Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:38

Ўзбекистон Олий таълим вазири буйруғи ортидан Қирғизистон ОТМда хаос юзага келди (ВИДЕО)


Мирзиëев ҳукумати қўшнилар билан алоқаларни яхшилаши ортидан¸ ўн минглаб ўзбекистонлик Қозоғистон¸ Қирғизистон ва Тожикистон ОТМга ўқишга кирди.
Мирзиëев ҳукумати қўшнилар билан алоқаларни яхшилаши ортидан¸ ўн минглаб ўзбекистонлик Қозоғистон¸ Қирғизистон ва Тожикистон ОТМга ўқишга кирди.

6 февраль куни Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири Имом Мажидов қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларидан ўқишини Ўзбекистонга кўчирмоқчи бўлган ўзбекистонлик талабалар аризасини қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқарди.

Вазир буйруғида ҳеч қандай қўшимча талаб ва синовларсиз бўладиган бу жараëн учун 2020 йилнинг 7 февралидан 15 февралига қадар бир ҳафталик муҳлат ажратилди.

Ўқишини Ўзбекистондаги университетларга кўчиришни истаган талабалардан ариза ëзишдан ташқари атиги икки ҳужжат - паспорт нусхаси ва рейтинг дафтарчаси ёки тасдиқланган (муҳр урилган – таҳр.) академик маълумотнома нусхаси топшириш сўралди¸ холос.

Бу янгилик вазирлик Telegram каналида эълон қилиниши ортидан 7 февраль куни Ўш давлат университети ва Қирғиз-ўзбек университетидаги юзлаб талаба ўқишни Ўзбекистонга кўчириш учун талаб қилинган ҳужжатлар берилишини сўраб маъмуриятга ëпирилди.

Аммо университет маъмурияти академик маълумотнома фақат бир йиллик ўқиш дастури тугаганидан сўнг – май ойида берилишини билдириши ортидан¸ университет ҳовлисида катта тўполон юзага чиқди.

- Ўқишимизни Ўзбекистонга кўчириш учун университет печать қўйган зачëтний билет керак. Бўлмаса ҳужжат қабул қилмайди. Биринчи семестр имтиҳонларини топшириб бўлдик. Лекин булар ҳужжат бермаяпти. 2000 тача студент бор¸ ҳеч кимга бермаяпти¸ деди 7 февраль куни Озодликка Ўшдан боғланган талабалардан бири.

Озодликка Ўш давлат университети раҳбарларидан бирининг 7 февраль куни норозиликка тўпланган ўзбекистонлик студентларга қарата айтган гаплари ëзилган қисқа видео ҳам юборилди.

Унда университет мутасаддисининг:

Бизга сизнинг вазирлигингиздан хат келиши билан ҳужжатларингизни берамиз. Посольство (Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси назарда тутилмоқда – таҳр.) бизнинг вазирликка хат берсин¸ кўриб чиқамиз. Сизни бу ерда сақлаб туриш бизнинг манфаатимизга кирмайди. Сиз Ўзбекистон фуқароларисиз¸ сизни давлатингиз орқага чақираëтган бўлса¸ ушлаб қола олмаймиз. Бундай хат келгунча¸ ëтоғингизга бориб¸ ўқишингизни ўқиб туринглар”¸ деган мазмунда гапиргани тушунилади.

Қирғиз-ўзбек университети раҳбари ўқишини Ўзбекистонга кўчирмоқчибўлган талабаларни тинчлантирмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:56 0:00

Қирғиз универститетлари нега ўзбек талабалари ҳужжатини бермаяпти?

Озодлик гаплашган Қирғиз-ўзбек универститети мутасаддиларидан бири¸ ўзбекистонлик талабаларнинг бир йиллик контракт асосида ўқишга киргани ва қирғиз қонунчилигига кўра¸ курсни тўлиқ битирмаганларга академик маълумотнома берилмаслигини билдирди.

- Билишимча¸ ҳозир Қирғизистон ОТМларида 17 мингдан кўпроқ ўзбекистонлик талаба бор. Биргина бизнинг Қирғиз-ўзбек университетимизда 4000 га яқин ўзбекистонлик бор. Уларнинг аксарияти 1-курсда ўқийди. Булар ўқишга кираëтганда биз билан бир йиллик контракт имзолаган. Биз бунча кўп сонли ўзбек талабасини ўқитиш учун қанча ўқитувчини бир йиллик шартнома билан ишга олганмиз! Минглаб студент бир ҳафта ичида ўқишини Ўзбекистонга кўчириб кетса¸ биз бу ўқитувчиларни қандай иш билан таъминлаймиз? Улар бизни судга берадику! Иккинчи курснинг 1-семестрини битирганларга беришимиз мумкин¸ лекин 1-курсларга берилмайди¸ деди Қирғиз-ўзбек университети маъмурияти вакили.

Бу суҳбатдош ўзбекистонлик юзлаб талабанинг 7 февраль куни университет медицина факультети биноси олдида «бунт кўтарганини» қирғиз қонунчилиги талабларини тан олиш - ўзлари қўл қўйган контракт шартларини бажаришни истамаслик уриниши дея баҳолади.

- Бу талабаларга гап тушунтириб бўлмаяпти. Эрталабдан бери ҳаммаëқ тўполон. Охири ректоримиз ўзи чиқиб тушунтиришга уринди. Ота-онамиз ўқишни кўчирадиган университетларга пул бериб қўйган¸ сизга ҳам пулини бериб¸ рози қиламиз¸ деб ҳоли-жонимизга қўймаяпти. Давлениемиз ошиб¸ дори ичиб ўтирибмиз бугун. Ўзбекистонлик студентларга: "Ҳамма нарса ҳам пул билан ҳал бўлмайди¸ Қирғизистоннинг ўз қонуни бор¸ шунга амал қиламиз. Май ойида 2-семестр имтиҳонларини топширинглар¸ ана ундан кейин ҳужжатларингизни бир тийинсиз олиб кетасизлар"¸ десак қулоқ солишмаяпти¸ деди Қирғиз-ўзбек университети маъмурларидан бири.

Вазирнинг фавқулодда буйруғи

Қўшни давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кирган ўзбекистонлик талабаларга ҳозиргача ўқишини Ўзбекистонга фақат йилда бир марта – курсдан-курсга ўтиш имтиҳонлари топширилганидан кейин ëзда кўчиришга рухсат берилган. Шунда ҳам улар Ўзбекистон ОТМ си уюштирган синовдан ўтиш керак бўлган.

Олий таълим вазирининг 6 февраль кунги буйруғи билан 7-15 февраль кунлари ўқишни кўчириш учун ишчи гуруҳларга ариза топширишга улгурган қўшни давлатдаги ўзбек талабаси йил охирини кутиб ўтирмай¸ имтиҳонсиз Ўзбекистон ОТМда ўқишини давом эттириши мумкин.

Олий таълим вазирининг 6 февраль кунги буйруғи нусхаси.
Олий таълим вазирининг 6 февраль кунги буйруғи нусхаси.

Шу боис қўшни давлатлардаги минглаб ўзбек талабаси бундай “инкор этиб бўлмайдиган даражадаги” фавқулодда қулай имконни қўлдан бой бермасликка ҳаракат қилмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Озодлик гаплашган ҳуқуқшуноси¸ қўшни давлатлардаги ўзбекистонлик талабаларнинг нега бу йил айнан ўқув йили ўртасида синовларсиз ўқишни кўчиришига рухсат берилгани сабабини тушунтира олмади.

Президентимиз болаларимиз қўшни давлатларда қийналмасин¸ ўз ватанида ўқисин¸ деб ғамхўрлик қилаяптилар. Шунга вазир буйруқ чиқарди”¸ деди ўзини таништирмаган Олий таълим вазирлиги мулозими.

Айни пайтда бу суҳбатдош¸ вазирнинг 6 февраль кунги фавқулодда буйруғи президент ëки Вазирлар Маҳкамасининг у ëки бу қарорига асосланганми¸ деган саволга жавоб бера олмади.

Вазирлик¸ қирғиз университетлари маъмурияти талаб қилган расмий хатни юборадими¸ деган саволга эса:

- Бу буйруқ ҳамма талаба қайтсин¸ дегани эмас. Бир ҳафта ичида кўчириш учун ҳужжат топширолмаганлар¸ ëзда кўчириши мумкин. Ëзги кўчиришдан ҳам синовларни олиб ташлаш масаласи муҳокама қилинаяпти. Хатга келсак¸ Қирғизистон алоҳида давлат¸ бизнинг вазирлик бошқа давлат қонун-қоидалари¸ улар университетларининг талабларига аралаша олмайди. Агар Қирғизистон университетлари ўзбек талабалари сўраëтган ҳужжатларни қонунга зид равишда бермаëтган бўлса¸ судга беришсин. Лекин вазирлик бу жараëнга аралашмайди¸ деди Олий таълим вазирлигининг Озодлик гаплашган ҳуқуқшуноси.

Январь ойида ўқишни кўчиришга рухсат бериш коронавирус билан боғлиқми?

Озодликка Қирғиз-ўзбек университети ўқишни Ўзбекистонга кўчириш учун талаб қилинаëтган ҳужжатларни бермаëтганидан шикоят қилган талабалар вазир буйруғини коронавирус эпидемияси таҳдиди билан боғлади.

- Қирғизистон Хитойга чегарадош¸ бу ерда ҳам коронавирус тарқаб¸ ўзбек-қирғиз чегараси 15 февралдан ëпилади¸ деган гаплар юрипти. Чегара ëпилса¸ биз ҳам Хитойдаги ўзбек студентларидек карантинда қоп кетишимиз мумкин. Шунга ҳамма кетмоқчи¸ ота-оналаримиз ҳам тез қайт деяпти¸ - деди ўқишни фавқулодда тезлик билан Ўзбекистонга кўчиришга шошаëтган талаба қизлардан бири.

Олий таълим вазирлигининг қўшни давлатлардаги ўзбекистонлик талабаларни бир ҳафта ичида Ўзбекистон ОТМларига кўчиришга қарор қилиб¸ жараëнга Соғлиқни сақлаш вазирлигини ҳам қўшгани¸ бу буйруқнинг коронавирус билан боғлиқлиги ҳақидаги фаразларни кучайтирмоқда.

Олий таълим ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Озодлик боғланган расмийлари¸ бундай фаразларни “мутлақ асоссиз” деб инкор қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бу жараëнга аралашгани коронавирус билан боғлиқ эмас. Қўшни давлат университетларининг медицина факультетларида қанча талаба бор. Ўзбекистондаги тиббий олийгоҳлар эса¸ вазирлигимизга боғлиқ. Шунинг учун биз ҳам қўшилганмиз”¸ деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси.

Айни пайтда бу мутасадди¸ ўзбек-қирғиз чегарасининг коронавирус тарқаши олдини олиш мақсадида 15 февралдан ëпилиши ҳақидаги миш-мишларни “сохта” деб атади.

- Қирғизистонда ҳозирча биттаям коронавирус қайд этилмаган бўлса¸ Ўзбекистон нима учун чегарани ëпади? Ҳар хил сохта хабарлар кўпайиб кетди. Илтимос¸ бу гап-сўзларнинг мутлақ асоссиз эканини одамларга тўғри етказинг, деб қўшимча қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозими.

Ўзбекистон Олий таълим вазирининг 6 февраль кунги буйруғи Қирғизистондан ташқари Қозоғистон ва Тожикистонда ўқиëтган ўзбекистонлик талабаларга ҳам тааллуқли. Ҳозирча бу давлатларда қанча ўзбекистонлик талаба ўқиëтгани¸ 6 февраль кунги буйруқдан кейин уларнинг ўқишини кўчириш учун талаб қилинган асосий ҳужжат - академик маълумотнома олишда муаммога учраган-учрамагани Озодликка маълум эмас.

Бу жараëн сизга ҳам алоқадор бўлса¸ унга оид янгиликларни Озодликка юборишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG