Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:53

Ҳукумат таклифи билан қўшни давлат университетларидан қайтган талабалар ўқишга қабул қилинмаяпти


Самарқанд Давлат Университети қабул комиссияси.
Самарқанд Давлат Университети қабул комиссияси.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг февралдаги буйруғи асосида ўқишларини қўшни давлатлардан ўз юртига кўчириш учун ватанига қайтиб келган минглаб ўзбекистонлик талаба ҳануз ўқишга қабул қилинмаган.

Бу ҳақда Озодликка ўтган ўқув йилининг ўртасида Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг олий ўқув юртларидаги ўқишини ташлаб ўз юртига қайтиб келган талабалар билдирди. Уларнинг айтишича, ўз вилоятларидаги олийгоҳлар чет давлат ОТМларида ўқиганини тасдиқловчи ҳужжатлар етарли эмаслигини айтиб, уларни ўқишга қабул қилмаган.

Озодлик суҳбатлашган олий ўқув юртлари мутасаддиларига кўра, қайтиб келган талабаларнинг хужжатларини улар таҳсил олган олийгоҳлардан олиш Ўзбекистон ва қўшни давлатлардаги коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли чўзилмоқда.

Шу йилнинг 7 февралидан Ўзбекистондаги олийгоҳлар Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг олий ўқув юртларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалардан ўқишини кўчириш бўйича аризаларни қабул қила бошлаган, мутасаддилар ўқишни кўчиришда ҳеч қандай қўшимча талаблар ва бюрократик муаммолар бўлмаслигини ваъда қилган эди.

Наманганлик Аҳрор (исми талабанинг илтимосига кўра ўзгаририлди -таҳр.) Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридаги Мухтор Авезов номидаги университетга ўтган йили ўқишга кирган.

У аксарият ўзбекистонлик талабалар қатори Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи асосида 2019-2020 ўқув йилининг ярмида Чимкентдаги ўқишини ташлаб, февраль ойида Наманган Давлат муҳандислик технология институтининг Физика-Математика факультетига ҳужжат топширган.

- Олдинига кечки бўлимга қабул қиламиз дейишганди. Ўқиганим ҳақидаги справкалар фальшивка эмасми, деб роса саволга тутишганди. Кейин яна чақириб, паспортимдаги Қозоғистонга кирди-чиқди печатнинг нусхасини ҳам олишди. Кутасизлар дейишди, кутдик. 26 август куни яна чақириб, "икки кун срок сизларга, ўқиган университетларинг ректори номидан фирменний бланкга справка ёздириб келасизлар, деди. Бундан ташқари хориждаги ОТМдан ўқишга қабул қилинган буйруқнинг нотариус тасдиқлаган копиясини олиб келасизлар, у ердаги делоларингни ҳам йиғиштириб келасизлар деяпти, - дейди Аҳрор.

Ўзбекистондаги биргина Наманган Давлат муҳандислик технология институтига қўшни давлатлардан қайтиб келган 300дан зиёд талаба қабул комиссиясига топширган аризаларига жавоб кутмоқда.

Институт қабул комиссияси ходимларидан бири 27 август куни Озодлик билан суҳбатда ўқишни кўчирмоқчи бўлган талабаларнинг ҳужжатларини олдириш кечикаётгани сабабли уларни қабул қилиш ҳам чўзилаётганини айтди:

- Кўпчилигини ҳужжатлари қўшни давлатлардаги олийгоҳларда қолган. Шулар олдирилмагунича бу ерда уларни талабаликка қабул қилингани ҳақида приказ чиқариб бўлмайди.

Наманганлик Аҳрор эса институт қўйган мухлат ичида ҳужжатларни олдириш имконсизлигини айтади:

- Буларни бир-икки кунда олиб бўлмайди. Йўллар ёпиқ, карантинку ҳамма ер. Деканга телефон қилсам, ўзи жонимга тегдиларинг, сизларни проблеманг бу, деди. Кечикса кейинроқ қабул қилинмайсизлар деяпти. Шунга ҳаммани боши қотган.

Ўзбекистоннинг бошқа баъзи вилоятларидаги олийгоҳларда ҳам шу аҳвол. Хоразмдаги Урганч Давлат университетига қўшни давлатлардан қайтиб келиб, ҳужжат топширган талабалар ҳам ҳануз ўқишга қабул қилинмаган.

Урганчлик талаба Гулистон ҳам феврал ойида Жанубий Қозоғистондаги Мухтор Авезов номидаги халқаро университетдаги ўқишини ташлаб ватанига қайтиб келишга мажбур бўлган минглаб талабанинг бири:

- Олти ойдан буён кутамиз. У ёққа айтсак Ўзбекистон бизларни ўқишга қабул қилганини тасдиқловчи ҳужжат сўрайди. Ўзбекистондаги ОТМга борсак у ёқдан тасдиқнома олиб кел, дейди. Шуни Олий таълим вазирлиги ўз каналлари орқали ташкиллаштирса бўладику. Улар ўқишга қабул қилинишимиз ҳақида ваъда беришган, лекин ҳали ҳеч биримиз ўқишга қабул қилинганимиз йўқ.

Қўшни давлатларда таҳсил олган ўзбекистонлик талабалар ўқишини ўз юртига кўчиришлари учун ўқиган жойидан транскрипт, яъни биринчи ўқув йилида топширган имтиҳонлари ҳақида муҳрланган қоғоз, ариза ва паспортининг нусхасини Ўзбекистон олий ўқув юртларига тақдим этишлари керак.

Урганч Давлат университети қабул комиссияси ходими бу ҳақда Озодликка шуларни айтди:

- Уларнинг орасида ҳар хили бор. ОТМга бормай онлайн ўқигани бор, умуман ўқимаганлари ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун талабалар хориждан ўқишни кўчираётганда бизда тан олинган ўқув шаклларида ўқиган бўлишлари керак. Масофавий тарзда ўқиганлар умуман қабул қилинмайди. Шунинг учун биз улар ўқиган олийгоҳлардан шуни сўряпмиз, қандай шаклда ўқитилган, деб справка сўраяпмиз. Айримлар Қозоғистон ёки бошқа жойдаги қариндошларини ўртага солиб, шу ҳужжатларни олдиришяпти.

Шу патгача қўшни давлатлардан қайтиб келган қанча талаба қабул қилинди, деган Озодлик саволини УрДУ ходими жавобсиз қолдирди.

Урганч Давлат университетининг ректори Баҳром Абдуллаев икки ой аввал Озодлик балан суҳбатда 1000дан зиёд талабадан ҳужжат қабул қилингани, уларнинг ҳеч бири кўчада қолмаслигини айтганди.

- Ҳеч бир талаба кўчада қолмайди. Бизда муаммо йўқ, жой етарли, - деганди Абдуллаев.

Ўзбекистон Олий ва ўрта таълим вазирининг февралда чиқарган буйруғи асосида, қўшни давлат олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик минглаб талаба ўқишларини ташлаб юртига қайтиб келди.

Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг олий ўқув юртларида,Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус вазирлигига кўра, февраль ойига қадар 35 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олган.

Қўшни давлатлардан қанча талаба қайтгани ва Ўзбекистондаги олийгоҳларга ўтказиш учун қанчаси ҳужжат топширгани, қайтган талабалар учун олийгоҳларда ўринлар етарлими¸ деган саволларга Ўзбекистон Олий ва ўрта таълим вазирлигидан маълумот олиб бўлмади.

Наманган Давлат муҳандислик технология институти ходими юқори босқич талабаларга ўқиш сентябрь бошидан бошланиши, янги қабул қилинган талабаларга давлат тест натижалари эълон қилинганидан кейин, тахминан октябрдан ўқишни бошлаш режаланаётганини айтди.

Озодлик қўшни давлатларда ўқиган талабалар ўқишини Ўзбекистонга нега кўчиролмаётгани юзасидан Ўзбекистон Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги расмийларидан изоҳ ололмади.

Вазирлик расмий сайтидаги матбуот хизмати телефон номерига кун давомида қўнғироқ қилинди, лекин ҳеч ким телефонни кўтармади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG