Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:40

“Автомобилчи” Жалилов энди озиқ-овқат саноатини бошқаради


Тоҳир Жалилов
Тоҳир Жалилов

Каримов даврида урилиб, Мирзиёев ҳукуматга келгач раҳбарлик лавозимига қайтган Тоҳир Жалилов “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ширкатига раҳбар этиб тайинланди. Жалилов “GM - Uzbekistan”ни бошқарган пайти коррупцияда айбланиб ҳибсга олинганди. Кейинчалик унга қўйилган айбловлар бекор қилиниб, “Ўзавтосаноат” бошқарув кенгаши раисининг ўринбосари бўлди.

48 яшар Тоҳир Жалиловнинг “Ўзбекозиқовқатхолдинг” бошқарув раислигига тайинланганини компания расмийлари Озодликка тасдиқлади:

“Тоҳиржон Абдунабиевич жума куни расман холдинг бошқарув раиси сифатида таништирилди. Хабарингиз бор, ўтган ҳафта президентимиз Мирзиёев экспорт масалаларига бағишланган видеоселектр ўтказиб, кескин танқидий фикрлар билдирди. Бизнинг холдинг ҳам бу танқидлардан қуруқ қолмади. Шундан сўнг холдинг раҳбари Одилхон Рустамов ишдан олиниб, унинг ўрнига Жалилов Тоҳиржон Абдунабиевич бошлиқ бўлди”, деди холдинг расмийларидан бири.

27 июн куни Мирзиёев экспорт соҳасидаги камчиликлар учун “Ўзбекозиқовқатхолдинг” раҳбари Одилхон Рустамов ва ушбу холдинг таркибида бир йил аввал тузилган "Ўзагроэкспорт" махсус ташқи савдо компанияси директори Жамшид Холмуҳаммедовни “ўз лавозимига нолойиқ” дея вазифасидан озод этганди. Ҳозирча "Ўзагроэкспорт"га Рустамов ўрнига ким тайинлангани Озодликка маълум эмас.

"Ўзагроэкспорт" 2017 йилнинг биринчи чорагида 101,8 минг тонна мева ва сабзавотни экспорт қилган.

Автомобил саноатида қарийб йигирма йилча фаолият кўрсатган Тоҳир Жалиловни ҳатто танқидчилари ҳам машина экспорти бўйича яхши мутахассис сифатида эътироф этишади.

Сўнгги олти йил давомида ўзбек автоконцернини бошқарган Тоҳиржон Жалилов товламачилик йўли билан ширкат пулларини ўзлаштирганликда гумонланиб, 2016 йил апрел ойида ҳибсга олиниб, бир муддат Тошкентдаги МХХ тергов изоляторида сақланган. Бироқ президент Каримовнинг ўлимидан сўнг Жалилов ҳибсдан озод қилиниб, тергов идораларига уйдан қатнаб юрди.

GM Uzbekistan га алоқадор коррупцион схемалар устидан текширувлар президент Ислом Каримовнинг Москвага сафари ортидан бошланганди.

Россияга сафари давомида президент Каримовга GM Uzbekistan га тегишли минглаб автомобилнинг Россия банкларидан олинган қарзлар тўланмагани боис арест қилингани ва юзлаб миллион доллар зарар кўрилгани билдирилди.

Тошкентда дарҳол бошланган тергов давомида Тоҳиржон Жалиловга Россияда яна қатор мол-мулк ва йирик ширкатлар тегишли экани аниқланган ва бу мол-мулклар сотувга қўйилди.

Кейинчалик Ўзбекистон ҳукумати Россияда банклар томонидан ҳибсга олинган GM Uzbekistan машиналарини қайтириб олишга ҳаракат бошлади. Россияда банкрот деб эълон қилинган GM Uzbekistan нинг расмий дилери“ УзДЭУавто-Воронеж” ширкати қарзлари 21 миллиард рублдан ошиб кетгани хабар қилинди. Бу маблағнинг қарийб ярмига GM Uzbekistan даъво қилди

Ўтган йил июн ойида GM Uzbekistan машиналарини Россияда Ravon брэнди остида сотадиган “УзДЭУавто-Воронеж” дистрибьютор фирмаси АҚШ-Ўзбекистон қўшма корхонасининг собиқ раҳбари Тоҳир Жалиловни ҳимоя қилиб, президент Каримовга очиқ хат эълон қилганди.

“УзДЭУавто-Воронеж” дистрибьютер фирмасининг 16 ходими имзо чеккан хатнинг Озодликка юборилган нусхасида Тоҳир Жалиловнинг ноҳақ қамоққа олингани таъкидланади. Шунингдек, очиқ хат муаллифлари Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларини Тоҳир Жалилов обрўйига “атайлабдан ёки билмасдан путур етказаётганлик” ва бу билан Ўзбекистон автомобилсозлик саноатига “жиддий зиён етказаётганлик”да айблайди.

Бироқ Жалиловнинг айбловлардан фориғ бўлиб яна лавозимига қайтиши Каримов ўлимидан сўнггина амалга ошди. Жорий йил февралида Жалилов “Ўзавтосаноат” бошқарув кенгаши раисининг ўринбосари лавозимга қайтарилди.

1969 йил Андижон вилоятида туғилган Жалилов 1993 йили Тошкент Техника университетиининг муҳандис-металлург мутахасислиги бўйича тугатган.

Меҳнат фаолиятини Андижоннинг Булоқбоши туманидаги «Biznes Fond»да мутахасисликдан бошлаган Жалилов 1998 йилдан бошлаб автомобил саноатида қатор лавозимларда ишлади.

XS
SM
MD
LG