Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:43

Испан суди Қодировнинг "жиноий шериги"ни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида ажрим чиқарди


Ўзбекистонлик тадбиркор Алишер Ходиев.
Ўзбекистонлик тадбиркор Алишер Ходиев.

17 июль куни Испания пойтахти Мадридда суд халқаро қидирувда бўлган ўзбекистонлик тадбиркор Алишер Ходиевни экстрадиция қилиш ҳақида ажрим чиқарди.

Озодликка етиб келган ажримга кўра, Испания суди Алишер Ходиевни Ўзбекистонга топшириш қарорини унга қўйилаётган айбловларнинг сиёсий, диний ёки ирқий эмас, балки иқтисодий характерга эга экани, Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёевнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида бошлаган ислоҳотлари халқаро ташкилотлар томонидан ижобий баҳоланаётгани билан изоҳлаган.

Ажрим асослари

Суд ўз ажримини¸ асосан¸ қуйидаги факторларга асосланиб чиқарганини билдирган:

1. Алишер Ходиевга Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан илгари сурилган айбловдаги "фактлар иқтисодий характерга эга, уларда диний, ирқий ёки идеологик асосларнинг йўқлиги кўриниб турибди";

2. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар, жумладан Amnesty International, президент Мирзиёевнинг Ўзбекистонда "кенг кўламли сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказаётгани"ни ижобий баҳолаган;

3. Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган БМТнинг барча конвенцияларини имзолаган;

4. Алишер Ходиев, агар Ўзбекистонга юборилса, "ноинсоний" қийноқларга тутилиши ҳақидаги иддаоларини аниқ фактлар билан исботлаб бера олмаган.

Испан судининг Алишер Ходиевни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида чиқарган қарорининг Озодликка юборилган нусхаси.
Испан судининг Алишер Ходиевни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида чиқарган қарорининг Озодликка юборилган нусхаси.

Адвокатлар эътирози

Алишер Ходиев ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган Bray&Avalo Abogados адвокатлик ширкати вакили Озодликка суд ажрими устидан апелляция тарзида шикоят киритиш масаласини кўриб чиқаётганини билдирди.

Унинг маълум қилишича, 10 июлда бўлиб ўтган суд эшитувлари пайтида ширкат адвокати Хуан Карлос Брей Ходиевга қарши илгари сурилган айбловларда фактларнинг йўқлигига ишора қилган ва "таъқиблар сиёсий важларга асосланган"ини таъкидлаган.

У, шунингдек, Алишер Ходиев яқинлари ва қариндошларига босимлар бўлаётганига эътибор қаратган.

Собиқ бош прокурорнинг "жиноий шериги"

39 яшар Алишер Ходиев Испания полицияси томонидан шу йилнинг 20 мартида Барселона шаҳрида Ўзбекистон Бош прокуратураси талаби билан ҳибсга олинган эди.

Алишер Ходиев Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан товламачалик, фирибгарлик ва жиноий йўллар билан топилган пулларни легаллаштиришда айбланмоқда.

Унга қарши илгари сурилган айбловлар Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг бир қисмидир.

Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров жорий йилнинг 22 февралида ҳибсга олинган эди.

2000 йилдан 2015 йилга қадар Ўзбекистон прокуратура тизимига раҳбарлик қилган 66 яшар Рашитжон Қодиров Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси ("товламачилик"), 167-моддаси ("ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш", 184-моддаси ("солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш"), 210-моддаси ("пора олиш") ва 236 моддаси (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш)да кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Алишер Ходиевни собиқ бош прокурорнинг "жиноий шериги" деб билади.

Алишер Ходиев Рашитжон Қодировнинг ёлғиз ўғли Алишербек Қодировнинг талабалик даври дўстидир.

Рашитжон Қодировнинг 39 яшар ўғли Алишербек Қодиров ҳам Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тарафидан 2018 йилнинг 5 март куни халқаро қидирувга берилган.

Озодликнинг Алишербек Қодировнинг ҳозирда қаердалиги масаласида берган саволига Бош прокуратура матбуот хизмати "бу масала тергов сири доирасида бўлганлиги сабабли¸ бу ҳақда маълумот бериш имкони йўқ"лигини билдирди.

Прокуратура айблови

Алишер Ходиев собиқ бош прокурор ҳибсга олинганидан кўп ўтмай халқаро қидирувга берилган эди
Алишер Ходиев собиқ бош прокурор ҳибсга олинганидан кўп ўтмай халқаро қидирувга берилган эди

Испания прокуратурасига Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан 9 март куни тақдим этилган айблов бир шахс - Ўзбекистондаги қатор йирик корхоналар раҳбари, етакчи тижорий банклардан бири "Инфинбанк"нинг энг йирик ҳиссадори - Фарҳод Маматжонов берган шикоят аризаларига асосланган.

Бош прокуратура тақдим этган ҳужжатларда иддао қилинишича, Алишербек Қодировнинг талабалик даври дўсти бўлган Алишер Ходиев, "жиноий жавобгарликка тортиш" билан таҳдид қилиб, Фарҳод Маматжоновдан 2009-2013 йиллар давомида жами етти ҳолатда 2 миллион 600 минг доллардан кўпроқ маблағни олиб қўйган.

Мазкур жиноятларни, Бош прокуратуранинг даъво қилишича, Алишер Ходиев Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодиров, унинг ўғли Алишербек Қодиров, тижорий шериги Хайрулло Мусабоев ва бошқалар билан бирга "олдиндан жиноий тил бириктириб" амалга оширган.

Бош прокуратура ҳужжатида еттита ҳолатнинг ҳар бирида:“А. Қодиров Р. Қодировнинг ёлғиз ўғли экани ва унга таъсир кўрсата олишидан хабардор бўлган Ф. Маматжонов... талаб қилинган ... маблағни А. Ходиев ва А. Қодировга беришга мажбур бўлган” деб ëзилган.

XS
SM
MD
LG