Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:30

Ўзбекистон Россияда ўтмаётган машиналарини қайтариб олаяпти


Ўзбекистон ҳукумати Россияда ўтмаётган GM Uzbekistan машиналарини мамлакатга қайтаришга ҳаракат қилаётгани айтилмоқда. Озодлик манбаларига кўра, бунинг учун “Ўзавтосаноат” давлат ширкати Россияга бир гуруҳ мутахассисларини юборган. Гап қанча автомобиллар тўғрисида бораётгани аниқ эмас. Россияга экспорт қилинадиган ўзбек автомобилларининг Ravon бренди дилерлик ваколатхонаси бу хабарни изоҳсиз қолдирди. Ўтган ойда GM Uzbekistan машиналари экспорти билан боғлиқ жиноий схема фош бўлиши ортидан корхона раҳбари ҳибсга олинган эди.

GM Uzbekistan ишлаб чиқарилган машиналар савдоси Россияда сўнгги икки йил давомида кескин қисқариб кетиши ва Ўзбекистон-АҚШ корхонаси раҳбарияти қаллобликда айбланиб, терговга тортилиши билан боғлиқ жанжал ортидан “Ўзавтосаноат” Россияда ўтмай қолган машиналарни мамлакатга қайтариб олиб келишга ҳаракат қилаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.

Бир- биридан мустақил манбаларга кўра, ҳозирда бу вазифани бажариш учун Россияга бир гуруҳ мутахассислар жўнатилган.

“Ўзавтосаноат” уюшмаси тасарруфидаги йирик ва ўрта корхоналар GM Uzbekistan экспорт қилган автомашиналарнинг носоз қисмларини таъмирлаш ва Ўзбекистонга қайтариб, ички бозорга сотиш учун ўз мутахассисларини Россияга хизмат сафарига жўнатмоқдалар”, дея билдирди Асака автозаводига яқин Озодлик манбаси 11 май куни.

У гап нечта автомобилни қайтариш ҳақида кетаётганини аниқлаштирмади, лекин бу қарор GM Uzbekistan корхонасига янги раҳбар тайинланиши ортидан қабул қилинганини қўшимча қилди.

Айни мазмундаги хабарни eltuz.com мустақил нашри ҳам ўз манбасига таяниб тарқатди.

Россияга “сафарга кетган ходимлар Россия автосалонларида ўтмай ётган бузуқ машиналарни таъмирлаб, Ўзбекистонга қайтариш билан шуғулланишади”, дея иқтибос келтиради нашр ўзини GM Uzbekistan заводи муҳандиси, деб таништирган манбадан.

Eltuz.com нашри манбаси ҳам GM Uzbekistan қўшма корхонасига янги бош директор этиб тайинланган Рустам Ражабовга Россияда ўтмай қолган “ўзбек машиналарини Ўзбекистонга қайтариб олиб келиб, аҳолига сотиш” вазифаси юкланганини айтади.

GM Uzbekistan Россия бозори учун ишлаб чиқарадиган Ravon брендининг Россиядаги дилери бу маълумотни на тасдиқлади ва на инкор қилди. Лекин Ravon машиналарининг Россиядаги дилер ваколатхонасининг билдиришича, GM Uzbekistan қўшма корхонаси Россияга Ravon R2 русумидаги автомобилларни етказиб бериш жараёнини бошлаган. Жорий йил охирига қадар корхона 2500га яқин Ravon R2 машиналарини сотишни режалаштирмоқда, дейилади расмий хабарномада.

Бу дегани Россияга юборилган мутахассислар гуруҳи кейинги 2 йил давомида экспорт қилинган, лекин сотилмай қолган машиналарни қайтариш топшириғини бажараётган бўлиши мумкин.

Ўтган йил охирида Россияда ўзбек автомобиллари савдоси 51 фоизга қисқаргани тўғрисида хабар қилинган эди. Европа бизнеси уюшмасининг автомобил ишлаб чиқарувчилар қўмитаси берган рақамларга кўра, 2015 йилда Россияда сотилган ўзбек автомобиллари сони 16 мингдан камроқни ташкил этган. Айни уюшма 2014 йилда ҳам Россияда ўзбек автомобиллари учдан бир ҳиссага камроқ сотилганини билдирган эди.

GM Uzbekistan Россияга экспорт қиладиган машиналар билан боғлиқ жанжал ўтган ойда президент Ислом Каримовнинг Москвага сафаридан кейин авж олди.

Президент Каримов Москвадан қайтишининг эртасигаёқ GM Uzbekistan бош директори ва айни пайтда “Ўзавтосаноат” бошқарув кенгаши раисининг ўринбосари Тоҳир Жалилов ҳибсга олинди. Россияга экспорт қилишга мўлжалланган машиналарни Ўзбекистонга қайта олиб кириб сотиш схемалари ёрдамида катта миқдордаги пулларни ўзлаштирганлик айби билан ўндан ошиқ одам, жумладан, Жалиловнинг ўғли ва МХХ ходимлари қўлга олинганини Озодлик манбалари билдиришган эди.
Бунинг ортидан GM Uzbekistan қўшма корхонасида бошланган тергов жараёни боис Бош вазир ўринбосари ва айни пайтда “Ўзавтосаноат” бошқарув кенгаши раиси Улуғбек Рўзиқулов вақтинча ишдан четлатилгани тўғрисида маълум бўлди. "Рўзиқулов GM Uzbekistan ширкатида олиб борилаëтган тергов иши давомида сўроқ бераëтгани боис ўз аризасига кўра, вақтинча ишдан озод қилинган", дея билдиришди Озодлик манбалари.

GM Uzbekistan раҳбариятининг қамоққа олинишига Россияга машиналарни экспорт қилишдаги жанжал сабаб бўлганини Ravon брендининг Россия ваколатхонаси расмийси Елена Кузнецова ҳам Озодликка тасдиқлади.

XS
SM
MD
LG