Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:46

Ўзбекистон Қодиров "жиноий шериги"ни қидирувдан олиб ташлади. Испан суди экстрадицияни тўхтатди


Алишер Ходиев март ойида Барселонада ҳибса олинган эди.
Алишер Ходиев март ойида Барселонада ҳибса олинган эди.

Испания суди Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодировнинг “жиноий шериги” сифатида кўрилган тадбиркор Алишер Ходиевни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақидаги дастлабки ажримини бекор қилган ва уни қамоқдан озод этган.

Испания суди 7 августда чиқарган ажрим нусхаси Озодликка 40 яшар Алишер Ходиевнинг адвокати Хуан Карлос Брей орқали 28 августда етиб келди.​

Айни дамда, Хуан Карлос Брейнинг Озодликка маълум қилишича, у Ўзбекистон Бош прокуратураси вакилига ишончсизлик билдирган.

Алишер Ходиев Испания полицияси томонидан шу йилнинг 10 мартида Барселона шаҳрида Ўзбекистон Бош прокуратураси талаби билан ҳибсга олинган эди.

Алишер Ходиев Ўзбекистон томонидан товламачалик, фирибгарлик ва жиноий йўллар билан топилган пулларни легаллаштиришда айбланаётган эди.

Унга қарши илгари сурилган айбловлар Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг бир қисми сифатида кўрилаётган эди.

Ажримни бекор қилган ажрим

Испания суди чиқарган ажрим нусхаси
Испания суди чиқарган ажрим нусхаси

17 июль куни Испания суди Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан халқаро қидирувга берилган 40 яшар Алишер Ходиевни экстрадиция қилиш ҳақида ажрим чиқарган эди.

7 август кунги янги ажримга кўра, экстрадиция ҳақидаги қарорнинг бекор қилинишига Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Алишер Ходиевга нисбатан халқаро қидирувни олиб ташлагани сабаб бўлган.

Озодлик саволларига ёзма жавоб берган Алишер Ходиевнинг адвокати Хуан Карлос Брейга кўра, суднинг сўнгги ажримига Ўзбекистон Бош прокуратураси эътироз билдирмаган, аммо Алишер Ходиевнинг Ўзбекистонга қайтиб, кўрсатма бериши зарурлигини уқтирган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Алишер Ходиевга нисбатан халқаро қидирувнинг олиб ташлангани сабабига оид Озодлик сўровига ҳозирча расмий жавоб бермади.

Адвокат эътирозлари

Алишер Ходиев 7 августда озод этилган
Алишер Ходиев 7 августда озод этилган

Айни пайтда, Алишер Ходиевнинг адвокати Хуан Карлос Брей, Озодлик саволларига ёзма жавоб бераркан, Ўзбекистондан келган Бош прокуратура вакили Исроил Адҳамовга расман ишончсизлик билдирганини маълум қилди.

Хуан Карлос Брейнинг иддао қилишича, бунга Испания судида ҳимоя томонининг тақдим этган ҳужжатлар Ўзбекистонда олиб борилаётган тергов ишларига бириктирилмагани, Ўзбекистон прокуратураси ходимининг "объективлигига шубҳа" борлиги сабаб бўлган.

Озодлик айни иддаоларга изоҳ сўраб, 28 август куни Ўзбекистон Бош прокуратураси вакили Исроил Адҳамовнинг ўзига бир неча бор қўнғироқ қилди.

Аммо прокуратура вакили Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади. ​

Алишер Ходиевга қарши илгари сурилган айблов хулосаси бир шахс - Ўзбекистондаги қатор йирик корхоналар раҳбари, етакчи тижорий банклардан бири "Инфинбанк"нинг энг йирик ҳиссадори - Фарҳод Маматжонов берган шикоят аризаларига асосланган.

"Жиноий шерик"

Рашитжон Қодиров
Рашитжон Қодиров

Ўзбекистон Бош прокуратураси Алишер Ходиевни собиқ бош прокурорнинг "жиноий шериги" деб ҳисоблаб келаётган эди.

Алишер Ходиев Рашитжон Қодировнинг ёлғиз ўғли Алишербек Қодировнинг талабалик даври дўстидир.

У Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган Corris Invest масъулияти чекланган жамиятнинг (МЧЖ) директоридир.

Рашитжон Қодировнинг 39 яшар ўғли Алишербек Қодиров ҳам Ички ишлар вазирлиги тарафидан 2018 йилнинг 5 март куни халқаро қидирувга берилган.

Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров жорий йилнинг 22 февралида ҳибсга олинди.

2000 йилдан 2015 йилга қадар Ўзбекистон прокуратура тизимига раҳбарлик қилган 66 яшар Рашитжон Қодиров Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси ("товламачилик"), 167-моддаси ("ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш"), 184-моддаси ("солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш"), 210-моддаси ("пора олиш") ва 236 моддаси (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш) да кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Бош прокуратура бу идоранинг собиқ бошлиғи иши доирасида яна 24 кишига айблов эълон қилинганини билдирган.

XS
SM
MD
LG