Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:21

2 вазирлик поликлиникалар олдига бажариб бўлмайдиган вазифа қўяяпти


14 сентябрда очилиши кутилаётган умумтаълим мактабларига, қўшимча шифокор ва ҳамшираларни етказиб бериш вазифаси кўптармоқли поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларига юклатилди.

Шу кунларда Озодликка келиб тушган ҳужжатда, ўқувчилар орасида коронавирус ёйилиши олдини олиш учун, мактабларда эрталабки "COVID-19 фильтр" гуруҳлари ва изолятор хоналарини ташкил қилиш кўзда тутилган.

Халқ таълими ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлари ўринбосарлари 5 сентябрь куни имзолаган ҳужжат - "қўшма кўрсатма"га биноан, ўқувчиси 1000 нафардан оз бўлган мактабда бир ҳамшира, кўп бўлган мактабда эса бир шифокор ва бир ҳамшира кун давомида бўлиши шарт.

Маҳаллий расмийларга кўра, ҳозирги вазиятда, республикадаги қарийб 10 мингга яқин мактабнинг катта қисмида шифокор йўқ, ҳамшираларнинг аксари ярим ёки чорак ставкада ишламоқда. Ҳужжатда оилавий поликлиника шифокорларини мактабга жалб қилиш сўралган, аммо уларнинг ўзида тиббиёт ходимлари етишмаётир.

"Қўшма кўрсатма"

Шу кунларда Озодликка Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигининг “COVID-19 пандемияси шароитида умумий таълим мактабларида касалликлар профилактикаси, шу жумладан коронавирус касаллигининг олдини олиш чораларини янада такомиллаштириш борасида қўшма кўрсатма”си нусхаси келиб тушди.

Озодликка келиб тушган ҳужжат нусхаси
Озодликка келиб тушган ҳужжат нусхаси

ССВ ва ХТВнинг вазир ўринбосарлари 5 сентябрь куни имзолагани қайд этилган ҳужжатга кўра, мактабларда коронавирус тарқалиши олдини олиш учун, “мактаб шифокори, ҳамшираси, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасидан бириктирилган ҳамшира, куратор қилиб тайинланган шифокор" ишлаши лозим.

Ҳужжатда, ҳар смена бошланиши олдидан мактаблар остонасида тиббиёт ходимларидан иборат "фильтр гуруҳлари" ўқувчиларни текшириши, фильтр ва ўқиш жараёнида аниқланган беморларни ажратиб, биринчи ёрдамни кўрсатиш учун кун давомида мактабда бўлиши кўзда тутилган.

Ҳужжатда, бу тиббиёт ходимлари учун махсус хона ажратиш, уни зарур жиҳоз ва дори-дармон, ҳимоя кийимлари (комбинезон, қўлқоп, ниқоб) дезинфекцион ва антисептик воситалари билан таъминлаш вазифаси мактаблар зиммасига юкланган.

Шунингдек, аниқланган бемор ўқувчиларни алоҳидалаш ва илк тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган махсус изолятор хонасини тайёрлаш ҳам сўралган.

Шифокорлар муаммоси

Озодликка нусхаси келиб тушган ҳужжатга кўра, мактабларга шифокор ва ҳамшираларни етказиб бериш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлимларга юклатилган.

Вазирликнинг бир неча ҳудудий бўлимларидан олинган маълумотга кўра, шу пайтга қадар ўқувчи сони 2 мингдан ошган йирик шаҳар мактабларида бир шифокор ва бир ҳамшира ишлаб келмоқда. Аммо, бола сони 2 мингдан оз бўлган мактабларда шифокорлар умуман йўқ, ҳамширалар эса одатан ярим кун ишлайди.

Жумладан, Тошкент шаҳар, Сергели туман Тиббиёт бирлашмасидан олинган маълумотга кўра, эндиликда мактабда ишлайдиган тиббиёт ходимлари сонини камида икки баробарга оширишга тўғри келмоқда.

“Янги норматив бўйича 1000 нафардан ортиқ ўқувчиси бўлган мактабда битта шифокор ҳамшираси билан ишлаши керак. 2 мингдан ошса, камида бир шифокор, битта ҳамишира ва битта ёрдамчи патронаж ҳамшира бўлиши керак. Лекин, ҳозир бизда шифокор етмаяпти. Тумандаги 31 та мактабда 11 та шифокор ишлайди ҳозир. Бу мактаблардан 8 тасида бола сони 2 мингдан ошади. Қолганларида 1000 нафардан ошиқ. Ҳозир 1000 ўқувчиси бўлган мактабга биттадан шифокор топишни имкони йўқ - шифокорлар етишмайди, бу аниқ. Шунинг учун, 1 та мактаб шифокорига 3 тадан мактабни бўлиб бердик озирча", деди бирлашманинг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими.

Бу расмийга кўра, шу боис оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли поликлиникаларда ишлаб турган умумий амалиёт шифокорларини ҳам мактабларга куратор тариқасида бириктириш кўзда тутилмоқда.

Аммо, Ўзбекистонда шифокорлар етишмаслиги азалдан мавжуд. Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган сўнгги расмий рақам - 2018 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда ҳар 10 минг аҳолига ўртача 23 шифокор тўғри келади.

Қиёс учун: ҳар 10 минг киши учун Қирғизистонда 22, Қозоғистонда 40, Австрияда 48, Қатарда 77 шифокор тўғри келади. Ҳар 10 минг киши учун 23-22 нафар шифокор кўрсаткичи , жумладан Европа давлатларидаги ҳозирги ўртача кўрсаткичдан 1 ярим 2 баробарга оздир.

Шу йилнинг мартида коронавирусга чалинган илк бемор аниқланиши ортидан мамлакатда бошланиб кетган пандемия пайтида эса, шифокор ва тиббиёт ходимлари етишмовчилиги янада кескин муаммога айланди.

Ҳамширалар муаммоси

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий бўлимлари ва қатор поликлиникалардан олинган маълумотга кўра, мактабларни ҳамширалар билан таъминлаш масаласи ҳам жиддий муаммо.

Расмий маълумотга кўра, шу пайтга қадар ўқувчи сони:

- 500 нафаргача бўлган мактабда бир ҳамшира чорак ставка (0,25),

- 1000 нафаргача бўлган мактабда бир ҳамшира ярим ставка (0,5),

- 1000 нафардан ошган мактада бир ҳамшира бир ставка,

- 2 мингдан ошган мактабларда эса бир шифокор ва бир ҳамшира бир ставкадан ишлаган.

Сергели туман Тиббиёт бирлашмаси мулозимига кўра, эндиликдаги тартибга биноан, ҳамширалардан мактабда тўлиқ кун ишлаш талаб қилинмоқда:

"Ҳозир мактабда ўқиш 2 смена бўлгани учун, ҳамшира кечгача қолиши керак. 3 мактабга 1 та врач бўлганидан кейин, асосий иш ҳам ҳамширага тушадими?! Натижада, иш соатиям кўп, иш ҳажмиям кўп, ойлик эса атиги 700 минг сўм атрофида. Ҳамширалар мактабга бормаймиз, деяпти. Бу муаммони Молия вазирлиги билан ҳал қилиш керак, бизнинг қўлимизда эмас. Бунақада мактаблар қаровсиз қолиб кетиши мумкин”.

Қишлоқдаги вазият

Озодлик боғланган бир неча вилоят ва қишлоқлардаги поликлиника ва тиббиёт бирлашмаларидан олинган маълумотга қараганда, ҳудудлардаги эса аҳвол бундан ҳам оғир.

Жумладан, Хатирчи туманидаги қишлоқлардан бирида ишлайдиган шифокорга кўра, қишлоқдаги 4 минг аҳолига 2 врач, 11 ҳамшира, 4 санитар қарайди.

Унинг айтишича, ҳудудда 2 та мактаб бор. Бирида 250, яна бирида 500дан ортиқ ўқувчи ўқийди. Иккита мактабга қишлоқ врачлик пунктида (ҚВП) ишлайдиган 2 та ҳамширадан бири чорак, яна бири ярим ставкага ишга боради.

Бу икки мактабга шифокор йўллашнинг имкони асло йўқ:

"Бу мактабларда шифокорлар умуман йўқ, бўлмаган ҳам. Фақат чақириқ бўлса, бориши мумкин. Ҳозир энди ҳамшира чорак ёки ярим ставкасини тугатиб, ҚВПга келади, унинг ўрнига битта патронаж ҳамшира борадиган қилиб тақсимладик. Лекин, патронаж ҳамширага қўшимча ойлик йўқ. Ўша асосий иши ҳисобидан боради. Ҳозирча шунақа қилиб, тақсимладик. Аслида, мактабда ўтирадиган ҳамшираларга, бола сони қанча бўлишидан қатъий назар тўлиқ ставка ойлик бериш керак. Мактабда болалар билан исталган фалокат содир бўлиши мумкин".

COVID-19 фильтри

Халқ таълими вазири мамлакат бўйлаб умумтаълим мактаблари 14 сентябрь куни очилиши мумкинлиги ҳақида 25 август куни маълум қилган эди.

Бу ўринда, мактабларда коронавирусга чалинган ўқувчи ва ўқитувчиларни остонадаёқ аниқлаб, тегишли чораларни кўра оладиган махсус гуруҳ - "COVID-19 фильтр" гуруҳи тайёр бўлиши шарт.

Бу гуруҳлар ҳар смена бошланиши олдидан ўқувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиб, бинога киритади. Гуруҳларда 1 нафардан ҳамшира, санитар, ИИВ, Миллий гвардия ходими бўлиши лозимлиги айтилган.

Бундан ташқари, "COVID-19 фильтр" гуруҳида аниқланган беморларни алоҳидалаш учун кичик мактабларда камида 1 та, йирикларида эса 3 та махсус изолятор хонаси бўлиши талаб қилинмоқда.

Мактаб ҳудудида ҳар 30 ўқувчига камида битта қўлювгич бўлиши шарт.

Халқ таълими вазирлиги берган маълумотга кўра, 2020-2021 ўқув йилига келиб, мамлакатдаги жами умумтаълим мактаблари сони 9942 тага етган, уларнинг қарийб 7233 таси қишлоқда жойлашган.

XS
SM
MD
LG