Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:24

“Жаслиқ”нинг собиқ маҳкуми давлатдан 60 миллион сўм товон пули ундирди - у ҳукмдан норози


Чўян Маматқулов, Қарши, 2018 йил, ноябрь (Human Rights Watch)
Чўян Маматқулов, Қарши, 2018 йил, ноябрь (Human Rights Watch)

Ўзбекистон маҳкамаси мамлакат суд тизими тарихида илк бор сиёсий айблар билан қамалган шахснинг давлатдан моддий ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъвосини қисман қондирган.

9 октябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди қийноқлар билан ном чиқарган “Жаслиқ” қамоқхонасининг собиқ маҳкуми Чўян Маматқулов фойдасига 60 миллион сўм миқдорида моддий ва маънавий зарар тўлаш ҳақида ажрим чиқарди.

Собиқ сиёсий маҳкум адолатсиз судлов ва қийноқлар натижасида ўзига етказилган зарарни қоплаш учун 500 миллион сўм миқдорида товон пули талаб қилган эди.

Бу ҳақда “Озодлик”ка хабар берган Чўян Маматқулов судья Олломурод Суюнов раислик қилган маҳкама ажримидан норози экани ва юқори инстанция судларига мурожаат қилишини таъкидлади.

"Пандемия боис давлат ғазнаси қашшоқлашган"

“Ноқонуний суд ҳукми билан 878 кун қамоқда бўлганим ва сўнг оқланганим боис шу йилнинг 12 августида Қашқадарё судига 500 миллион сўмлик моддий ва маънавий зарар кўрганим борасида даъво аризаси киритгандим. Суд эса бу сумманинг 60 миллионини тўлаш ҳақида қарор чиқарди”.

Маматқуловнинг сўзларига кўра, товон пулининг камлиги пандемия боис “давлат ғазнаси қашшоқлашиб қолгани” билан изоҳланган.

“Вилоят Молия бошқармаси вакилига кўра, гўё пандемия туфайли давлат ғазнаси қашшоқлашиб қолганмиш. Юқори инстанция судларида курашни давом эттираман”, - деди ”Озодлик” билан суҳбатда Маматқулов.

"Азоб-уқубатлар"

Маҳкама жараёнида собиқ маҳкумнинг турмуш ўртоғи Дилором ҳамда қизи Юлдуз оила бошлиғи қамоқдалиги пайтида бошларига тушган қийинчиликлар, муаммо ва ташвишлар ҳақида гапириб беришган.

Қашқадарё вилоятининг Косон туманида истиқомат қилувчи Ўзбекистон қуролли кучлари собиқ зобити¸ ҳуқуқ фаоли Чўян Маматқулов фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига даъво аризаси киритганди.

Ўз аризасида 50 яшар Маматқулов умрининг 6 йилини "Жаслиқ"да азоб-уқубатда ўтказгани ортидан етказилган маънавий зиëнни қоплаш учун ўзини ноҳақ қамаган тизимлардан 500 миллион сўм товон пули ундирилишини сўраган.

2019 йил августида президент Мирзиёев "Жаслиқ" қамоқхонасини ёпиш ҳақидаги қарорни имзолаган
2019 йил августида президент Мирзиёев "Жаслиқ" қамоқхонасини ёпиш ҳақидаги қарорни имзолаган

Озодлик тасарруфида "Жаслиқ" қамоқхонасининг собиқ маҳкуми томонидан “ғайриқонуний равишда ҳукм этиш ва озодликдан маҳрум этилганлик оқибатида етказилган руҳий-маънавий азиятлар ва азоб-уқубатлар учун маънавий зарар ундириш тўғрисида даъво аризаси нусхаси мавжуд.

Ҳуқуқ фаоли ўз аризасида товон пулининг Қашқадарё вилоят прокуратураси, Қашқадарё вилоят ИИБ, Қарши шаҳар ИИБ мувофиқлаштириш бошқармаси ҳамда Қарши шаҳар Молия бўлимидан ундиришни сўраган.

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг одам ўғирлаш, конституциявий тузумга тажовуз, фирибгарлик, ҳужжатларни сохталаштириш, гиёҳвандлик сингари қатор бандлари билан жазо муддатини ўтаб чиққач, Чўян Маматқулов Қашқадарё вилоят судининг 2020 йил 18 мартдаги ажрими билан тўлиқ реаблитация қилинган.

Маматқулов 2012 йилнинг 29 августида қамоққа олинган ва Қашқадарё вилояти судининг ҳукми билан 10 йилга қамалган эди. 2018 йилнинг 25 мартида шартли равишда жазо муддати тугашидан аввал озодликка чиқарилган.

2020 йилнинг 18 мартида эса, унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши “таркибида жиноят аломатлари топилмагани учун” тўлиқ бекор қилинган.

Кўп миллионлик даъволар

Ўтган ой "Жаслиқ"нинг яна бир собиқ маҳкуми адолатсиз судлов ва қийноқлар учун давлатдан 208 миллион сўмдан кўпроқ зарар ундириб бериш талаби билан судга даъво аризаси киритган.

Жорий йил 23 сентябридаги даъво аризасида Қашқадарё вилояти Қарши туманида яшовчи 34 яшар Элёр Турсунов “Жаслиқ” қамоқхонасида 7 йил "ноқонуний қамоқ муддати ўтагани" ва қийноққа тутилганини айтган.

“Озодлик” ихтиёридаги суд ҳукми ва ажримларига кўра, 2013 йил 4 декабрида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг конституциявий тузумга тажовуз, жамоат хавфсизлигига таҳдид солиш, терроризм ва давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш сингари жиноятларда айбланиб, 17 йилга кесилган Турсунов шу йилнинг 18 мартида оқланган.

2016 йилда Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён 50 дан зиёд сиёсий маҳкумлар озодликка чиқарилган.

Улар орасида президент Мирзиёев мерос қилиб олган Ислом Каримов бошқаруви даврида қамоққа ташланган сиёсий мухолифат фаоллари, журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бор.

Ўзбекистон ҳукумати шунингдек, "диний маҳкумлар" деб аталган ва экстремизм ҳамда террорчилик айблари билан қамалган юзлаб маҳкумларни озод этган, аммо уларга расмий реабилитация, кечирим ёки товон пули таклиф қилмаган.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, собиқ сиёсий маҳкумларга нисбатан ўз вақтида адолатсиз ҳукмларни чиқарган судьялар ҳануз суд маҳкамаларига раислик қилмоқда, улардан айримлари юқори суд инстанциялари масъул лавозимларга тайинланган.

Европа Иттифоқининг хавотирлари

Собиқ сиёсий маҳкум Чўян Маматқуловга 60 миллион сўм товон пули тўлаб бериш ҳақидаги маҳкама ҳукми Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг одил судлов ҳамда инсон ҳуқуқларига доир йиғилишидан бир кун ўтиб эълон қилинган.

7-8 октябрь кунлари Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик Битими доирасида ўтган навбатдаги йиғилишда инсон ҳуқуқлари, демократия, одил судлов ва ички ишлар идоралари фаолиятига доир масалалар кўрилган.

ЕИ Ўзбекистондаги ислоҳотлар доирасида маҳкумларни озод қилиш ва "Жаслиқ" қамоқхонасининг ёпилиши каби олдинга силжишларни қайд этгани ҳолда, қатор муаммолар, жумладан, жазо муассасаларида қийноқлар ва маҳкумларга бошқа шафқатсиз муомалаларнинг сақланиб қолаётганидан ташвиш изҳор қилган.

Иттифоқ, шунингдек, собиқ маҳкумларни реабилитация қилишнинг муҳимлигини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG