Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:10

Якшанбада Минск кўчаларига 100 минг киши чиқди. Тихановская АҚШ давлат котиби ўринбосари билан учрашади


Минск кўчаларида тинч норозилик юришига чиққан белоруслар, 23 август, 2020
Минск кўчаларида тинч норозилик юришига чиққан белоруслар, 23 август, 2020

24 август куни Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская Литвада АҚШ давлат котибининг ўринбосари Стивен Биган билан учрашиб, Беларусдаги мунозарали президент сайлови ортидан юзага келган сиёсий бўҳронни тинч ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилади.

Беларусда 9 августда бўлиб ўтган сайловда амалдаги президент Александр Лукашенко ғолиб чиққани эълон қилинганидан бери мамлакатда норозилик намойишлари тўхтамаяпти.

23 август куни 100 мингдан ошиқ белорус Минск кўчалари бўйлаб пойтахт марказига қадар тинч норозилик юришида иштирок этди.

15 кундан бери тинчимаётган норозилик намойишлари қатнашчилари Лукашенко истеъфосини ҳамда янги сайлов ўтказилишини талаб қилмоқдалар.

Колонналарга бирлашиб, шаҳар марказига юриш қилган норозиларни полиция ва ҳарбийлар қаттиқ назорат қилди, аммо намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашув содир бўлмади.

Намойишчилар тарқалганидан кейин Telegramда Лукашенко вертолётда шаҳар устидан учиб ўтгани акс этган видео тарқатилди. Видеода зирҳли форма кийиб, қўлига милтиқ тутган Лукашенко намойишчилар ҳақида «Каламушлардек тирқираб қочишди», деб хитоб қилганини эшитиш мумкин.

Лукашенко мамлакат армиясини тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтиришни буюрди. Бу эса авторитар президент мисли кўрилмаган намойишларни куч ишлатиб бостириши мумкинлиги ҳақида хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Якшанба куни Брест ва Гродно шаҳарларида ҳам йирик намойишлар бўлиб ўтди. Литвада пойтахт Вильнюсдан Беларусь билан чегарагача бўлган 30 км масофага чўзилган одамлар занжири тузилди.

Беларусь расмийлари эса хабар тақалишига тўсқинлик қилиш мақсадида Интернет алоқани узиб қўйди.

Мудофаа вазирлиги якшанба куни бўлиб ўтган намойиш арафасида билдирув эълон қилиб, намойишчиларни «фашистлар» дея таърифлади ва уларни тинчлик ва тартибни бузмасликка чорлаб, бундан нари улар полиция эмас, балки армияга дуч келишлари ҳақида огоҳлантирди.

22 август куни президент Лукашенко, мамлакат чегараси яқинида ҳарбий қўшинлар тўпланаётгани ҳақидаги хабарлар фонида, мамлакат армиясини шай ва ҳушёр туришга чақирган эди.

Тихановская эса белоруслар «ўз ҳуқуқлари учун курашишлари кераклигини» айтиб, Лукашенконинг мамлакат ҳарбий таҳдид остида экани ҳақидаги иддаоларига эътибор бермасликка чақирди.

Расмий натижаларга кўра, сайловда президент Лукашенко 80,1 фоиз овоз тўплаган, Тихановская эса атиги 10,1 фоиз овоз олган. Сайловолди кампаниясида ўн минглаб киши қатнашган Тихановская аслида 60-70 фоиз овоз тўплаганини иддао қилмоқда.

Ҳозиргача норозилик намойишларида қатнашган 7 мингга яқин киши ҳибсга олинди, уч киши ўлди. Беларусь полицияси намойишчиларни аёвсиз калтаклади, айрим ҳолатларда намойишчиларга ўқотар қуролдан ўт очилди.

Европа Иттифоқи ҳамда АҚШ сайловни танқид қилиб, намойишчиларга қарши кўрилган чораларни қоралади.

24 август куни Биган Литва мудофаа ва ташқи ишлар вазирлари билан учрашиб, Беларусдаги вазиятни ҳамда мудофаа соҳасида ўзаро ҳамкорликни муҳокама қилади. Ҳафта давомида АҚШ дипломати Россия ва Украинага хизмат сафари билан боради.

«РИА-Новости» агентлигининг хабар беришича, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Беларусни тарк этган мухолифат аъзоларини «қон тўкилишини» исташда айблаган.

Лавров Москва Беларусь расмийларининг мухолифат билан диалог олиб бориш масаласида ҳар қандай қарорини қўллашини айтган. Айни пайтда, вазир белоруслар «ушбу вазиятдан қандай чиқишни ўзлари ҳал қилишлари лозими» дея қўшимча қилган.

Ўтган ҳафтада Беларусь мухолифати мувофиқлаштирувчи кенгашни ташкил этди. Бу ҳолатни Лукашенко «ҳокимиятни босиб олиш уриниши», деб баҳолади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG