Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:42

Самарқандни Мирзиёевга бўяб-бежаб кўрсатиш яна тадбиркорга юкланди


Самарқандлик тадбиркорлар Пахтачи туман ҳокимлиги томонидан Мирзиёев ташрифига тайёргарлик ишлари тўлиғича ўз зиммасига юклатилганини айтмоқда. Озодлик суҳбатлашган бир неча тадбиркорга кўра, уларга президент кортежи юрадиган йўл бўйидаги уй ва бинолар фасадини безаш буюрилган¸ бундай оғзаки буйруққа эътироз билдиришга¸ ўтмишдаги каби¸ ҳеч ким журъат топмаган.

40 км йўлдаги бинолар фасади безалмоқда

Мирзиёевнинг Навоий ва Самарқандга кейинги ойда кутилаётган ташрифи олдидан иккала вилоятда ҳам ободонлаштириш ишлари авжига чиққан.

Самарқанднинг Пахтачи туманидаги бир гуруҳ тадбиркорлар номидан Озодликка бўлган мурожаатда айтилишича, улар Навоий-Самарқанд йўналишидаги М-37 йўлининг 40 километр узунликдаги қисмида бўлаётган ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишларини бажаришга мажбур қолган.

“Биз бу ерда бўлаётган кўзбўямачиликлар ва тадбиркорларни мажбурлаш ҳолатларидан президент Мирзиёев хабар топишини истаймиз. Президент Навоийга ташриф буюрган пайти Пахтачи тумани орқали Нуробод туманига ўтар экан. Ҳозир Пахтачи туманидаги ҳамма ташкилот, ҳамма тадбиркорлар М-37 йўли бўйини ободонлаштиришга жалб қилинган. Навоий чегарасидан Мирбозоргача 40 километр йўл. Ўша йўлни биз қилаяпмиз. Ҳаммани мажбурлаяпти. Йўлларни асфалтлаб, уйлар оқланмоқда, арчалар экилмоқда”, дейди пахтачилик тадбиркорлар номидан боғланган тадбиркор йигит.

“20 миллион сўмгача мажбурий харажат”

Тадбиркорларнинг ҳисоб-китобича, улар президент ташрифи учун 10 миллиондан 20 миллион сўмгача харажат қилишга мажбур бўлган.

“Йўл бўйига арча экаяпмиз. Бизнинг фирмага 100 та арча экасан дейишди. Арчаларни Сурхондарёдан олиб келиб, 15-20 минг сўмдан сотишаяпти. Арчанинг ўзига 2 миллион сўмга яқин сарфлаяпмиз. Катта фирмаларга 500-600та арча экиш топширилган. Кейин президент Нуробод туманидаги Жом қишлоғига борар экан. Бу қишлоқни “Обод қишлоқ”қа айлантириш ишлари кетаяпти. Шу қишлоқдаги 10 та уйни бизга беришди. Ушбу уйларни шиферини алмаштириб, уйларнинг кўча томонига Акфа ойна қилиб бериш керак. Яна уйларни оқлаймиз ва дарвозаларини янгилаб берамиз. Бунинг учун тахминан 12 миллион сўмча харажат қилишимиз керак. Жами тахминан 14 миллион сўмдан зиёд харажат қилишимизга тўғри келаяпти. Лекин каттароқ фирмаларнинг харажати бизникидан икки ҳисса кўпдир”, дейди пахтачилик тадбиркор исмини очиқламаслик шарти билан.

Озодлик суҳбатлашган тадбиркорлар¸ ҳокимлик йиғилишида Пахтачи туман ҳокими Воҳид Раҳимовнинг ўзи Мирзиëев ташрифи олдидан туман ҳудудини безаш вазифасини хусусий тадбиркорларга юклаганида¸ ҳеч ким эътироз билдиришга ботина олмаганини эътифор қилди.

"Мирзиëев тадбиркорга тегма¸ дегани билан¸ ҳокимият шуларнинг қўлида. Йўқ деса¸ яна солиқчисини юборади¸ яна прокуратурани ташлайди. Шундан қўрқиб¸ ҳамма жим. Олдин қандай бўлса¸ шундайлигича давом этаяпти. Нима харажат бўлса¸ тадбиркорга юклашади"¸ деди Озодлик билан гаплашган "ободонлаштирувчи"лардан бири.

Йўл бўйига экиш учун сотиб олинган дарахтлар
Йўл бўйига экиш учун сотиб олинган дарахтлар

“Кўзбўямачилик”

Пахтачилик тадбиркорлар ҳокимиятнинг кучли босими остида бўлаëтган бундай "ободонлаштириш"нинг шошма-шошарлик билан, кўзбўямачилик учун қилинаëтганини таъкидлади.

“Президент кортежи юрадиган йўл бўйидаги уйларни тадбиркорлар бўлиб беришган. Уйларни оқлаб, кўча томонининг фасадини чиройли қилиб қўйишимиз керак. Кейин 40 километр йўлнинг ўйдим-чўнқирларини ямаяпмиз. Лекин бу ишлар жуда шошилинч қилинаяпти. Ёмғирда ҳам асфальт қилинаяпти. Кечаси қоронғида ҳам ишланаяпти. Бу асфальт 2-3 кунлик фақат. Кўзбўямачилик қилаяпти. Сифат муҳим эмас, тезроқ битказсак бўлди шиори остида ишланаяпти”, дейди пахтачилик тадбиркорлардан яна бири.

Мулозим: Тадбиркорлар ўз хоҳиши билан ишлаяпти

Озодлик мухбири президент ташрифи муносабати билан қилинаётган ободонлаштириш ишларига бош-қош бўлаётган Пахтачи тумани ҳокими ўринбосари Нурали Эшпўлатов билан боғланиб¸ маҳаллий тадбиркорлар шикоятига муносабат билдиришни сўради.

Эшпўлатов ободонлаштириш ишларини тадбиркорлар амалга оширилаётганини тасдиқлади, бироқ бу ишнинг ихтиёрий бўлаëтганини таъкидлади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:08 0:00
Бевосита линк

Андижонда ҳам "Потëмник қишлоқлари"

Озодлик пахтачилик тадбиркорлар шикоятини ўрганаëтган айни кунда андижонлик тадбиркорлар ҳам Мирзиёев ташрифига тайёргарлик ишларига мажбурий жалб қилинаётганликларидан арз қилди.

Андижонлик тадбиркорларга кўра, 77 километр узунликдаги Андижон-Хонобод автомобиль йўли бўйидаги уй ва биноларнинг фасадини безатиш учун айрим тадбиркорлар 500-1000 доллар атрофида пул сарфлашга мажбур бўлмоқда.

Андижон-Хонобод йўлидаги қурилиши битмаган бино олдига қўйилган тунука тўсиқ.
Андижон-Хонобод йўлидаги қурилиши битмаган бино олдига қўйилган тунука тўсиқ.

​Мирзиёев тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган маҳаллий раҳбарлар ва прокурорларни бир неча бор кескин танқид қилган эди.​

Жумладан, ўтган йил ноябрь ойида Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Мирзиёев тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган маҳаллий раҳбарлар ва ҳокимларни огоҳлантириб, адбиркорга мадад бериш ўрнига унинг йўлига тўсиқ қўйиш – бу Президент сиёсатига қарши чиқиш, деб баҳоланади ва шунга яраша чора кўрилади", деган эди.

Лекин, президентнинг бу борадаги чиқишларига қарамасдан маҳаллий ҳокимлар, милиция, солиқ инспекцияси бошлиқлари ва прокурорлар ҳозиргача тадбиркорларга турли хил “ўлпон”лар солиш, уларнинг эркин фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари давом этаётгани айтилади.

XS
SM
MD
LG