Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:46

Тихановская Европа давлатларини Беларус «уйғонишини» қўллашга чорлади


Минск Мустақиллик майдонига 18 август куни ўн минглаб мухолифат тарафдорлари намойишга чиқди.
Минск Мустақиллик майдонига 18 август куни ўн минглаб мухолифат тарафдорлари намойишга чиқди.

19 август куни Беларусь президенти Александр Лукашенкога қарши норозилик намойишларининг ўн биринчи куни бошланди.

Мухолифатнинг сўнгги сайловдаги президентликка номзоди Светлана Тихановская айни куни видеомурожаат эълон қилиб, Европа давлатлари етакчиларини ўз мамлакати «уйғонишини» қўллашга чорлади.

Европа Иттифоқи етакчилари 19 август куни навбатдан ташқари видео саммит ўтказиб, Беларусдаги вазиятни муҳокама қилади.

9 август куни бўлиб ўтган сайловда амалдаги президент Лукашенко 80,1 фоиз овоз тўплагани, унинг асосий рақиби Светлана Тихановская эса атиги 10,1 фоиз овоз олгани эълон қилинди.

Сайлов натижалари эълон қилиниши ортидан ҳам Беларусда, ҳам хорижда сайлов натижалари сохталаштирилгани ҳақида шубҳа пайдо бўлди. Сайловолди раллиларида ўн минглаб одам қатнашган Тихановская аслида 60-70 фоиз овоз тўплаганини иддао қилмоқда.

18 август куни мухолифат мувофиқлаштирувчи кенгаши ташкил этилди. Лукашенко кенгаш тузилганини «ҳокимиятни босиб олиш уриниши», деб баҳолади.

Кенгаш аъзоларини «ошкора нацистлар» деб атаган Лукашенко ўз сўзи давомида:

- Улар оз эмас, кўп эмас, ҳокимиятни топширишни талаб қилишмоқда. Демак, биз буни ҳокимиятни босиб олиш уриниши сифатида баҳолаймиз, деди.

Лукашенко кенгаш аъзоларига нисбатан «адекват чоралар кўрилиши» билан таҳдид қилди.

Ўз видеомурожаатида Тихановская ЕИ етакчиларини сайлов натижаларини тан олмасликка чорлаб, Лукашенко Беларусь халқи ҳамда бутун жаҳон назарида легитимлигини йўқотганини таъкидлади.

Инглиз тилида сўзлаган Тихановская сайловдан кейин тинч намойишчиларга қарши кескин куч қўлланилганини қоралади.

Европа кенгаши президент Шарль Мишель Беларусь халқи «ўз келажагини ҳал қилишга ҳамда ўз етакчиларини эркин танлашга ҳақли» эканлигини айтди.

18 август куни Мишель Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашиб, Беларусда сайлов натижалари сохталаштирилгани ҳақидаги гумон ва намойишчиларга қарши чораларини муҳокама қилди. 18 август куни Германия канцлери Ангела Меркель ва Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам Путин билан суҳбатлашди.

Меркель матбуот хизматининг маълум қилишича, канцлер Беларусь расмийлари тинч намойишчиларга қарши куч ишлатмаслиги кераклигини ҳамда сиёсий маҳбусларни озод қилиши кераклигини айтган. Шунингдек, Меркель Лукашенко мухолифат билан музокара олиб бориши кераклигини айтган.

Кремль суҳбатлар ҳақида эълон қилган билдирувда Россиянинг вазият нормаллашишига умид қилаётгани айтилди. Бир вақтнинг ўзида Кремль Беларусь ички ишларига бошқа мамлакатлар аралашмаслиги кераклигини таъқидлади.

Дам олиш кунлари Лукашенко ҳам Путин билан икки марта суҳбатлашди. Россия матбуотига кўра¸ Путин Беларусга хавфсизлик ёрдамини кўрсатишни ваъда қилган.

Сайлов ортидан Литвага қочишга мажбур бўлган Тихановская 16 август куни «миллий лидер бўлишга тайёр экани»ни билдирди.

- Мен мамлакатимизда барқарорлик ўрнатилиши, нормал ҳаёт тарзига қайтиши, барча сиёсий маҳбуслар қамоқлардан озод этилиши ва қисқа муддатда янги президентлик сайлови ўтказилишига имконият яратиб берувчи қонунчилик базаси ишланиб чиқиши учун масъулиятни ўз зиммамга олиб, миллий лидер сифатида майдонга чиқишга тайёрман, деди Тихановская ўз баёнотида.

Беларусдаги норозилик намойишлари Марказий сайлов комиссияси Лукашенкони президентлик сайловининг расмий ғолиби бед эълон қилгани ортидан бошланиб кетди.Ҳозиргача норозилик намойишларида қатнашган 7 мингга яқин одам ҳибсга олинди, икки одам ўлди. Беларусь полицияси намойишчиларни аёвсиз калтаклади, айрим ҳолатларда намойишчиларга ўқотар қуролдан ўт очилди.

Намойишчиларга қарши қўлланилган кескин чоралар Лукашенкога қарши кайфиятни кучайтирди. Мамлакатдаги йирик корхоналар ишчилари норозилик намойишларини давом эттириб, муддатсиз иш ташлаш эълон қилди. Мамлакат бўйлаб ëйилиб бораëтган иш ташлаш қатнашчилари ҳам Лукашенко истеъфосини талаб қилмоқда.

XS
SM
MD
LG