Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:34

Cotton Campaign: Ўзбекистонда пахтага давлат буюртмаси бекор қилинганини олқишлаймиз, лекин...


Ғарб давлатларидаги ҳуқуқ ҳимоячилари¸ бизнес ва инвестиция гуруҳларидан тузилган Cotton Campaign коалицияси 2010 йили болалар ва мажбурий меҳнат эвазига терилган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.
Ғарб давлатларидаги ҳуқуқ ҳимоячилари¸ бизнес ва инвестиция гуруҳларидан тузилган Cotton Campaign коалицияси 2010 йили болалар ва мажбурий меҳнат эвазига терилган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

Таркибида бир қанча инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва йирик кийим-кечак брендларини бирлаштирган Cotton Campaign коялицияси Ўзбекистонда 2020 йил ҳосилидан бошлаб пахтага нисбатан давлат буюртмаси бекор қилинганини олқишлади.

Cotton Campaign делегацияси таркибида ўтган ой Ўзбекистонда бўлган Ўзбекистон-Германия форуми инсон ҳуқуқлари ташкилоти ходими Линн Швайзфурз 7 март куни Озодлик билан суҳбатда пахта етиштиришда давлат якка ҳокимлигини тугатиш Ўзбекистон ҳукумати олдига улар қўйган йўл харитаси бўйича талаблардан бири эканини айтди.

Швайзфурзнинг таъкидлашича, пахтага давлат квотасини бекор қилиш таклифидан асосий мақсад пахта саноатидаги мажбурий меҳнатни тугатиш бўлган.

Лекин коалиция "Президент қарорининг амалдаги ижроси қандай бўлади? Бу ўзгаришлар фермер ва деҳқонларга қанчалик эркинлик олиб келади?" деган саволларга жавоб топиш мақсадида президент қарори ижросини яқиндан кузатиб боради.

6 март куни Review.uz нашри Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарорни қабул қилгани ҳақда хабар қилганди.

Қарорга кўра, "Ўзпахтасаноат" акционерлик жамияти тугатилади, 2020 йил ҳосилидан бошлаб Ўзбекистонда давлат томонидан пахта хом ашёси ишлаб чиқариш ва сотиш режасини белгилаш амалиёти бекор қилинади, пахта хом ашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилади, пахта хом ашёси етиштирувчиларга районлаштирилган навларни эркин танлаш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон-Германия форуми инсон ҳуқуқлари ташкилоти ходими Линн Швайзфурз:

- Биз бу ўзгаришларни олқишлаймиз. Ўзбекистон- Германия форуми, қолаверса Cotton Campaign айнан шуни қилишни йиллардан бери ўзбек ҳукуматидан талаб қилиб келаётганди. Чунки пахта саноатида давлат квотаси йиллардан бери мажбурий меҳнат хамртуриши бўлиб келган. Лекин қарорнинг бажарилиши қандай бўлади, бу ўзгаришлар фермер ва деҳқонларга қанчалик эркинлик олиб келади, биз буни кузатишда давом этамиз. Шу пайтгача давлатга тобе бўлган деҳқонлар энди кластерларга тобе бўлиб қолмайдими, деган хавотирлар ҳам бор. Бу ўзгаришлар амалда қандай бўлади, кўрамиз, - деди Линн Швайзфурз.

Cotton Campaign меҳнат ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар, инвестор ва бизнес-ташкилотларининг халқаро коалицияси бўлиб, мақсади пахта етиштиришда болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатга йўл қўймасликдир.

Коалиция мажбурий меҳнат маҳсули деб кўриладиган ўзбек пахтаси маҳсулотларининг жаҳонга машҳур текстил ва тайёр кийим ишлаб чиқарувчи компаниялар томонидан бойкот қилиниши ташаббускори саналади.

Ўзбекистон-Германия форуми вакилига кўра, Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатни тугатиш борасида сезиларли ишлар қилган бўлса-да, уни тугата олмагани учун ўзбек пахтасига бўлган юздан ортиқ ширкатнинг бойкоти ўз кучида қолмоқда.

- Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий меҳнатни тугатиш уринишлари таҳсинга сазовор, лекин бу борада барқарор натижага эришиш учун журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаолларининг бу борадаги изланишларига тўсқинлик қилинмаслиги керак, - деди Линн Швайзфурз.

Ғарб давлатларидаги ҳуқуқ ҳимоячилари¸ бизнес ва инвестиция гуруҳларидан тузилган Cotton Campaign коалицияси 2010 йили болалар ва мажбурий меҳнат эвазига терилган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган ва бу бойкотга умумий капитали 1 триллион долларга тенг бўлган Nike, Zara, GAP, C&A, Levi's, H&M, UNIQLO каби етакчи кийим-кечак ва тўқимачилик ширкатлари қўшилган эди.

​Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимларининг ихтиёрига зид равишда 2019 йилда ҳам пахтага мажбурлангани ҳақида Озодлик хабар берган.

XS
SM
MD
LG