Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:19

Ўзбекистонликларга эски паспорт билан ватанга қайтишга рухсат берилди


Россия ва бошқа давлатларда юриб, биометрик паспорт олишга улгурмаган Ўзбекистон фуқаролари эски нобиометрик паспорт билан мамлакатга қайтишлари мумкин. Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси мулозими Озодлик билан суҳбатда беш кун аввал бу ҳақда Тошкентдан махсус йўриқнома олишгани ва шу йўриқномага мувофиқ қўлида муддати ўтмаган эски паспорти бор ўзбек фуқаролари 2018 йилнинг 1 июлигача ватанларига қайтишлари мумкинлигини айтди.

– Агар эски паспорт муддати ўтиб кетмаган бўлса, уни эгалари ўзлари яшаб турган ёки учинчи транзит мамлакатлар орқали ватанларига қайтишда фойдаланишлари мумкин, - деди элчихона мулозими.

Бу тартиб 2018 йилнинг 1 июлигача амалда бўлади. Лекин хорижга чиқиш учун ўзбек фуқаролари биометрик паспорт олишлари керак бўлади.

- Эски паспорт билан фақат ватанга қайтса бўлади. Қайта хорижга чиқиш учун биометрик паспорт олиш лозим, - деди элчихона мулозими.

Озодликка мурожаат қилган хорижда яшовчи бир қатор ўзбекистонликлар мамлакатга қайтишлари учун ўзлари яшаётган мамлакат чегара ходимлари шу йил бошидан буён улардан янги биометрик паспорт ёки Ўзбекистон элчихонасидан олинган “Ватанга қайтиш учун сертификат” дея аталувчи ҳужжатни талаб этаётгани ҳақда айтишган эди.

Ўзбекистон элчихонаси мулозимининг айтишича, ҳозирда барча мамлакатлардаги тегишли идораларга нобиометрик паспорт билан юрган Ўзбекистон фуқароларига чегарадан ўтишларида монеълик қилинмаслиги ҳақида билдиришнома жўнатилган.

- Уч кун аввал ҳамма мамлакатдаги тегишли идоралар бундан хабардор қилинган. Ҳозир эски паспорт билан қайтишяпти, - деди ўзбек элчихонаси мулозими.

Айни пайтда Россияда яшовчи айрим муҳожирлар Ўзбекистонга эски паспорт билан учоқ билети олиб бўлмаётганини айтишади.

- Бугун ҳурсанд бўлиб, кассага борсак "эски паспорт билан сотмаймиз, чегарадан ўтказмайди", дейишди. У томонда эски паспорт билан ватанга қайтса бўлади, дейишяпти, бу томонда чегарадан ўтказмаслиги мумкин, деб билет сотмаяпти, кимга ишонишни ҳам билмай қолдик, - дейди Россиянинг Санкт Петербург шаҳрида яшовчи ўзбек муҳожири.

Озодлик Санкт Петербург шаҳридаги авиакассага телефон қилди. Ўзбекистонга эски паспорти билан қайтмоқчи бўлганларга билет сотмаётган кассир ҳам ўзбекистонлик бўлиб чиқди.

- Эски паспорт бўйича билет бермаяпмиз. Ўзбекистон мумкин деяпти, тўғри, лекин бу ердаги чегара назоратчиларини бу янгиликдан хабари, борми, йўқми билмаймизку. Мен ҳозир билет ёзиб берсам, чегарадан қайтариб юборса нима бўлади, - дейди авиакасса ишчиси.

Айни пайтда Санкт Петербургнинг Пулково аэропорти паспорт назоратчилари ҳам, Москванинг Шереметьево аэропорти ходимлари ҳам нобиометрик паспорт билан юрган Ўзбекистон фуқаролари бугундан бошлаб чегарадан ўтказилишини тасдиқлашди.

– Бугундан бошлаб ўзбек фуқароларининг эски паспорт билан чегарадан ўтишлари қайта тикланди, фақат қайтиш учун. Мамлакатга киришда биометрик паспортни тақдим этишлари керак бўлади, - деди Пулково аэропорти паспорт назорати ходимаси Озодлик билан суҳбатда.

Тошкент ҳукумати "ғайриинсоний қарори"дан қайтди

Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларининг янги¸ биометрик паспортга ўтиши учун берилган муҳлат 2015 йил 31 декабрь куни тугагани ва шу муддат ичида янги паспорт олмасдан¸ хорижда қолганлар ватанга қайтиш учун махсус сертификат олишларини шарт қилиб қўйди.

14 январь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Facebookдаги ўз саҳифасида бундай тартиб жорий қилинганини расман эълон қилди.

Рассом Tuz минглаб муҳожирларни қийнаётган паспорт муаммони ҳажв қилган.
Рассом Tuz минглаб муҳожирларни қийнаётган паспорт муаммони ҳажв қилган.

“Кўп сонли мурожаатлар сабабли шуни хабар қиламизки¸ ....

Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтган ва Ўзбекистон Республикаси нобиометрик фуқаролик паспорти билан хорижий давлат ҳудудида вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари Ўзбекистонга қайтишлари учун Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ëки консуллик муассасаларига мурожаат қилишлари ва республикага қайтиш сертификатини олишлари керак”¸ дейилади вазирликнинг Facebookдаги расмий сайтида ўзбек ва рус тилларида қўйилган баëнотда.

Айни пайтда бу баëнотни вазирликнинг расмий сайтидан топишнинг имкони бўлмади.

Ўтган ой Европа Комиссияси Ўзбекистон ҳукуматининг нобиометрик паспортларнинг амал қилиш муддатини тугатиш қароридан хавотирда эканини билдирганди.

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар Олий Комиссари идорасининг Марказий Осиё бўйича масъул мулозими Ивона Пиорко ўзбек расмийларининг қарори хориждаги ўзбекистонликларнинг ҳуқуқий мақомини савол остида қолдиргани ҳақда баёнот берган эди.

ЕИ мулозими ўзбекистонлик фаолларнинг Европа Комиссиясидаги чиқишларига жавобан бу ҳақда гапирган.

Швецияда истиқомат қиладиган ўзбек фухолифати фаоли Пўлат Охунов Тошкент ҳукуматининг “ғайриинсоний қарори” хориждаги миллионлаб ўзбекларни мушкул аҳволда қолдиргани ҳақида баёнот билан чиққанди.

Ўзбекистонда 2011 йилдан бошланган биометрик паспортларга ўтиш жараёни 2015 йил декабрида ниҳоясига етиши билдирилганди.

Бироқ бу муддатда паспортларини алмаштиришга улгурмаганлар сони кўплиги боис, эски ҳужжатларнинг амал қилиш муддати 2018 йил 1 июлгача узайтирилган.

XS
SM
MD
LG