Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:50

“Ўзбекэнерго” ишчиларига ойлик бера олмаслигини тан олди


"Ўзбекэнерго" акциядорлик жамиятига қарашли бир қанча ташкилот ишчилари 4-6 ойлаб меҳнат ҳақини ололмаяпти. Мазкур ширкатда кейинги тўрт йил давомида иш ҳақини тўлаш билан боғлиқ муаммо давом этаяпти. "Ўзбекэнерго" расмийлари айни пайтда иш ҳақидан қарздорликни узиш имконсиз эканлигини тан олишди.

"Ўзбекэнерго" компаниясига қарашли, Тошкент шаҳрида жойлашган “Махсус электр тармоқ қурилиш” ташкилоти олти ойдан буён ўз ишчиларига ойлик маошларини бера олмаяпти.

Бу ҳақда мазкур ташкилот ишчилари номидан Озодликка келган мактубда айтилади:

“Ишонишингиз қийин, лекин ташкилотимиз август ойининг маошини ҳали тўлиқ ишчи-ходимларидан уза олмади. 5 ойлик маошларимиз берилмади, январни қўшиб ҳисобласак, 6 ойдан буён маошсиз яшаяпмиз. Прокуратура, банкка мурожаат қилдик. Лекин ариза ёзишдан фойда бўлмади”, дейилади “Махсус электр тармоқ қурилиш” ишчиларидан Озодликка келган мактубда.

“Махсус электр тармоқ қурилиш” мулозимлари ойликлар кечикаётганини пул етишмовчилиги билан изоҳлаб, ҳозирда ишчилар ҳақини бериш йўллари изланаётганини айтишди.

“Ўзбекэнерго” ширкатига қарашли аксар компанияларда кейинги тўрт йил ичида молиявий муаммолар мунтазам кузатилмоқда.

Электрэнергетика ва кўмир саноати бўйича бошқарув органи бўлган “Ўзбекэнерго” таркибига 51та корхона, жумладан, 37та акциядорлик жамияти, 11та унитар корхона, 2та масъулияти чекланган жамият ва компаниянинг “Энергосотиш” филиали киради.

Ширкат таркибидаги аксар корхоналар кейинги йилларда иқтисодий муаммо боис ўз ишчиларининг меҳнат ҳақларини вақтида тўлай олмаяпти.

Жумладан, “Ўзбекэнерго”га қарашли, катталиги жиҳатидан Ўзбекистонда учинчи ўринда турувчи Тошкент Иссиқлик электр станциясида ойликлар кечикиши доимий тус олган. Станция ишчиларидан Озодликка келган бир қанча мурожаатлардан маълум бўлишича, ташкилотда ойлик маошлари 4-5 ойлаб кечикиб берилаяпти.

Шунингдек, “Ўзбекэнерго” таркибида бўлган Ангрен иссиқлик электр станцияси ишчилари ҳам 4-5 ойлаб маошсиз қолаётггани ҳақида Озодлик бир неча бор хабар қилган.

"Ўзбекэнерго"нинг Иқтисодиёт ва прогнозлаш бошқармасидан олинган маълумотга кўра, ширкатга қарашли камида ўнта ташкилотда ойликлар билан боғлиқ муаммо мавжуд бўлиб, ҳозирда унинг ечимини топиш имконсиз бўлаяпти:

“Шу пайтгача корхоналарда ойликлар кечикиши юзага келган пайтда банкдан имтиёзли кредит олиб, иш ҳақлари тўлаб келинган. Лекин банкдан олинган кредитларни қайтара олмаяпмиз. Шунинг учун банклар бизга кредит бермай қўйишди”, деди ўзини таништирмаган мулозим.

Мулозимнинг айтишича, “Ўзбекэнерго” раисининг молиявий ишлар бўйича ўринбосари Музаффар Ҳакимов ширкатнинг иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш йўлларини топа олмагани боис яқинда ишдан олинган. Ҳозирча унинг ўрнига ҳеч ким тайинланмаган.

“Ўзбекэнерго”да ишловчи бошқа бир мулозимнинг айтишича, аҳоли ва ташкилотларнинг энергия пулини ўз вақтида тўламаётгани ҳам ширкатда молиявий муаммолар юзага келишига сабаб бўлган:

“Аҳолининг ҳам қарздорлиги катта. Ташкилотлар ҳам энергия пулини ўз вақтида тўламаяпти. Биз реализация қилган электр энергияси ҳақини ўз вақтида ундириб ололмаяпмиз. Тушум бўйича қарздорликлар жуда кўп. Қарздорлик ундирилиши билан ойликлар бўлиб-бўлиб берилаяпти. Лекин ойликларни бирданига узиш ҳозирча имконсиз”, деди "Ўзбекэнерго” мулозими.

Мулозимнинг таъкидича, "Ўзбекэнерго" кейинги йилларда амалга ошираётган лойиҳалар сони ортгани ҳам ширкатда молиявий муаммолар кучайишига сабаб бўлган.

Айни пайтда “Ўзбекэнерго” бир қанча лойиҳани амалга ошираяпти. Жумладан, Тошкент Иссиқлик электр станциясида 468 миллион долларлик модернизация ишлари кетаяпти.

Шунингдек, расмий маълумотга кўра, энергетика соҳасида 2020 йилгача умумий қиймати 8 миллиард 900 миллион бўлган 33 та сармоявий лойиҳани амалга ошириш режаланмоқда. Режага кўра, 2020 йилгача 15та ГЭС модернизация қилинади ва таъмирланади. Ҳукумат қарорига кўра, шу давр мобайнида 9та янги гидроэнергетика иншооти ҳам барпо этилади.

Ойликлар билан боғлиқ муаммо нафақат "Ўзбекэнерго" корхоналарида, балки бошқа йирик ташкилотларда ҳам кузатилаяпти.

Ўтган йил бошроғида Ўзбекистон Марказий банки Бош вазирга юборган ҳисоботида мамлакат иқтисодида нақд пул тақчиллиги юзага келгани ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада қийинлаштиришидан огоҳлантирган эди. Озодликка сиздирилган ҳисоботда мамлакат банкларида ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани ва тезкор чора-тадбирлар кўрилмаса, бу жиддий оқибатларга олиб келиши таъкидланган эди.

XS
SM
MD
LG