сизга бўлган ҳурматимиз янада ошди. Бобур Мирзо сиймоси деганда доим сизни ҳурмат билан эслаймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган булсин!”, деб ëзди актëр мухлисларидан бири.

Айни пайтда¸ айрим радикал қарашдаги мусулмонлар актëрнинг бу “пушаймони” самимийлигини савол остига олди.

Агар муртад бўлиб улгурган бўлсангиз бу гапларингиз қайтишга ўтмайди, уламолар билан маслахатлашинг. Гапингизда узил кесил пушаймонлик йўқ”¸деб ëзди Facebook юзерларидан бири.

Ўзбекистон дунëвий давлат эканини эслатаëтган либерал қатлам эса¸ таниқли актëрнинг Инжилни овозлантиришдан воз кечганига “бекор қилибсиз” қабилида муносабат билдирмоқда.

Дунёвий жамиятда ҳеч кимсанинг актёрга эътироз билдиришга ҳаққи йўқ. У касби орқасидан пул ишлаяпти, холос. Бу унинг ҳуқуқи”¸ деб ëзди шарҳ қолдирганлардан бири.

Сиз тарафдан жуда мантиқсиз ҳаракат бўлибти. Ўзбекистон дунёвий давлат, бу ерда христиан динига эътиқод қиладиган кўзи ожизлар бўлиши мумкин. Нимага улар давлат тилида, ўзларининг диний китобларини эшитишдан маҳрум бўлиши керак? Сизнинг диний қарашингизнинг дубляж ишига қандай дахли бор? Умуман тушунмадим... Сизни “эски мактаб”ни кўрган маҳоратли артист сифатида қабул қилиб, чуқур ҳурмат қилар эдим. Энди эса, кўз олдимда диний қарашлар манипулациясига енгилтаклик билан берилувчан бир примитив шахс бўлиб қолдингиз мен учун. Эссиз ”, деб ëзди мухлис.

Санъат – дунëвий ва диний қадриятлар тўқнашуви саҳнасига айланмоқда

Ўзбекистон конституциясининг 31-моддасида:

- Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди¸ деб ëзилган.

Таҳлилчилар сўнгги йилларда дин давлатдан ажратилган Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий, айниқса¸маданий ҳаëтига диний нуқтаи назардан келиб чиқиб баҳо бериш тенденциясининг кучайиб бораëтганига эътибор қаратмоқда.

Ҳукуматнинг бу жараëнга оид хавотирлари¸ уни тўхтатиш учун режалаган ҳаракатлар дастури Озодлик чоп қилган президент махфий қарори ва унга илова этилган "Йўл харитаси"да акс этган эди.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келиб¸ диний эркинлик борасидаги сиёсат бир қадар юмшаши ортидан ижтимоий тармоқ ва маҳаллий матбуотда¸айниқса¸ санъаткорларни Исломга амал қилмагани учун қоралаш¸ виртуал сазойи қилиш кампанияси тез-тез бўй кўрсата бошлади.

Ижтимоий фикрдаги бундай босим ортидан айрим сериаллар намойиши тўхтатилди¸ бошқа баъзи кино ва сериаллардан ўпишиш ëки “аврати очилди” деб кўрилган саҳналар қайчиланди.

Хусусан¸ диний руҳдаги маҳаллий нашрларда “ZO”R- TV” каналида намойиш қилинган “Севги изтироби” фильмини туркчадан ўзбекчага дубляж қилган актёрлар гуруҳи таҳдид нишони бўлган¸ уларнинг иши “ҳаромлиги”¸ уларнинг “боласига ҳаром луқма едиргани” ҳақида ëзилиб, актёрларни сазойи қилишга чақирилган эди.

Сериалларга овоз бераётган актёрлар маҳаллий нашрлар томонидан “миллатнинг ашаддий хоинлари ва мунофиқ”қа чиқарилиши ортидан айрим санъаткорлар дубляжда овоз беришни тўхтатганини билдирган эди.

Бу кетишда санъатни йиғиштириб, ғишт ташийман. Ё Алишер Навоий, ё Шукур Бурхонов даврида ёки бир неча асрдан кейин туғилишим керак эди...”¸ деган эди турк сериалини ўзбекчалаштиргани учун танқидга учраган актëр Алишер Узоқов.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG