Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:32

Ҳужжат: Талабалар қайтарилишини қўшни давлатларда таълим сифати пастлиги билан тушунтириш буюрилди


Ўзбекистон Республикаси Олий таълим вазирининг қўшни давлатлардаги талабаларни ўқув йили ўртасида қайтаришга доир буйруғи мамлакат президенти маъмурияти топшириғига биноан чиқарилгани маълум бўлди.

Ҳокимият идораларидаги манбалар Озодликка 4 февраль куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов раислигида ўтган йиғилиш баённомасини тақдим қилди.

Ўзбекистон Олий таълим муассасаларига (ОТМ) қабул бўйича Давлат комиссиянинг 12- баённомасида 2020 йилнинг 5 февралидан то июнга қадар бажарилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгиланган.

Ҳужжат

Шахси сир қолиши шарти билан ҳужжатни Озодликка тақдим қилган манбаларга кўра, Давлат комиссиясининг 12-сон баённомаси очиқ манбаларда эълон қилинмаган.

5 февраль санаси билан тегишли идораларга тарқатилган баённома нусхасида Бош вазир - ОТМларга қабул бўйича Давлат комиссияси раиси Абдулла Арипов имзоси акс этган.

Шу кунга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва қатор расмий ахборот воситаларда тарқатилган расмий хабарлар матнининг асосий қисми айни ҳужжатдан олингани маълум бўлди.

Озодликка сиздирилган бу ҳужжатни Вазирлар Маҳкамасидан тасдиқлатиш имконсиз. Бироқ ҳужжатдаги барча унсурлар: эълон қилинган санаси, қайд рақами, нусханинг унвонида Вазирлар Маҳкамаси Умумий бўлимининг муҳри мавжудлиги ва бошқа унсурлар унинг ҳақиқий эканлигига далилдир. Қолаверса, бу ҳужжатни сиздирган манбаларнинг бошқа хабарлари ҳам тўла тасдиқланган.

Президент топшириғи

Ҳужжат бошида, президент маслаҳатчиси - Давлат комиссияси раиси ўринбосари Абдужабар Абдувахитов (исм-фамилия ҳужжатда шу шаклда келтирилган) иштирокида ўтган мажлис президент маъмурияти топшириғи билан ўтказилаётгани айтилган.

Мажлис кун тартибидаги масала "2019/2020 ўқув йили баҳорги семестри учун қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ўқишини республика олий таълим муассасаларига кўчириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида" деб белгиланган.

Ҳужжат бошида айтилишча, қўшни давлатлардаги талабаларни қайтариш - "президент администрацияси топшириғи"дир.

Аммо, шу кунга қадар давлат идоралари очиқ қолдираётган савол жавоби - президент маъмурияти нима мақсадда бу топшириқни бергани ҳужжатда қайд этилмаган.

Кечки ва сиртқи таълимга қабул қилиш

Ҳужжатнинг 2-бандида бу топшириқни ижро учун қабул қилиш ва қўшни давлатлардаги талабаларнинг ўқишини Ўзбекистонга кўчириш аризасини "қабул қилишга истисно тариқасида рухсат берилсин", деб қайд этилган.

Талабаларнинг аризаларини қабул қилишга оид мезонлар 3-бандда белгиланган:

"- фуқаронинг доимий яшаш манзили (олий таълим муассасасининг сиғими ёки ҳудуддаги олий таълим муассасаларида тегишли соҳа бўйича бакалавриат таълим йўналишлари мавжуд бўлмаган ҳолатларда, истисно тариқасида бошқа вилоятдаги олий таълим муассасасига тавсия этилиши мумкин);

- талаба ўқиётган бакалавриат таълим йўналишининг ўқиши кўчирилаётган бакалавриат таълим йўналишига мослиги (бундай йўналиш мавжуд бўлмаган тақдирда, турдош эканлиги);

- хорижда талаба ўқиётган бакалавриат таълим йўналишларининг хусусиятларини инобатга олган ҳолда, уларни асосан сиртқи ва кечки таълим шаклларига тавсия этиш;

- талабалар ўқишини кўчиришда Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг мавжуд имкониятлари (моддий-техник база, жумладан сменалик коэффициенти, профессор-ўқитувчилар билан таъминланганлик даражаси ва бошқалар)".

Ҳужжатнинг 4-бандида талабаларнинг аризаларини қабул қиладиган ишчи гуруҳларини 6 февралгача тузиш, ҳужжатларни эса 15 февралгача қабул қилиш буюрилган. (Кейинчалик бу муддат 15 мартгача узайтирилди - таҳр.)

Хориждаги муаммолар кўзда тутилган

Ҳужжатнинг 5-бандида, хориждаги олий ўқув юртларидан ҳужжатларни олишни истовчи талабалар билан муаммолар юзага келиши кўзда тутилган ва муаммоларни ҳал қилиш учун Ташқи ишлар вазирлиги (Абдулазиз Камилов) масъул қилиб тайинланган.

Ҳужжатда кўзда тутилган вазифаларни бажариш учун эса "тегишли вазирлик ва идоралар биринчи раҳбарлари шахсан масъул" қилиб тайинланган.

Ҳужжатнинг иловаси ҳам бор ва унда мажлис ўтказилган куннинг эртасиданоқ ижроси бошланиши буюрилган чора-тадбирлар белгиланган.

Илова бошида қўшни давлатлардаги талабаларни қайтариш вазифаси ёнига "республика олий таълим муассасаларида ёшларнинг таълим олиши учун яратилаётган шароитларни кенгайтириш" мақсади ҳам қўшилган.

Тарғибот йўналиши

Чора-тадбирларда эса, асосий эътибор, қўшни давлатларда ўқиётган талабаларга Ўзбекистонда олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар, ёшларга яратилаётган шароит ва имкониятларни тарғиб қилиш, уларни асосан сиртқи ва кечки таълимга қайтариш, бунинг ҳисобига 2020/2021 ўқув йили учун таълим қамровини 25 фоизга ошириш, ОТМлардаги ўқитувчиларга эҳтиёжни ўрганиш вазифалари киритилган.

Айни пайтда, тарғибот сирасида талабаларга уларнинг қайтарилиши сабабини "қўшни давлатларда таълим сифати талаб даражасида бўлмагани" билан тушунтириш буюрилган.

Дарвоқе, ҳужжатда "қўшни давлат"ларнинг номи келтирилмаган. Аммо, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш ва Ташқи ишлар вазирликлари гап 3 давлат - Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ҳақида бораётганини маълум қилган.

Таълим сифати паст кўрилган хорижий олий ўқув юртлари тўғрисида ахборотлар - видеороликлар, мақолаларни тайёрлаш ва 2020 йилдан бошлаб, доимий равишда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бериб бориш вазифаси қайд этилган.

Бош вазир буйруғи

4 февраль куни Бош вазир Абдулла Ариповнинг қўшни давлатлардаги талабаларга ўқишини ҳеч бир имтиҳонсиз Ўзбекистонга кўчириш таклифи ортидан муаммоларга тўла жараён бошланиб кетди.

Маълум бўлишича, шу кунда Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба ўқимоқда ва улар ҳукуматнинг ўқишни Ўзбекистонга қулай кўчириш таклифидан сўнг юртига ошиқмоқда.

Жараёндан кўринишича, хориждаги давлатга қарашли бўлган ва хусусий ОТМлар минглаб талабани бирдан қўйиб юборишга шошилмаётир.

Ўзбекистондаги Олий ўқув юртларининг эса, аксинча, бунча талабани бирдан қабул қилишдек топшириқдан шошиб қолгани кузатилмоқда.

Қуйида ушбу муаммоларга бағишланган махсус дастурни томоша қилишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG