Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:39

Европа Иттифоқи Беларусга қарши санкция жорий қилиш масаласини кўриб чиқмоқда


Беларусь президенти Александр Лукашенко Ички ишлар вазирлиги махсус қўшини тасарруфидаги ҳарбий техникани кўздан кечирмоқда. Минск, 2020, 28 июль
Беларусь президенти Александр Лукашенко Ички ишлар вазирлиги махсус қўшини тасарруфидаги ҳарбий техникани кўздан кечирмоқда. Минск, 2020, 28 июль

Европа Иттифоқи Беларусда норозилик намойишлари аёвсиз бостирилгани учун президент Александр Лукашенкога босимни кучайтирмоқчи. 14 август куни ЕИга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг навбатдан ташқари йиғини арафасида Беларусь расмийлари ҳибсга олинган бир неча юз намойишчини қўйиб юборди.

Озодликка чиқарилган намойишчиларнинг кўпчилиги даҳшатли шароитда ушлаб турилганини, калтакланганини ва таҳқирланганини сўзлаб берди. Amnesty International ташкилоти эса бу кўрсатмалардан мамлакатда намойишчилар кенг кўламда қийноққа тутилаётганини хулоса қилиш мумкинлигини билдирди.

ЕИ ва Беларусь муносабатлари янада ривожланиши учун мамлакатда кенг кўламли сиёсий ўзгаришлар содир бўлиши керак.

Беларусда амалдаги президент Лукашенко президент сайлови ғолиби бўлгани эълон қилингани ортидан 9 августда бошланиб кетган норозилик намойишлари давомида икки киши нобуд бўлди, 6 700 га яқин киши қўлга олинди. Сайловда Лукашенко 80 фоиз овоз олганини мухолифат номзоди Светлана Тихановская тан олмади ва мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель Беларусь расмийларини намойишчиларга қарши кескин чораларни тўхтатишга ҳамда инсон ҳуқуқлари ва демократик принципларни ҳурмат қилишга чақирди.

13 август куни Боррель «Кейинги ойларда белоруслар демократия ва инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини хоҳлашларини аниқ кўрсатдилар. ЕИ ва Беларусь муносабатлари янада ривожланиши учун мамлакатда кенг кўламли сиёсий ўзгаришлар содир бўлиши керак», деб ёзди.

13 август кини Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас ЕИ Минскдаги «ҳукмдорга босимни кучайтириши» кераклигини айтди.

XXI асрдаги Европада тинч намойишчиларга қарши шафқатсиз куч ишлатиш ҳамда уларни қўлга олиш тоқат қилинмаслиги аниқ.

- XXI асрдаги Европада тинч намойишчиларга қарши шафқатсиз куч ишлатиш ҳамда уларни қўлга олиш тоқат қилинмаслиги аниқ, - деди Маас.

Вазир Европа давлатлари Беларусга қарши санкция жорий қилиш масаласини кўриб чиқаётганини қўшимча қилди.

Amnesty International ташкилоти қўлга олинган намойишчилар аёвсиз калтакланганини билдирди. Ташкилотнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Мари Стразерс:

- Қўйиб юборилган шахслар изоляторлар қийноқхоналарга айлантирилганини, у ерда намойишчилар ифлос ерда ётишга мажбурланганини, полиция эса уларни тўқмоқ билан калтаклаганини ва тепганини сўзлаб беришди, - деди.

Бу орада Эстония, Латвия, Литва ва Полша етакчилари «Беларусдаги бўҳронга тинч ечим топиш учун» яраштирувчи вазифасини ўташ таклифи билан қўшма билдирув эълон қилди.

Билдирув Беларусда «миллий диалог» олиб бориш мумкин бўлган форумни тузишга чақирди.

Тихановская турмуш ўртоғи, таниқли блогер Сергей Тихановский президентликка номзодини кўрсатиш истагини изҳор қилганидан кейин қамоққа олингани учун ўз номзодини кўрсатишга қарор қилган эди. Сайловда Тихановскаяни четлатилган икки номзод яқиндан қўллади.

Уларнинг бири Валерий Цепкало бўлиб, у сайлов олдидан Беларусни тарк этди. Ўтмишда Беларусь элчиси лавозимида ишлаган Цепкало ЕИни Тихановскаяни президент деб тан олишга чақирди.

2010 йилги сайлов арафасида Беларусда мухолифат сиқувга олингани учун ЕИ мамлакатга қарши санкция жорий қилган эди.

2016 йилда сиёсий маҳбуслар озод этилиши ортидан ушбу чекловларнинг аксари бекор қилинган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG