Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:57

Ўзбекистон Россияда ваколатхоналари тармоғини кенгайтиради


Бошқирдистондаги муҳожирларнинг 80 фоизи - ўзбекистонлик.
Бошқирдистондаги муҳожирларнинг 80 фоизи - ўзбекистонлик.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Россиянинг қатор минтақаларида ваколатхоналар очади. Агентликнинг билдиришича, ваколатхоналар ўзбекистонлик ишчи мигрантларни Россияда яшаш ва ишлашга тайёрланишга кўмаклашади. Россиянинг Бошқирдистон Республикасида эса Ўзбекистоннинг ваколатхонаси очилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Россиянинг қатор минтақасида меҳнат муҳожирларига ишга ҳозирланишга кўмаклашувчи ваколатхоналарни очади.

“Россия 24” телеканали хабарига кўра, Ўзбекистондан келаётган меҳнат муҳожирларига рус тили ва тарихи, маданий анъаналари ва юриш-туриш тартиб қоидаларидан сабоқ берилади.

- Тил, мамлакат анъаналари, урф-одатлари, шунингдек, ватандошларимизга нолегал меҳнат миграцияси оқибатлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилади. Россия Ички ишлар вазирлиги берган расмий маълумотга кўра, Россия Федерацияси ҳудудида бугунги кунда бир миллионга яқин ватандошларимиз меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келади, деди Ўзбекистон Меҳнат вазирлигининг халқаро ҳамкорлик бўлими бош мутахассиси Бекзод Боҳодиров рус телеканалига берган интервьюсида.

Агенлик вакили охирги йилларда ўзбек ишчиларини бошқа мамлакатлардаги ишга жойлаштириш амалиёти синовдан ўтганини билдирди. Унинг келтирган маълумотича, Меҳнат вазирлиги ёрдамида охирги 15 йилда Жанубий Кореяда – 30 минг, Японияда – 200 киши, Россияда – 5 мингга яқин одам иш билан таъминланган.

Ўзбекистон Ташки меҳнат миграцияси масалалари агентлигида Озодлик сўровига бундай ваколатхоналар очилиши маҳаллий ўзбек жамоалари ва диаспоралари билан ҳамкорликда амалга оширилишини билдиришди.

Меҳнат вазирлиги ўзбек муҳожирларига Ташки меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ёрдамида Россияда ишга жойлашиб ишлаган муддатини Ўзбекистонда меҳнат стажи сифатида ҳисобга олишини ваъда қилди.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Миграция департаменти очиқлаган маълумотларга кўра, 2017 йил бошида Россияда 9 миллион 747 минг хорижлик ва фуқаролиги йўқ шахс яшаб келган.

Ҳисоб-китобларга биноан, энг кўп қайдга турган ватандошлар – Ўзбекистондандир: улар сони 3 миллион 354 минг кишини ташкил этган. Ваҳоланки, бундан олдинроқ тарқатиб юборилган ФМС Россиядаги ўзбеклар сонини 1 миллион 755 минг киши қилиб кўрсатган эди.

Бошқирдистонда элчихона очилади

Ҳар ҳолда, Россияда сони ошиб бораётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари тўқнашаётган ижтимоий, юридик ва ҳукуқий муаммоларни бартараф этишга Россияда фаолият кўрсатиб келаётган Ўзбекистон элчилиги ва ваколатхоналари имкониятлари етарли бўлмай қолгани кўзга ташланмоқда.

Озодлик охирги пайтларда Россиянинг турли минтақаларидаги Хорижликларни сақлаш муассасаларида ойлаб ва ҳатто йиллаб ўз юртига жўнатилмасдан қолиб кетаётган ўзбекистонлик муҳожирлар тўғрисида хабар бериб келади.

Бошқирдистон Республикаси Миграция масалалари бўйича сайёр гуруҳ минтақада миграция масаласида юзага келган бу каби муаммоларни бартараф қилишга қаратилган қатор ўзгартишларни жорий қилишни таклиф этди. Жумладан, Бошқирдистонда энг кўп сонли бўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари масалаларини ҳал қилиш учун Ўзбекистон ваколатхонаси очилиши хабар қилинди.

Маҳаллий бошқирд телевидениеси хабарига кўра, минтақада мавжуд тўртта Хорижликларни сақлаш марказларида узоқ муддат қолиб кетаётган нолегал муҳожирларнинг асосий қисми - ўзбекистонликлардир.

Сайёр гуруҳ аъзолари бундай марказларда мигрантларни ушлаб туришнинг энг сўнгги муддатини белгилаш, бу марказларни молиялаштириш ва депортация қилиш механизмлари борасида миграция қонунчилигига ўзгартиш киритилишини маълум қилди.

Россия Федерация Кенгашининг Таълим, фан ва маданият қўмитаси раиси муовини Лилия Гумерова Ўзбекистон ваколатхонасининг очилиши ўзбек муҳожирларини ўз юртларига юборишни бир неча баробарга тезлаштириб юборишини гапиради:

- Ҳамкасбларимиз юбораётган сўровномаларга жуда кеч жавоб олинаяпти. Ваколатхонанинг очилиши бу ишни 3-4 маротабага тезлаштириш имконини беради. Ундан ташқари, Ўзбекистон элчихонаси қўшни минтақаларда, жумладан бутун Волгабўйи федерал округидаги ҳудудда хизмат кўрсатиши мумкин бўлади, деди депутат Лилия Гумерова.

Федерация Кенгаши вакиласи бугунги кунда Бошқирдистонда яшаб, меҳнат қилаётган муҳожирларнинг 80 фоизини Ўзбекистон ватандошлари ташкил этишини айтди.

Ҳозирга келиб Ўзбекистон Республикасининг Консуллик ваколатхоналари фақат Москва ва Новосибирск шаҳарларида мавжуд.

XS
SM
MD
LG