Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:29

Ўқитувчилари коронавирусга тест топширган қишлоқдаги ягона мактаб қачон очилиши номаълум


Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги 58-сонли қишлоқ мактаби, 23 сентябрь, 2020
Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги 58-сонли қишлоқ мактаби, 23 сентябрь, 2020

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги 58-сонли умумтаълим мактаби ҳануз янги ўқув йилини бошламади.

Нурафшон қишлоғи болалари ўқийдиган мактаб директори Аҳмад Ашуровнинг Озодликка айтишича, мактаб ўқитувчилари 15 кундан буён COVID-19 касаллиги учун топширган тест натижасини кутяпти.

Айни пайтда директор 1998 йилдан буён таъмир кўрмаган мактаб Халқ таълими ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари биргаликда қўйган талабларга ҳам жавоб бермаслиги, шу боис қачон очилиши ҳануз номаълумлигини айтади.

Озодлик билан суҳбатда директор карантин чекловларининг мактаб, ўқувчи ва ўқитувчилар ҳаётига таъсири ҳамда қишлоқ мактабининг муаммолари ҳақида гапириб берди.

Аҳмаджон Ашуров директорлик қилаётган 58-сонли умумий ўрта таълим мактаби Ғузор туманининг Чугуртма маҳалла фуқаролар йиғинидаги (МФЙ) Нурафшон қишлоғи болалари учун мавжуд ягона мактабдир.

Ғузор туманидаги 58-сонли қишлоқ мактабининг ёш директори Аҳмад Ашуров, 23 сентябрь, 2020
Ғузор туманидаги 58-сонли қишлоқ мактабининг ёш директори Аҳмад Ашуров, 23 сентябрь, 2020

Директорга кўра, бу мактабда қишлоқнинг 271 нафар боласи ўқийди, уларга 35 ўқитувчи дарс беради.

2020/2021 ўқув йили учун мактбда жами 13 та синф очилган, ўқувчилар 1 синфдан 11 синфга қадар таҳсил олиши лозим.

Аммо, COVID-19 пандемияси боис Ўзбекистонда умумтаълим мактабларида дарслар 14 сентябрдан бошланди. Аксар мактаблар пандемия пайтида ўқувчилар ва ўқитувчилар саломатлигини сақлаш талабларига жавоб бермагани учун ҳануз ёпиқ қолмоқда.

Ашуров раҳбарлик қилаётган мактаб шулар жумласидан.

Мактабнинг синфхонаси, 23 сентябрь, 2020
Мактабнинг синфхонаси, 23 сентябрь, 2020

Унинг айтишича, 35 ўқитувчи COVID-19 га тест топширганига 15 кундан ошган, аммо ҳали ҳам натижани кутмоқда.

"20 кунга қараб кетяпти, ҳалиям натижаси чиққани йўқ. Ғузор тумани СЭСга (туман Санитария эпидемиологик осойишталик маркази - таҳр.) бориб, топшириб келишган. Кутяпмиз", дейди қишлоқ мактаби директори.

Унинг сўзларига кўра, мактаб таълим бериш талабларига умуман жавоб бермайди.

" 1998 йилдан бери таъмир кўрмаган. Мен шу йил мартда иш бошлаган бўлсам, шундан бери ҳаракат қиламан, мактаб шароитини ўнглашга, лекин ҳалиям таъмирлангани йўқ".

Ашуров 2020 йилнинг 24 мартида мактабга директор бўлгани, шундан бери мактаб аҳволини ўнглашга ҳаракат қилаётгани, туман Халқ таълими бўлими ва ҳокимияти ҳануз ваъда қилаётганини айтиб ўтди.

Ашуров 14 сентябрдан буён, қишлоқнинг 271 боласига масофавий дарс бериш жараёни бошлангани ва бу жараённинг қандай бораётганини сўзлаб берди.

Мактабнинг таъмирга ҳозирланган яна бир синфхонаси, 23 сентябрь, 2020
Мактабнинг таъмирга ҳозирланган яна бир синфхонаси, 23 сентябрь, 2020

Айтишича, мактабдаги жами 13 синфнинг ҳар бири учун, ўқитувчилари Телеграм ижтимоий тармоғида махсус гуруҳ очган.

"Ўқувчилар телевизион дарслар орқали кунлик мавзуларни ўрганяпти. Кейин Телеграм гуруҳлари орқали уйга вазифаларини ўқитувчиларига жўнатяпти. Бизни қишлоқдаги ўқувчиларни уйидаги шароитини кузатганмиз, ҳаммасида телевизор бор, телеканалларга уланган"

Лекин мактаб директорига кўра, 50 фоизга яқин ўқувчида Интернет алоқаси йўқ:

"Қишлоқ жойда Интернет алоқаси яхшимас, 50 фоизга яқин ўқувчимиз масофавий таълим билан қамраб олинмаган. Шунинг учун, мен ўқитувчиларимдан илтимос қиляпманки, уйига боринглар шунақа ўқувчиларни, деб. Улар қўлдан келганча уйма-уй юриб, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда, тушунмаган нарсаларини тушунтириб, дарс беришга ҳаракат қиляпти", - дейди директор.

Мактабнинг ишдан чиққан иситиш печи, 23 сентябрь, 2020
Мактабнинг ишдан чиққан иситиш печи, 23 сентябрь, 2020

Аҳмад Ашуровга кўра, пандемия пайтида жорий этилган масофавий таълимда болалар ўзлаштираётган таълим сифатини назорат қилиш жуда оғир бўлмоқда.

Унинг айтишича, болалар мактабда оладиган билимнинг 30 фоизини оляпти.

"Яширишнинг ҳожати йўқ. Оилаларда ишсизлик, 6 ойдан бери карантин. Болангизга Интернет олиб беринг, телефон олиб беринг, деб талаб қилишга ҳаққимиз йўқ! Қўлимиздан келгани, уйма-уй юриб бўлса ҳам, имкон қадар ўқувчилар билан ишлаш"- дейди Ғузор тумани, Нурафшон қишлоғидаги ягона мактаб директори.

Қашқадарёдаги қишлоқ мактаби директори Аҳмад Аушуров: ўқитувчилар 15 кундан бери COVID-19 тести натижасини кутяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:43 0:00
Бевосита линк

Аҳолиси 160 мингга яқин бўлган Ғузор тумани Қашқадарёнинг Туркманистонга туташ энг чекка туманларидан биридир.

Туманда жами 78 та мактаб бор, бу мактабларнинг асосий қисми қишлоқ ҳудудларида жойлашган.

Халқ таълими вазирилиги 2020/2021 ўқув йилида мамлакат бўйлаб 10 мингга яқин мактаб очилиш, булардан 76 фоизи қишлоқ ҳудудларда жойлашганини маълум қилган.

22 сентябрь кунги расмий маълумотга кўра, бу мактабларнинг 44 фоизи очилган, яъни анаъанавий ёки бир вақтнинг ўзида анаъанавий-масофавий шаклда дарс бера бошлаган. Қолган мактаблардаги ўқувчилар эса масофавий шаклда дарс олмоқда.

Расмий рақамларга кўра, 10 мингга яқин мактабда 6 миллион 200 мингдан ортиқ ўқувчи қайд этилган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG