Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:32

Мактабларни антисептика, термометр ва қўл ювиш жиҳозлари билан таъминлаш ўқитувчиларга юкланди


Ўзбекистонда умумтаълим мактабларини 14 сентябрдан очишга тараддуд кўрилмоқда.
Ўзбекистонда умумтаълим мактабларини 14 сентябрдан очишга тараддуд кўрилмоқда.

Ўзбекистонда умумтаълим мактабларини 14 сентябрдан очишга ҳозирлик бораëтган айни кунларда Тошкент ва вилоятлардаги айрим ўқитувчилар синфхоналарга ўз ҳисобидан антисептика ва кўчма қўл ювиш жиҳозлари ўрнатишга мажбур бўлаётганини айтмоқда.

29 август куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув йилига тайёргарлик бўйича видеоселектор йиғилишида синфхоналарни санитар талабларга мувофиқ бирламчи воситалар билан таъминлаш ҳокимликлар зиммасига юкланган эди.

Озодлик гаплашган ўқитувчилар мактаб раҳбарлари антисептика, термометр ва кўчма қўл ювиш жиҳозларини ўз ҳисобидан сотиб олишга мажбурлаëтганини билдирди.

1 сентябрь куни Халқ таълими вазирлиги¸ қолаверса мурожаат бўлган вилоят ва шаҳар ҳокимликларидан бу борада бирор изоҳ олиш имкони бўлмади.

Тошкент вилояти маъмурий маркази Нурафшон шаҳридаги 4-мактаб ўқитувчиси Озодлик билан суҳбатда синфхонани янги ўқув йилига тайёрлаш учун ўз ҳисобидан ярим миллион сўм сарфлашга мажбур бўлганини айтади:

- Президент ҳокимларга буйруқ берди, лекин ҳаммасини ўзимиз қиляпмиз. 300 минг сўмга умивальник қўйдик¸ ҳар бир синфда бўлиши керак экан. Антисептиканинг ярим литри 20 минг сўм. Биттаси уч кунга етади. У ёғига пулини ким тўлайди, билмаймиз. Влажний салфеткалар ҳам қилиб қўйдик. Директордан сўрасак, "ҳокимликка айтганнинг фойдаси йўқ, ўзларинг иложини қилаверасизлар экан", деди. Қилмасак ҳар куни СЭСдан келиб текширяпти, гап тегади. Ота-оналардан пул йиғайлик, десак бунга рухсат йўқ, - дейди ишдан ҳайдалиш эҳтимоли боис шахси очиқланмаслигини сўраган нурафшонлик муаллим.

Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳридаги 4-сон мактаб синфхонаси.
Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳридаги 4-сон мактаб синфхонаси.

Нурафшондаги бу вазият¸ Озодликка келаëтган бошқа хабарларга қараганда¸ Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари ва пойтахтида ҳам кузатиляпти.

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги 192-сон мактабда ўқитувчиларга ўз ҳисобидан иситма ўлчагич - термометр сотиб олиш буюрилган.

Бу ҳақда Озодликка исми ошкор этилмаслигини сўраб хабар қилган мактаб ўқитувчиси бунинг жиддий эътирозга сабаб бўлаëтганини билдирди.

- Мактабимизда синф раҳбарларининг ҳар бирига ўз ҳисобидан иситма ўлчагич, боланингпешонасига қаратса тана ҳароратини ўлчайдиган пистолетли термометр сотиб олиш айтилди. Бундан ташқари антисептик воситалари ҳам мажбурий деб юклатилди. Мажлисда мактаб раҳбаримиз юқоридан шундай буйруқ бўлди, деб айтди. Бунга ўқитувчилар норозилик билдиришяпти. Бу термометр 450 минг сўм тураркан. Ҳозирги шароитда бизларга оғирлик қилади.

Андижон, Фарғона ва Жиззах вилоятларидаги айрим мактабларда ҳам синфхоналарни санитария воситалари билан таъминлаш ўқитувчилар ва ота-оналар ҳисобидан қилинмоқда.

Андижон вилояти, Избоскан туманидаги мактаблардан бирининг директори туман ҳокимлигидан ёрдам бўлмаётгани сабаб ҳар бир мактаб ўз имкониятидан келиб чиқиб янги ўқув йилига тайёргарлик кўраётганини айтди.

- Ҳар бир боланинг соғлиги биринчи навбатда муҳим. Шунинг учун юқоридан талаб қўйиляпти, биз шу талабларни бажаришимиз керак. Ҳар бир синфда санитария нуқталари бўлсин, синфда ўқувчилар сони 15 тадан ошмасин, ошса иккинчи сменани очинглар, дейиляпти. Бу катта харажат талаб этади. Ҳозир ҳаммасини ўз ҳисобимиздан, маҳалладаги ҳомийлар ҳисобидан қиляпмиз. Лекин, олдимизда машаққатли ўқув йили турибди ва ҳар доим ҳомийлардан ёрдам сўролмаймиз, - деди мактаб директори.

29 август куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув йилига тайёргарлик бўйича видеоселектор йиғилишида туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарларига мактабларни санитар талабларга мувофиқ, бирламчи воситалар билан тўлиқ таъминлаш вазифаси қўйилган эди.

Санитария хизмати марказларига эса 5 сентябрга қадар ўз ҳудудидаги мактабларнинг янги ўқув йилига тайёрлик ҳолатини ўрганиш топширилган эди.

25 август куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактабларга иссиқ ўлчайдиган ускуна - пирометр ва антисептик воситалар марказлашган ҳолатда берилишини айтган эди.

Президент томонидан ҳокимлар зиммасига юкланган таъминот ишларининг ўқитувчи зиммасига юклангани ҳақидаги хабарларга ҳокимликлар ва Халқ таълими вазирлигидан изоҳ олиш имкони бўлмади.

Ўзбекистон Мустақиллик куни расман байрам қилинаëтгани муносабати билан телефон рақамларига кун давомида ҳеч ким жавоб бермади¸ Телеграм орқали юборилган саволлар ҳам жавобсиз қолди.

Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармасининг Озодлик боғланган мулозими синфхоналарни янги ўқув йилига тайёрлаш ўқитувчилар ҳисобидан қилинаётгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди.

- Агар шунақа холат бўлаётган бўлса ўқитувчилар бизга айтишсин, ўрганиб чиқамиз. Ўқитувчилар антисептикани ўз ҳисобидан олишсин, деган кўрсама биздан берилмаган, - деди бошқарма мулозими.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда пандемия шароитида таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йилини ташкил этишда амалга ошириладиган тадбирлар тўғрисида қўшма қарор лойиҳасини ишлаб чиққан.

Вазирликнинг билдиришича, қарор БМТнинг болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) тавсиялари асосида яратилган.

Қарорда мактаб раҳбарларига қўлларни мунтазам равишда ювиш жадвалини тузиш, қўл ювиш жойларини ҳозирлаш ҳамда уларни совун ва сув, шунингдек, ичимлик суви билан таъминлаш каби вазифалар юкланди.

Бундан ташқари мактаб тасарруфидаги ўқув ва маиший биноларга кириб-чиқишда дезинфекция воситаларини жойлаштириш, синфхоналар шароитини ўқувчилар орасида масофа сақланишига мослаб қайта кўриб чиқиш, мактабларда “эрталабки филтрлар” ва “изоляция” хоналари ташкил этиш ҳам назарда тутилди.

Август ойининг ўрталарида ЮНИСЕФ Ўзбекистон ҳукуматини мактабларни қайта очилишидан олдин сув билан таъминлаш, санитария ва гигиена шароитларини яхшилашга чақирган эди.

Ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси расмий сайтида эълон қилинган ҳисоботда таъкидланишича, мамлакатдаги мактабларнинг 13 фоизида ўқувчилар қўлларини совун ва сув билан ювиш учун зарур шароитга эга бўлмаган.

XS
SM
MD
LG