Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:46

Диний эркинликлар бўйича АҚШ Халқаро комиссияси Ўзбекистонни “қора рўйхат"дан чиқарди


Диний эркинликлар бўйича АҚШ Халқаро комиссияси (USCIRF) 28 апрель куни эълон қилган навбатдаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистонни “алоҳида хавотирга молик давлатлар” рўйхатидан чиқарди.

Ҳисоботда АҚШ Давлат департаментига Ўзбекистонни “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатига киритиш тавсия қилинган.

USCIRF Ўзбекистон 2019 йил давомида диний эркинликлар масаласида бир қатор ижобий қадамларни ташлаганини эътироф этди ва асосан диний мотивлар билан айбланиб судланганлар жазо ўтайдиган “Жаслиқ” қамоқхонасининг ёпилганини олқишлади.

Диний эркинликлар бўйича АҚШ Халқаро комиссияси 2019 йил 29 апрель куни жамоатчилик эътиборига тақдим этилган ҳисоботида Ўзбекистонга диний мотивлар билан қамалганларнинг асосий қисми сақланаётган Жаслиқ қамоқхонасини ёпишни ҳам маслаҳат берганди.

Комиссия, шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматига 1998 йилда қабул қилинган дин тўғрисидаги қонунни қайта кўриб чиқиб, ислоҳ қилишни, диндорларнинг ҳуқуқларини халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларига тенглаштиришни таклиф қилганди.

2018 йил декабрида АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни “алоҳида хавотирга молик давлатлар” рўйхатидан чиқариб, уни “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатига тиркаган эди. Бироқ USCIRF Давлат департаментининг бу қарорига норозилик билдирган. Аммо Давлат департаменти бу норозиликка қарамай, Ўзбекистонни “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатида қолдирган.

Диний эркинликлар бўйича АҚШ Халқаро комиссияси 2005 йилдан буён Ўзбекистонни “алоҳида хавотирга молик давлат” сифатида қайд этиб келган.

Президент Мирзиёев 2017 йилнинг 1 сентябрида мамлакатда “диний-экстремист оқим аъзолари рўйхати”да бўлган 17 минг одамдан 16 минг нафари назоратдан чиқарилгани, улардан 9 минг 500 нафари иш билан таъминланганини ҳам айтган эди.

2018 йилнинг май ойида АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонда диний эркинликлар вазиятини яхшилашга қаратилган қадамларни олқишлаган ҳолда, бу жараён секинлик билан олиб борилаётганини эътироф этганди.

2020 йилги ҳисоботда 15та давлат "махсус кузатув остида" бўлиши кераклиги, 14та давлатдаги диний вазият эса "алоҳида хавотирга молик" экани айтилган.

Ҳисоботда, шунингдек, Хитойда 1 миллион 800 минг уйғур махсус лагерларда сақланаётгани, Россияда айрим диний гуруҳларга қарши қувғинлар, Покистонда аёлларни ислом динини қабул қилишга мажбурлаш каби ҳолатлар ҳам акс этган.

2004 йилдан бери биринчи марта Ҳиндистон диний эркинликларни бузувчи давлатлар рўйхатига киритилди.

Ҳиндистонда ўтган йили Афғонистон, Бангладеш ва Покистондан келган мусулмон бўлмаган ноқонуний мигрантларга енгиллатилган тарзда фуқаролик бериш тўғрисидаги қонун қабул қилинган эди. Ҳинд мусулмонлари бу қонунга қарши норозилик намойишлари ўтказган ва намойишлар тўқнашувлар билан якунланган. Ҳиндистонда 200 миллионга яқин мусулмон яшайди.

Бундан ташқари ўтган йилнинг августида ҳинд ҳукумати Кашмирнинг Ҳиндистонга қарашли қисмининг мухтор ҳуқуқларини бекор қилганди. Асосан мусулмонлар яшовчи мазкур ҳудуд мақомининг бекор қилинишига Покистон норозилик билдирган.

XS
SM
MD
LG