Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:36

Атамбаев президент сифатидаги энг сўнгги матбуот анжуманини ўтказди


Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев.
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев.

Алмазбек Атамаев 20 ноябрь куни Қирғизистон президенти сифатида энг сўнгги матбуот анжуманини ўтказди. Ўзининг 6 йиллик президентлик фаолиятига якуний баҳо берган Атамбаев кейинги парламент сайловларида ўз номзодини депутатликка кўрсатишини, аммо парламент раиси ҳам, бош вазир ҳам бўлиш истагида эмаслигини айтди.

Атамбаев президент сифатидаги энг сўнгги матбуот анжуманини ўтказди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:57 0:00

Атамбаев Қозоғистон билан муносабатлар яхшиланишига умид билдирди

Атамбаев матбуот анжуманида ўз президентлик муддатининг сўнгги кунларида юз берган воқеларга эътибор қаратди.

-Қозоғистон билан муносабатларимиз яхшиланади. Бу Остона учун ҳам, энг биринчи навбатда Россия учун ҳам керак. Мен тўғри қилдим, ҳисоблайман. Бошқаларга ички ишларимизга аралашиб бўлмаслиги тўғрисида сабоқ бердик, -деди Атамбаев.

Қирғизистон - Қозоғистон алоқаларининг бузилишга президентлик сайлови арафасида президентликка номзод Ўмурбек Бабановнинг Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашгани сабаб бўлди. Атамбаев буни “Қирғизистоннинг ички ишларига аралашиш ва сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш”, деб баҳолаган ҳамда Назарбоевни кескин танқид қилар экан:

"Назарбоевнинг бизга ёш президент келиши кераклиги ҳақидаги сўзларини қўллаб-қувватлайман. Бироқ, биздаги энг ёши катта номзод ҳам Назарбоевдан 20 ёшга кичикдир. Мен эсам, 16 ёшга кичикман. Бас, шундай экан,ким ёш президентга муҳтож? Бизми ё Қозоғистонми?” деб айтган эди.

Мазкур воқеадан сўнг Қозоғистон 10 октябрдан бошлаб Қирғизистон билан чегарани бир томонлама ёпиб қўйган.

Якуний матбуот анжуманида бу масалага тўхталган Атамбаев вазиятни “Қозоғистон Қирғизистонни қамал қилмоқда”, деб баҳолади ва муаммони ҳал этиш учун Путинга мурожаат қилганини билдирди.

"Бабанов тиз чўкмаганида сайловда ғолиб бўлар эди"

Атамбаев матбуот анжуманида Ўмурбек Бабановни ҳам эсалади. Унга кўра, Бабанов “қўшни мамлакатга бориб тиз чўкмаганида, сайловда ғолиб бўлар эди”.

-Бабановнинг Ўнадирдаги гапларини эшитдинглар, уни мен бу гапларни гапиришга мажбур қилмаганман. Қирғизларга борганда оқ қалпоқ кийиб Манас тўғрисида гапиради. Бошқа жойга борганда бошқача гапиради. Бабановнинг тақдирини энди суд ҳал қилсин. Мен Бабановни келажаги бор йигит, деб ҳисоблардим. Бироқ у ўз халқига қарши чиқмаслиги лозим эди. Қўшни президентнинг олидга бориб тиз чўкмаса, қозоқ олигархларига бормаса, сайловда ғолиб бўлар эди. Уни худо урди, -деди Атамбаев.

Ўмурбек Бабанов Ўшнинг асосан ўзбеклар яшайдиган Ўнадир мавзесида 28 сентябрда сўзлаган нутқи учун жиноий таъқиб остига олинган. Бош прокуратуранинг билдиришича, Бабанов қирғизистонлик ўзбекларнинг ҳуқуқини тилга олиш орқали миллатлараро низо учун омил яратган.

-Терговгача бўлган текширувда аниқландики, президентликка номзод Ўмурбек Бабанов сайлов арафасида олиб борилган тарғибот жараёнида 28 сентябрь куни Ўш шаҳрининг Амир Темур мавзеси аҳолиси билан учрашув ўтказган. Учрашувда асосан ўзбек миллатига мансуб одамлар иштирок этган. Ўмурбек Бабанов уларнинг овозини олиш мақсадида мамлакатда миллий тенгсизликка йўл қўйилаётгани, ўзбек миллатидагиларнинг ҳуқуқлари паймол этилаётгани, ўзбек миллатига нисбатан ҳукумат тузилмалари томонидан босим кўрсатилаётгани тўғрсидаги фикрларини айтган, - деб билдирган эди Бош прокуратура расмий вакили Алманбет Абдраманов Ўмурбек Бабановга нисбатан жиноят иши очилиши сабабларини шарҳлар экан.

Айни пайтда Бабановнинг Қирғизистонда эмаслиги айтилмоқда.

Атамбаев янги президент "аждарга айланмаслигига" ишонади

Атамбаев матбуот анжуманида “Ҳокимиятга келганлар аждарга айланиб қолмаслик учун нима қилиши керак?” деган саволга жавоб берар экан, ўзидан кейин президент бўладиган Сўўрўнбай Жээнбековга ишонишини айтди:

- Мен Сўўрўнбай дўстимга бундай йўлга тушган одам халқдан ажралиб қолишини айтдим. У 20 йилдан ортиқроқ вақтдан бери шу кунгача мени ҳали бирор марта сотгани йўқ. Айримлар уни “яқинлари ўзгартириб юборади”, деб айтишаяпти. Агар у нотўғри йўлга тушиб қолса, унда ўзининг шўри бўлади, -деди Атамбаев.

Президент кейинги парламент сайловларида ўз номзодини депутатликка кўрсатишини, аммо парламент раиси ҳам, бош вазир ҳам бўлиш истагида эмаслигини айтди.

Атамбаев 2011 йилнинг 1 декбарида Рўза Ўтунбаевдан президентлик ҳокимиятини қабул қилиб олган эди. Қирғизистонда 15 октябрда ўтган президентлик сайловида 11 номзод орасидан Сўўрўнбай Жээнбеков ғолиб бўлди. Янги президентнинг иннагурация маросими 24 ноябрда бўлиб ўтади.

XS
SM
MD
LG