Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:42

Қирғиз-Қозоқ чегараси: Бишкекда пикет, Остона Бишкекни огоҳлантирди


Қозоғистоннинг Бишкекдаги элчихонаси олдида 3 ноябрь куни Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқлари Конгресси ташаббуси билан пикет бўлиб ўтди.
Қозоғистоннинг Бишкекдаги элчихонаси олдида 3 ноябрь куни Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқлари Конгресси ташаббуси билан пикет бўлиб ўтди.

Қозоғистоннинг Бишкекдаги элчихонаси олдида 3 ноябрь куни ўтказилган пикетга қатнашган 40 қа яқин киши 5 ноябрга қадар қозоқ томони чегарани очмайдиган бўлса ва ЕОИИ талабларини бажармайдиган бўлса, у ҳолда ҚР раҳбариятига мурожаат қилиб ЕОИИдан чиқиш талабини қўйишга мажбур бўлишларини айтишди.

Айни пайтда Остона Бишкек талабларни бажармаса, чегарадаги вазият юмшамаслигини билдирди.

Шунингдек, улар баёнот бериб, халқаро ташкилотлар, жумладан ЕХҲТ ва бошқа ташкилотларнинг аъзоси бўлмиш Қозоғистон эркин савдо ва чегараларда фуқароларнинг эркин ҳаракат қилишига тўсқинлик қилиш йўли билан бу ташкилотлар олдида олган мажбуриятларини бажармас экан, у ҳолда пикет иштирокчилари ЕХҲТ ва бошқа нуфузли ташкилотларга мурожаат қилиш ҳуқуқини ўзларида сақлаб қолишларини айтишди. Акция ташкилотчилари бу талабларни якуний резолюцияда баён қилдилар.

Айни пайтда Қозоғистон молия вазирлигининг давлат даромадлар қўмитаси раиси ўринбосари Госман Амрин 2 ноябрь куни Остонада баёнот бериб, Қозоғистон божхона хизмати мамлакатга олиб кириладиган товарлар бўйича қирғизистонлик ҳамкасбларидан маълумот кутаётганини билдирди.

«Муносабатлар етарлича профессионалдир. Биз, масалани ҳал қилишнинг бирдан бир йўли - ҳамкорликда ишлаш эканини ишонтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Бу ҳар қандай нотўғри фикрларни олдини олади, шаффофликни кучайтиради», - деди Амрин журналистларга.

Қўмита вакилининг айтишича, ўтган ҳафта Қозоғистон мамлакатлар ўртасидаги келишувга кўра, қандай маҳсулотлар олиб ўтилиши ва уларнинг нархи борасидаги маълумотларни Қирғизистонга берган. «Ҳозирча улардан жавоб олмадик. Бу чоралар ҳозирча имзоланмаган йўл харитасида кўрсатилган», - деди Амрин.

Госманнинг фикрича, Қирғизистон билан чегарада юзага келган муамога “божхона, солиқ, фитосанитар ва транспорт қонунчилигининг бузилиши” билан товарларнинг оқиб келиши сабаб бўлган. «Бу биз томондан эмас, балки Евроосиё иқтисодий комиссияси махсус мониторинги аниқлаган оддий нарсадир», - дея баёнот берди.

У, агар маълумот келиб тушмайдиган бўлса, у ҳолда чегарадаги назорат янада кучайтирилишидан огоҳлантирди. «Агар улар [қирғиз томони] таклифимиздан воз кечса, бизга маълумот бермаса, биз билан ишламаса, у ҳолда биз қонунчилигимизни бузган ҳолда товарлар келишини олдини олиш мақсадида назоратни кучайтиришга мажбур бўламиз», - дея баёнот берди Амрин.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 10 октябридан Қозоғистон чегара назоратини кучайтирди, бу ўз навбатида назорат-ўтиш пунктларида автомобилларнинг бир неча километрлик тирбандлигига сабаб бўлди. 18 октябрь куни Остонада икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари 19 октябрдан бошлаб йўловчи транспорти ва қўлида юки бўлган йўловчиларни чегарадан ўтишларини енгиллаштиришга келишиб олдилар. Бироқ, оғир юк ташувчи машиналар билан боғлиқ масала ҳамон ҳал этилмади.

XS
SM
MD
LG