Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:45

Бош прокуратура прокурор Мирзаев ва оиласига жиноий иш очилгани ҳақидаги Озодлик хабарини бир ойча ўтиб тасдиқлади


22 март куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Озодликнинг 1 март кунги хабарини тасдиқловчи¸ айни пайтда¸ ўзининг 2 март кунги раддиясини рад қиладиган янги баëнот эълон қилди.

ТАСДИҚ

ФУҚАРОЛАР ДИҚҚАТИГА” деб номланган 22 март санаси қўйилган сўнгги билдиришномасида Бош прокуратура матбуoт хизмати қуйидагиларни ëзади:

Бош прокуратура томонидан Р.Қодировга нисбатан ўтказилаётган жиноят иши тергови доирасида Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари М.А.Мирзаев, унинг турмуш ўртоғи М.Х.Мирзаева, ўғли А.М.Мирзаев иштирокида жуда кўп миқдорда пора олиш, бошқа мансабдорлик жиноятларини содир этганлик ҳолатлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу муносабат билан, агар Сиз кўрсатилган шахслар томонидан содир этилган пора олиш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ёки бошқа жиноий қилмишлар оқибатида жабрланувчи ёки гувоҳ бўлган бўлсангиз, Бош прокуратурага ариза билан мурожаат қилишингиз ёки 233-63-33, 236-00-76 телефон рақамлари орқали хабар беришингиз мумкин."

Озодлик хабар қилган эди...

1 март куни Озодлик Ўзбекистон ҳуқуқ тизимлари мулозимлари ва бевосита гувоҳларга таянган ҳолда¸ расмий лавозимига кўра¸ Тошкент шаҳар прокурорининг 1-ўринбосари бўлгани ҳолда¸ бутун прокуратура тизимини бошқариб келгани айтиладиган Мирағлам Мирзаев¸ унинг хотини ва ўғлининг 23 февраль куни махсус рейд билан олиб кетилганини хабар қилган эди.

Озодлик манбалари¸ Мирзаевларнинг собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров иши доирасида олиб кетилгани ва уларнинг Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210-моддаси (Пора олиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланаëтганини билдирган эди.

Бош прокуратуранинг Озодлик 1 март куни боғланган расмийлари "бу воқеа ҳақида маълумотга эга эмаслигини”ни айтиш билан чекланган¸ аммо 2 март куни матбуот хизмати Мирзаевлар юзасидан Озодлик тарқатган хабарни Озодлик номини тилга олмай туриб¸ рад этишга уринган эди.

Озодлик хабарига раддия...

Бош прокуратура расмий сайтида 2 март куни чоп этилган “РАДДИЯ” номли баëнотда:

“Интернет тармоғида (шу кунларда Ўзбекистон расмий идоралари ва маҳаллий матбуотда аниқ қилиб Озодлик дейиш ўрнига айни шу ва шунга ўхшаш абстракт сўз қўллаш урф бўлган – таҳр.) Ўзбекистон Республикаси собиқ бош прокурори Р.Қодировга нисбатан Бош прокуратура томонидан қўзғатилган жиноят иши бўйича Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари М.Мирзаев ва унинг оила аъзолари ушланганлиги тўғрисида хабар тарқатилган. Бош прокуратура ушбу маълумот ҳақиқатга мувофиқ эмаслигини маълум қилади”¸ дейилган эди.

Ўз раддиясини ўзи рад этиш анъанаси?

Бу Ўзбекистон Бош прокуратурасининг ўз раддиясини ўзи рад этишининг биринчи намунаси эмас.

Бундан аввал 23 февраль куни Бош прокуратура матбуот хизмати Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодировнинг 22 февраль куни ушлангани ва устидан жиноий иш очилгани ҳақида Озодлик 23 февралда тарқатган хабарга маҳаллий матбуот орқали раддия берган эди.

Аммо 24 февраль куни Бош прокуратура ўз раддиясини рад этиб¸ ëзма баëнот чиқарган ва Қодировнинг ҳибсга олингани ҳақида Озодлик тарқатган хабарни тасдиқлаган эди.

Озодликнинг 22 февраль кунги хабарининг 24 февраль кунги расмий тасдиғи.
Озодликнинг 22 февраль кунги хабарининг 24 февраль кунги расмий тасдиғи.

Расмий тизимларга жўровоз матбуот

25 йил мобайнида кучли цензура остида фақат расмий идоралар берган ва бугун ëлғонлигини президент Шавкат Мирзиëевнинг ўзи қайта-қайта такрорлаëтган маълумотларни тарқатиш билан шуғулланиб келган Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида "давлат идораси" номидан бериладиган хабарларни суриштириш анъанаси ҳали ҳам шаклланмаган.

Кейинги ойлар давомида Ўзбекистондаги шов-шувли воқеалар ҳақида ҳукумат идоралари тарқалишини истамаган маълумотларнинг Озодликда биринчи бўлиб ëйинланиши ортидан прокуратура¸ ички ишлар ва ҳокимият идораларининг "раддия" чиқариши урфга айланмоқда.

Бундай маълумотнинг нечоғли асосли эканини ўз манбалари орқали текшириш имконига эга бўлгани ҳолда¸ Ўзбекистон ичкариси ва хориждаги айрим матбуот нашрлари¸ расмий раддияларни "копи-пейст" (copy-paste) қилишда давом этмоқда.

Кўп ўтмай расман рад этилаëтган расмий раддияларни тарқатиш¸ маҳаллий матбуотнинг мустақил бўлишига тўсиқ бўлаëтган омиллардан бири сифатида кўрилмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизматида "маълумот йўқ"

Бош прокуратуранинг сўнгги баëнотида “жуда кўп миқдорда пора олиш, бошқа мансабдорлик жиноятларини содир этганлик ҳолатлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаëтган” Мирзаевларнинг ушланган-ушланмагани¸ оғир жиноятларда гумонланаëтган бу шахсларга нисбатан қандай эҳтиëт чораси қўлланилганига оид бирор маълумот йўқ.

Бош прокуратура матбуот хизмати расмийси Озодлик билан 22 март кунги қисқа суҳбатда яна бу саволга жавоб бўладиган маълумоти йўқлигини билдириш билан чекланди.

Озодлик аниқламаси

Мирзаевларнинг 23 февраль куни махсус амалиëт чоғида олиб кетилганини Озодликка билдирган ҳуқуқ тизимидаги мулозимлар¸ Мирағлам Мирзаевнинг ўғли Абдурашид Мирзаевнинг сўроқдан кейин қўйиб юборилгани¸ аммо оиласини олиб Москвага қочишга уринган маҳали¸ 6 март куни Тошкент аэропортида қўлга олинганини хабар қилган эди.

Абдурашид Мирзаевни Москва рейсига чиқиш олдидан ушлаган махсус гуруҳ зобитларидан бири Озодликка воқеа жойидан олингани айтилган ушбу фотосуратни ҳам юборган эди.

Мирағлам Мирзаевнинг ўғли¸ бу суратни юборган мулозимга кўра¸ 6 март куни эрталаб Тошкент аэропортида ушланган.
Мирағлам Мирзаевнинг ўғли¸ бу суратни юборган мулозимга кўра¸ 6 март куни эрталаб Тошкент аэропортида ушланган.

Ўзбекистон прокуратура¸ ички ишлар¸ МХХ ¸ суд ва адвокатура тизимида "уюшган жиноий гуруҳ" тузиб¸ улардаги кадрлар тайинловидан тортиб¸ маҳкама чиқарадиган ҳукмларга қадар жуда катта миқдордаги пора эвазига белгилаб келгани иддао қилинаëтган Мирзаевлар юзасидан бораëтган тергов амалиëтларига оид ҳужжат-далиллар¸ гумонланаëтганларнинг ҳозирда қаерда сақланаëтгани¸ терговни ким¸ қаерда олиб бораëтганига оид ҳужжат-далиллар ҳозирча Озодлик ихтиëрида мавжуд эмас.

Бундай тафсилотлардан бевосита ëки билвосита хабардор бўлсангиз¸ ўзингиздаги маълумотларни¸ шахсингиз сир қолиш кафолати эвазига¸ Озодликка юборишингиз мумкин.

Шунингдек¸ собиқ Бош прокурор ва Мирағлам Мирзаев гуруҳи¸ қолаверса¸ собиқ МХХ раҳбар ва зобитларидан жабр кўрганлар ҳам ўз ҳикояларини Озодлик орқали жамоатчилик билан ўртоқлашиш имконига эга.

XS
SM
MD
LG