Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:29

Ота-оналарга онлайн мактаб таклиф қилинмоқда. Таълим ходимлари бунда ўқувчи мутлақ назоратсиз қолишини тан олмоқда (ВИДЕО)


Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Telegram тармоғи орқали 1 миллионга яқин фойдаланувчи қатнашган сўровда ота-оналарнинг 70 фоизи болаларни уйидан онлайн ўқитиш ниятини билдирганини маълум қилди.

Вазирликнинг ҳудудлардаги бошқармалари ва ўқитувчилар, онлайн дарсларни ҳозирча телевидение ва Телеграм ижтимоий тармоғи орқали олиб бориш режаланаётгани, аммо ҳар икки ҳолатда ҳам ўқувчиларнинг олаётган билимини назорат қилиш механизми ҳануз йўқлигини тан олди.

Таълим ходимлари бу жараёндаги асосий жиҳат – ўқувчиларни Интернет алоқаси, планшет ёки компьютер билан таъминлаш муаммоси ҳозирча мутлақо очиқ қолаётганини айтмоқда.

Ўзбекистондаги 9942 та мактабнинг қарийб 72,75 фоизи (7233 та мактаб) қишлоқда жойлашган, қишлоқ жойларда эса Интернет алоқаси заиф, баъзи ҳудудларда мутлақо йўқ. Интернет алоқаси бор жойларда ҳам, айрим оилалар учун у қимматлик қилади.

Вазир: 70 фоиз ота-она онлайн мактаб тарафдори

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 25 август куни ўзбекистонлик ота-оналарга мурожаатини эълон қилди.

Вазирнинг Телеграм каналида эълон қилинган мурожаатда, вазирлик томонидан ушбу ижтимоий тармоқда ўтказилган сўровда қатнашган 1 миллионга яқин ота-онанинг қарийб 70 фоизи фарзандини уйидан туриб, онлайн ўқитиш тарафдори эканини билдиргани айтилди.

Вазирга кўра, бу йил сентябрда умумтаълим мактабларидаги ўқишга 3 та сценарий асосида ҳозирлик кўрилган:

1) анъанавий мактабни очиш,

2) онлайн мактаб орқали ўқитиш

3) аралаш (гибрид) сценарий – ҳам анъанавий, ҳам онлайн.

Вазир сўров ҳануз давом этаётганини билдирди ва ота-оналарни унда фаол қатнашишга чорлади.

Вазирликнинг бир неча вилоятдаги ҳудудий бўлимларидан олинган маълумотга кўра, юқоридаги 3 та сценарийга ота-оналар фикрини ўрганиш бўйича кўрсатма уларга 25 август куни тарқатилган.

Аммо, аксар бўлимлар ходимлари ота-оналарга таклиф қилинаётган икки янги усул – онлайн таълим ёки аралаш – бир вақтнинг ўзида ҳам анъанавий, ҳам онлайн таълимга ҳануз тайёр эмасликларини тан олмоқда.

Тошкентдаги мактаблар онлайн таълимга озми-кўпми тайёр

Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги умумий ўрта таълим мактаби директорининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, онлайн таълимга мактаблар озми-кўпми тайёр:

“Баҳорда онлайн дарслар ўтдик. Масалан, Телеграмда мактаб ўқитувчиларини алоҳида каналлари бор, синфларимизнинг алоҳида каналларини очдик. Ўқитувчининг ўзи видеодарсини ёзиб олиб, каналда тарқатади. Ўқувчилар эса уйида ўрганиб, уй вазифасини видеога олади ёки расмга тушириб, ўқитувчисига қайтаради. Лекин, видеожавоб мажбуриймас, чунки ҳамманинг шароити ҳар хил, кимда Интернет бор, кимда йўқ. Кимда компьютер йўқ, телефон фақат ота-онасида, масалан. Кейин Телеграм тестларимиз бор. Юқори синфлар масалан, Zoom дастури орқалиям онлайн дарслар ўтишди баҳорда. Энди бу ҳали жараён, иш кўп”.

Бу раҳбар вазирлик доирасида, масофавий таълимдаги асосий эътибор теледарсларга ҳам қаратилаётганини қўшимча қилди.

Ўзбекистонда шу йилнинг 16 мартида коронавирусга чалинган илк бемор аниқланиши ортидан барча мактаблар ёпилган, 30 мартдан эса масофавий таълим бошланган эди.

Қуйида ўша кезда математика фанидан берилган теледарсни томоша қилишингиз мумкин:

Мактаблар икки янги усул – онлайн ёки аралаш таълимга тайёр эмас

Тошкентдаги мактаб директорига кўра, аралаш таълимни ташкил қилиш бўйича ҳозирча вазирликдан аниқ кўрсатма келганича йўқ:

“Бугун-эрта йиғилиш ўтказилиб, иккинчи ва учинчи сценарий бўйича мактабларга установка берилиши айтилган. Шахсан мен, тасаввур қилиб турибман, установка қанақа бўлишини – Интернет орқали видеодарс ўтилади. Лекин уни қандай бажарамиз, ҳам кундузи дарс бериб, кейин видеодарс ёзишга ўқитувчиларни қандай етказамиз, жуда бошим қотган. Майли, ўқитувчилар қўшимча ишласин ҳам, лекин ота-оналар болаларига компьютер, планшет, Интернет алоқасини таъминлаб бероладими? Таъминласин ҳам дейлик, ўтириб боласи билан бирга дарс қиладими – буниси номаълум”.

Вилоятлар теледарс ва Телеграмдарсларга ҳозирланмоқда

Сирдарё, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Халқ таълими бошқармаларидан олинган маълумотга кўра, ота-оналар фикрини ўрганиш бўйича кўрсатма 25 август куни берилган.

“Сўров ўтказиш бўйича кўрсатма бугун келди. Хабарингиз бор, бу ҳақда гап ўзи кечадан бошланди. Маънавиятчиларимиз сўров ўтказиш бўйича бугун мажлисга кириб кетишган. Ҳали чиқишганда маълум бўлади. Онлайн дарсларни кўпроқ Телеграм орқали ўтказиш масаласи кўриляпти менимча”, деди Сирдарё вилоят Халқ таълими бошқармаси ходими. Бу ходим қўшимча маълумот олиш учун тавсия қилган вакил билан эса боғланишнинг имкони бўлмади.

Шунингдек, Фарғона, Наманган вилояти бошқармаларидан ҳам келгуси бир неча кун ичида сўров ўтказиб, унинг натижаси бўйича 31 августгача вазирликка ҳисобот бериш вазифаси топширилгани ҳақида маълумот олинди.

Қорақалпоғистон Халқ таълими вазирлигидан олинган маълумотга кўра эса, бу республикада асосий эътибор теледарсларга қаратилмоқда, чунки аксар қишлоқ ҳудудларида Интернет тезлиги секин ва алоқа заиф.

“Ҳозир вазирликдан махсус группа ишлаяпти теледарслар бўйича. Энди чекка ҳудудларда Интернет алоқаси жуда паст, биласиз. Теледарс бўлса, ҳамма ўқувчини қамраб олиш мумкин. Ҳамма чекка қишлоқ, овулларда муаммо бўлмайди. Лекин, Телеграм ёкин Интернет орқали бўлса муаммо бўлиши мумкин. Шунинг учун, ҳозир сўров ўтказиляптида– Интернет алоқаси бўлмаган жойларда яшайдиганлар ёки Интернетни таъминлаб беролмайдиганлар боласини мактабга юбориши мумкин, Интернет алоқаси борлар онлайн дарсни танлаши мумкин”, деди вазирликнинг онлайн таълимни ташкил қилиш ишлари масъул мулозими, деб тақдим қилинган расмийси.

Ўқувчи олаётган онлайн таълим сифати бўйича назорат механизми ҳануз йўқ

Халқ таълими вазирлиги ҳудудий бўлимлари ва мактаблар ўқитувчилари уларга ота-оналарга таклиф қилинаётган янги 2 та усулдаги таълим жараёнида ўқувчилар олаётган билим сифатини масофадан туриб назорат қилиш механизми бўйича уларга ҳозирча бирор кўрсатма берилмаганини айтмоқдалар.

Жумладан, Қорақалпоғистон халқ таълими вазирлиги ходимига кўра, ўқитувчилар Интернет тизими орқали ўқувчилардан уйга вазифаларни қабул қилиши ёки уларга онлайн тест саволларини йўллаши мумкин.

Аммо, Интернет алоқаси бўлмаган ҳудудларда ўқувчи билими назорати мутлақо ота-онасига зиммасида қолиб кетмоқда.

“Онлайн дарс вақтида асосан ота-оналар назорати остида бўладида ўқувчилар. Ундан кейин Телеграм каналларида уйга вазифаларни топширса бўлади. Ўқитувчи тестларни юбориши мумкин, боласининг билимига беэътибор бўлмаган ота-оналар буни бирга бажариб, қайтариб ўқитувчига юбориши мумкин. Лекин, бу мажбурий эмас, ихтиёрий. Ўқитувчи назорати энди барибир онлайн дарс вақтида қийинроқ бўлади”, деди вазирлик расмийси.

Уйида болалари билан дарс қилаётган оила йўллаган видео:

Тармоқларда вазирлик таклифи баҳсларга сабаб бўлмоқда

Халқ таълими вазирининг 25 август кунги мурожаатидан сўнг ижтимоий тармоқларда ота-оналар ва ўқитувчиларнинг қизғин баҳслари бошланиб кетди.

Жумладан, таниқли блогер Шаҳноза Соатова қайси таълим тизимини танлашга қарор беролмаётгани ҳақидаги постини Facebook тармоғидаги саҳифаси ва Телеграм каналида улашди:

"Жуда оғир дилемма! Анъанавий тарзда ўқиш бошланса, янги ўчоқлар пайдо бўлади, болалар вируснинг фаол ташувчилари сифатида касалликни тарқатиб ташлашади, тўйлару оммавий тадбирларнинг бекор қилгани ҳам бир пул бўлади. Ёши катта ўқитувчилар, кекса бувию-боболар айниқса рискда қолади, яна касалхоналар тўлади. Онлайн тарзда ўқитиш давом этса, пандемия яқин орада тугамайди, тўртинчи чоракдаги онлайн таълим тажрибасидан келиб чиқиб айтадиган бўлсам: болалар уйда барибир яхши таълим ололмайди. Интернет ва энергия узилишлари бир томон бўлса, иккинчи томондан ишлайдиган ота-оналар куни бўйи фарзандининг таълим олишини назорат қилолмайди...”

Блогернинг Facebook тармоғидаги пости остида шарҳ қолдираётганларнинг аксари ота-она экани, улар ҳам оғир дилемма қаршисида қолаётгани кўринди:

“Менимча, онлайн дарс бўлгани яхши. чунки онлайн дарсда ота-оналар масъулиятини ошириш механизмини қилиш мумкин, бунда ота-оналар нима қилсалар ҳам ўз фарзандларининг эртанги куни учун қиладилар, керак бўлса қўшимча педагогларни ёллашлари мумкин, керак бўлса бола билан кўпроқ шуғулланадилар. лекин вирусни бошқариш иложи бўлмайди. болалар вирус ташувчи сифатида касал тарқалишининг асосий ўчоғини яратиб берадилар”, деб ёзди бир фойдаланувчи.

"Интернет, электроэнергия расво мамлакатда онлайн таълим ҳақида гап ҳам бўлиши мумкинмас!" дея фикр билдирди яна бир фойдаланувчи.

“Фикримча, анъанавий таълимни бошлаш керак. Карантин қоидаларини биринчи планда ўргатиб, таълимни давом эттириш керак. Ҳеч ким, ҳатто болалар ҳам уйида ўтиргани йўқ барибир. Таълимдан узилган авлод илм олишга дангаса бўлиб қолади. Ҳамма ота-она ҳам сабр билан боласининг илм олишини назорат қилолмайди”, дея фикр қолдирди яна бир Facebook фойдаланувчиси.

Мактабларнинг 72 фоизи қишлоқ ҳудудларда

2019-2020 ўқув йилида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 9942 та мактаб ишлайди.

Халқ таълими вазирлиги берган статистикага кўра, бу мактабларнинг қарийб 72,75 фоизи (7233 та мактаб) қишлоқ жойларида фаолият юритмоқда.

Баҳорда мактабларда масофавий таълим берилди

Ўзбекистонда шу йилнинг 16 мартида коронавирусга чалинган илк бемор аниқланиши ортидан барча мактаблар ёпилган, 30 мартдан эса масофавий таълим бошланган эди.

Ўшандаёқ 3 та телеканал орқали ўқувчилар учун теледарслар йўлга қўйилган ва бу дарслар YouTube тармоғига жойлаб борилган:

Тошкент ва вилоятлар марказидаги йирик шаҳарлар, айрим туман марказларида мактаб, лицей ва коллежлар Интернет орқали онлайн ўқитиш тизимини ҳам йўлга қўйгани кузатилди.

Аммо, ўша кезда ҳам, мамлакат бўйлаб электр тақчиллиги ва Интернет алоқаси ўта ночор экани боис, масофавий таълим жараёни танқидга учраган, ота-оналар йил якунида талаб қилинган имтиҳонлар пайтида болалари қийналганидан шикоят қилган эди.

Қуйида Озодликнинг масофавий таълим ҳақида тайёрлаган жонли блоги билан танишишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG