Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:47

Ўзбеклар ҳуқуқи тўғрисида гапирган Бабанов Қирғизистондан чиқиб кетгани маълум қилинди


Қирғизистон президентлигига номзод Ўмурбек Бабанов.
Қирғизистон президентлигига номзод Ўмурбек Бабанов.

Қирғизистон президентлигига сайловда 11 номзод орасида иккинчи бўлиб маррага келган "Республика" партияси раиси Ўмурбек Бабанов Ўшнинг Амир Темур мавзесида ўзбеклар ҳуқуқи тўғрисида гапиргани ортидан 4 ноябрда Бош прокуратура унга нисбатан жиноят иши очган эди.

Ўзбеклар ҳуқуқи тўғрисида гапирган Бабанов Қирғизистондан чиқиб кетгани маълум қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:59 0:00
Бевосита линк

Бош прокуратура: "Бабанов ўзбекларга ҳукумат томонидан босим кўрсатилаётганини айтган"

Бош прокуратуранинг билдиришича, Бабанов қирғизистонлик ўзбекларнинг ҳуқуқини тилга олиш орқали миллатлараро низо учун омил яратган.

-Терговгача бўлган текширувда аниқландики, президентликка номзод Ўмурбек Бабанов сайлов арафасида олиб борилган тарғибот жараёнида 28 сентябрь куни Ўш шаҳрининг Амир Темур мавзеси аҳолиси билан учрашув ўтказган. Учрашувда асосан ўзбек миллатига мансуб одамлар иштирок этган. Ўмурбек Бабанов уларнинг овозини олиш мақсадида мамлакатда миллий тенгсизликка йўл қўйилаётгани, ўзбек миллатидагиларнинг ҳуқуқлари паймол этилаётгани, ўзбек миллатига нисбатан ҳукумат тузилмалари томонидан босим кўрсатилаётгани тўғрсидаги фикрларини айтган, - деди Бош прокуратура расмий вакили Алманбет Абдраманов Ўмурбек Бабановга нисбатан жиноят иши очилиши сабабларини шарҳлар экан.

Бабановнинг мазкур нутқидан сўнг ижтимоий тармоқларнинг қирғиз контентида “Депутатликка номзод миллатлараро низо қўзғамоқда” қабилидаги видеолар тарқатилган эди. Бунинг ортидан Бабановга нисбатан жиноят иши очиш тўғрисидаги таклифлар ҳам киритилган.

Бироқ Ўмурбек Бабановнинг ўзи Ўшдаги учрашув пайтида сайловчиларга президент бўлиб қолса, мамлакатда яшовчи барча миллат вакилларининг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаши тўғрисида сўзлаган нутқи нохолис одамлар томонидан бузиб талқин қилингани, бу видеолар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирган.

Бабанов 23 октябрдаёқ Қирғизистонни тарк этган

Бабановга жиноят иши очилганидан сўнг унинг сайловдан кейин, 23 октябрда Бишкек-Москва авиарейси билан Қирғизистондан чиқиб кетгани маълум бўлди. Бу ҳақда билдирган парламент депутати Мирлан Жээнчороев Бабановнинг Қирғизистонга қачон қайтиши ҳозирча номаълум бўлиб қолаётганини айтди:

-Мен унинг қайси мамлакатда эканини аниқ билмайман. Қонун бўйича бир одамнинг касаллиги ҳақида шифокорнинг рухсатисиз бошқа одамларга маълумот бериш мумкин эмас. Шунинг учун бу ҳақда бирон нарса айтолмайман. Сайловдан сўнг Бабанов ҳаммамиз билан ҳайрлашиб, миннатдорчилигини айтиб, даволаниш учун бошқа давлатга кетаётганини айтган. Унинг қачон қайтишини билмаймиз. Балки эртага қайтар, балки бир ҳафтадан кейин, -деди Мирлан Жээнчороев.

Қирғизистонлик қатор сиёсатшунослар ва таҳлилчилар Бабановга нисбатан очилган жиноят ишини мухолифатчидан сиёсий ўч олиш ёки сайловдан кейин сиёсий майдонни мухолифатчилардан тозалаш амали сифатида талқин қилмоқдалар. Таҳлилчилар, агар Бабанов Қирғизистонга қайтса, сўзсиз турда қамоққа олиниши ва шунинг учун ҳам унинг қайтиш-қайтмаслиги номаълумлигича қолаётганини таҳмин қилмоқдалар.

Бабанов учун сиёсий имтиҳон даври бошланди

Тьаҳлилчи Адил Турдугулов бугунги вазият Ўмурбек Бабановнинг сиёсий келажагини белгилаб беришини айтади:

-Бабанов ўзининг сиёсий келажагини ўйласа, сиёсатда қоламан деса, Қирғизистонга қайтиб келиши керак. Агар чўчиб қайтмай қўйса, сиёсий курашга тайёр бўлмаган одам сифатида ўзини намоён қилади. Қирғизистон ҳукумати бугунги кунда Бабановга очиқ чақириқ ташлади, -деди Адил Турдугулов.

Бабанов сайлов арафасида Қозоғистон президенти Назарбоев билан учрашуви ортидан сўнгги ҳафталарда Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида кучайган сиёсий зиддиятнинг сабабчиси ўлароқ муҳокамалар марказида қолаётган эди.

15 октябрда бўлиб ўтган президентлик сайловида Бабанов президентликка 11 номзод орасида сайловчиларнинг 33,49 фоиз овозини олган эди. Сайловда ҳукумрон социал демократлар партиясидан номзод Сўўрўнбай Жээнбеков 54.22 фоиз овоз олиб, ғолиб бўлган.

XS
SM
MD
LG