Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:49

GM Uzbekistan Россиядаги минглаб автомобилга ҳибс жорий этилганини инкор қилмади


GM Uzbekistan акциядорлик жамиятининг Facebookдаги саҳифасида 13 июль куни жамият матбуот хизматининг баёноти эълон қилинди. Мазкур баёнотни Озодлик журналистларининг GM Uzbekistan ширкати фаолияти юзасидан ўтказаëтган журналистик суриштирувига билвосита жавоб, деб тушуниш мумкин.

Озодлик, хусусан ўз ихтиёридаги маълумотларга таяниб, GM Uzbekistan автоконцернининг собиқ директори, "Ўзавтосаноат" ҳиссадорлик компанияси раисининг собиқ муовини Тоҳиржон Жалилов ва унга яқин GM мулозимлари ширкат учун Россия банкларидан олинган кредитлар ҳисобидан хусусий мол-мулк ва бизнес тизимларини сотиб олганлари тўғрисида, кредитлар учун гаров сифатида қўйилган 17 минг автомобиль ҳозирда ҳақдор банклар тарафидан тортиб қўйилгани иддао қилинаётгани ва бу иддаолар қисман тасдиқлангани тўғрисида ёзган эди.

GM Uzbekistan матбуот хизмати “манфаатдор” оммавий ахборот воситаларини “мамлакатдаги етакчи ишлаб чиқариш корхоналаридан бири бўлган GM Uzbekistan акциядорлик жамияти атрофида унинг фаолиятини издан чиқариш ва Ўзбекистондаги етакчи саноат муассасаси салбий образини яратиш мақсадида фаол медиа-кампания бошлаганликда” айблаган, лекин Озодликни тилга олмаган.

GM Uzbekistan матбуот хизмати баёнотида GM Uzbekistan акциядорлик жамияти автомобиль ишлаб чиқарувчи корхона эканлиги ва у Ўзбекистон Республикасида ҳам, мамлакат ташқарисида ҳам автомобиллар реализацияси билан шуғулланмаслиги таъкидлаб ўтилган.

Баёнотда GM Uzbekistanнинг дистрибьюторлари таркиби тўғрисида маълумот берган ва айни пайтда Тоҳир Жалиловни тилга олмаган ҳолда унга алоқаси борлиги айтилаётган "УзДЭУ академияси"га GM нинг алоқаси йўқлиги таъкидлаб ўтилган:

"GM Uzbekistan акциядорлик жамиятининг Россия Федерациясида амал қилаётган “УзДЭУ Авто Воронеж” ва “Узавто Рус” дистрибьюторлари таркибида ҳеч қандай алоҳида шахслар йўқ. “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси, GM Uzbekistan акциядорлик жамияти ёки уларнинг аффилляцияланган компаниялари бундай мақолаларда тилга олинаётган “Академия УзДЭУ” ООО аталмиш корхона таъсисчилари эмас, академиянинг ўзи эса, “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси билан ҳам, GM Uzbekistan акциядорлик жамияти билан ҳам ҳеч қандай шартнома ва бошқа алоқалар билан боғланган эмас".

Баëнотда¸ шунингдек¸ GM Uzbekistan ширкатининг Ўзбекистон ичкарисидаги ўз машиналарини сотишнинг фирибгарлик схемаларига ҳам¸ экспортга мўлжалланган машиналарни Қозоғистондаги “жамлоқ”ларда ушлаб¸ қайта Ўзбекистонга олиб кириш схемаларига алоқадорлиги ҳам яна бир бор қатъиян рад этилган.

Айни пайтда¸ GM Uzbekistan матбуот хизмати эълон қилган махсус баёнотда 12 июль куни эълон қилинган Озодлик журналистик суриштирувидаги қатор муҳим масалалар мутлақ изоҳланмаган.

Озодлик, хусусан ўз ихтиёридаги маълумотларга таяниб, Россиянинг Воронеж, Липецк ва Ижевск шаҳарларида GM Uzbekistan автоконцернининг собиқ директори, "Ўзавтосаноат" ҳиссадорлик компанияси раисининг собиқ муовини Тоҳиржон Жалилов ва унга яқин GM мулозимлари ширкат учун Россия банкларидан олинган кредитлар ҳисобидан хусусий мол-мулк ва бизнес тизимларини сотиб олганлари тўғрисида, кредитлар учун гаров сифатида қўйилган 17 минг автомобиль ҳозирда ҳақдор банклар тарафидан тортиб қўйилгани иддао қилинаётгани ва бу иддаолар қисман тасдиқлангани тўғрисида ёзган эди.

Озодлик суриштирувида GM Uzbekistan матбуот хизмати баёнотида тилга олинган “УзДЭУ Академияси” тўғрисида мана бу маълумотлар берилган эди:

Шунингдек Озодликка маълум бўлишича¸ “Тоҳиржон Жалилов Москвадан бир неча миллион доллар турадиган уй сотиб олган”.

Бу сотиб олишлар фонида Тоҳиржон Жалилов раҳбарлигидаги GM Uzbekistan машиналарини Россияда сотиш соҳаси молиявий бўҳрон ичида қолиб, касод чегарасига яқинлашган.

“Ўзбекавтосаноат” тизимидаги Озодлик манбасига кўра, икки минг дона енгил машина олдин Воронежга келтирилган¸ кейин эса Қозоғистоннинг Ўзбекистонга яқин жамлоққа (отстойник) олиб борилган".

Озодлик шу кунларда ҳам ушбу жамлоқда 1700та машина турганини аниқлади”.

Бу маълумотлар юзасидан ўз баёнотида ҳеч нима демаган, аниқроғи, конкрет фактларни тилга олмаган ҳолда раддия ёзган GM Uzbekistan матбуот хизмати оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилишга таёрлигини таъкидлаб ўтган, бироқ у шу кунга қадар Озодлик мурожаатларига бевосита жавоб беришдан бош тортиб келмоқда.

Озодлик 12 июль кунги мақоласида келтирилган барча даъволар бир - биридан мустақил бўлган манбалар томонидан, шу жумладан ҳукумат, Ўзбекистон автосаноати мулозимлари, дилерлик вакиллари, GM таркибидаги "инсайдер" лар томонидан билдирилгани тўғрисида ёзган эди.

Шу ўринда яна бир бор таъкидлаб ўтамизки, АҚШ Конгресси томонидан молияланадиган ва 60 йилдан ошиқ вақт мобайнида ўзбек халқи учун холис ахборот етказиб бераётган Озодлик радиоси АҚШ конституцияси асосида ўз манбаларининг шахси сир қолишини кафолатлайди.

XS
SM
MD
LG