Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:49

АҚШ Ўзбекистонни диний тоқатлилик энг ёмон бўлган мамлакатлар рўйхатидан олиб ташлади


АҚШ давлат котиби Майк Помпео
АҚШ давлат котиби Майк Помпео

Қўшма Штатлар Ўзбекистонни охирги 13 йилда биринчи марта диний тоқатлилик бўйича энг ёмон кўрсаткичга эга мамлакатлар рўйхатидан олиб ташлади.

Давлат котиби Майк Помпео, 21 июнь куни диний эркинликлар ҳақидаги АҚШ Давлат департаментининг йиллик ҳисоботини тақдим этаркан, Ўзбекистон эришган ютуқларга алоҳида тўхталди.

Ўзбекистонда ҳали кўп ишлар қилиниши керак, аммо 13 йил ичида биринчи марта Ўзбекистон алоҳида хавотирга молик давлатлар сирасига киритилгани йўқ”, деди Помпео Вашингтонда бўлиб ўтган анжуманда.

"Биз [диний гуруҳларни] рўйхатга олиш бўйича ҳуқуқий ислоҳотлар ўтказилишига умид қилиб қоламиз. Ўшанда кўпроқ гуруҳларда эркин ибодат қилиш ва болаларда ота-оналари билан масжидларга бориш имкони пайдо бўлади”, деди Помпео.

Уч йил муқаддам ҳокимият тепасига келган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатни олдинги авторитар президентдан мерос қолган изоляциядан олиб чиқишга ҳаракат қилмоқда.

"Ўзбекистон 1500дан зиёд диний маҳкумларни озод қилди ва диний қарашлари учун қора рўйхатга киритилган 16 минг одамга яна хорижга чиқишларига рухсат берди," деди Помпео ҳисоботни тақдим этаркан.

Бу Қўшма Штатларга Ўзбекистонни Эрон, Саудия Арабистони, Туркманистон ва Тожикистон каби диний эркинликлар чекланган мамлакатлар рўйхатидан чиқариб ташлашига имкон берди.

Давлат департаментининг диний эркинликлар бўйича йиллик ҳисоботи ўтган йил давомида диний эркинликларни яхшилаш сари Ўзбекистон ташлаган бошқа одимларга, жумладан БМТ вакили татбиқ этишни сўраган 12та тавсиядан иборат режани ҳам қабул қилганига эътибор қаратган.

Ўзбекистон 2018 йилда охирги 8 йил ичида биринчи марта черковни рўйхатга олди ва "Иегова Гувоҳлари"ни полиция томонидан таъқиб этилишини тўхтатди.

Давлат департаменти ҳисоботига кўра, "Иегова гувоҳлари" гуруҳини таъқиб этиш 50 фоиздан кўпроққа озайган.

2018 йил декабрида Ўзбекистон ҳукумати "Иегова гувоҳлари" каби диний ташкилотлар ва гуруҳларга қарши рейдларни тўхтатишини эълон қилди, лекин мазкур баёнотдан кейин камида бир рейд амалга оширилди, дейилади ҳисоботда.

Унда қўшимча қилинишича, вазият яхшиланган эса-да, мамлакат расмийлари ҳали ҳам диний эркинликларга тўсқинлик қилишга уринмоқда.

Расмий Тошкент ўтган йили католик ёшларининг ёзги лагерини тақиқлаб қўйди, Таълим вазирлиги эса болаларга ҳижоб ўрашни тақиқловчи янги дресс-кодни жорий этди.

XS
SM
MD
LG