Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:53

Марказий банк Мирзиëевни нақд пул йўқлигидан огоҳлантирди


Нақд пулини банкк қўйса¸ уни қайтиб ола олмаслигини билган ўзбекистонликларнинг бундай ишончсизлиги¸ мутахассисларга кўра¸ Ўзбекистон иқтисодининг нотўғри асослар устида турганидан берилган очиқ далолатдир.
Нақд пулини банкк қўйса¸ уни қайтиб ола олмаслигини билган ўзбекистонликларнинг бундай ишончсизлиги¸ мутахассисларга кўра¸ Ўзбекистон иқтисодининг нотўғри асослар устида турганидан берилган очиқ далолатдир.

Ўзбекистон Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари томонидан Бош вазирга 10 апрель куни юборилган мактубнинг Озодликка сиздирилган нусхасидан ўзбек банкларида ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани аëн бўлади. Мактубда МБ мутасаддиси нақд пул тушумини таъминлаш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўрилмаса¸ мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият оғирлашиши мумкинлигини айтади.

Сиздирилган мактуб мазмуни

Озодликка ҳукумат тизимларига алоқадор манбадан етиб келган мактуб 2015 йилнинг 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Мустафоев томонидан Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëвга жўнатилган.

“Хизмат доирасида фойдаланиш учун” деб таснифланган 10-11/41 сонли рақамли бу мактуб Озодликка кейинги йиллар ва ойлар давомида йирик стратегик корхона ишчи-хизматчиларидан тортиб¸ пенсионер ва нафақахўрларга қадар билдираëтган шикоятлардан кўрилган муаммо кўламининг нақадар кенг¸ сабабларининг эса¸ нақадар жиддий эканини тасдиқламоқда.

Мактубнинг илк саҳифасида келтирилган рақамлардан келиб чиқилса¸ Ўзбекистонда иш ҳақи ва ижтимоий тўловларни ўз вақтида бериш учун 2015 йилнинг биринчи уч ойи ичида 10¸9 трлн.сўм лозим бўлгани ҳолда¸ банклар тақрибан 1¸5 трлн.сўмни топиб бера олмаган ва оқибатда стратегик корхоналардан тортиб¸ махсус контингентдаги ташкилотлар ( Ички ишлар вазирлиги¸ МХХ¸ Мудофаа вазирлиги каби тизимлар – таҳр.) га қадар иш ҳақи ва бошқа тўловларини ола олмаган.

“Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Ўтказилган таҳлиллар ва мониторинг натижаларига кўра¸ 2015 йилнинг январь-март ойларида иш ҳақи ва ижтимоий тўловлар учун нақд пулга бўлган талаб 10¸9 трлн. сўмни ташкил қилиб¸ 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 1¸9 трлн. сўмга ëки 22 фоизга ошган.

Мактубнинг илк саҳифаси.
Мактубнинг илк саҳифаси.

Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра¸ ушбу тўловларнинг асосий қисми тўлангани ҳолда¸ 58¸2 млрд.сўмлик пенсия тўловлари¸ 53¸8 млрд.сўмлик махсус контингент ташкилотлари тўловлари Андижон¸ Бухоро¸ Қашқадарë¸ Навоий¸ Наманган¸ Сурхондарë¸ Сирдарë¸ Фарғона вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида тўланмасдан қолди.

Бундан ташқари мониторингга олинган “Ўзбекэнерго”¸ “Ўзкимëсаноат”¸ “Ўзбекнефтгаз” компаниялари¸ “Ўзагромашсервис”¸ “Ўзпахтасаноат” уюшмалари таркибидаги айрим корхона ва ташкилотлар молиявий аҳволининг қониқарсизлиги ва ҳисобрақамларида маблағлари бўлмаëтгани сабабли 129 млрд.сўмлик иш ҳақлари тўланмади” деб бошланади Марказий банк раиси ўринбосарининг Бош вазирга ëзилган мактуби.

Шундан сўнг нақд пул тақчиллиги сабабларини изоҳлашга ўтган Мустафоев¸ асосий муаммо сифатида муомаладаги пул маблағларини банк айланмасига жалб қилиш борасидаги қийинчиликларни тилга олади.

Марказий банк мутасаддиси ëзганларидан банкларга тушаëтган нақд пул тушумлари бутун республика бўйлаб камайиб кетаëтгани¸ бунга эса¸ хўжалик субъектлари¸ ишлаб чиқарувчилар¸ улгуржи савдо ташкилотлари ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ўз нақд пул тушумларини банкларга топширмаëтгани сабаб бўлгани англашилади.

Мактубдан парча.
Мактубдан парча.

Ўзбекистон иқтисоди, дейилади, мактубда, ойига 1,9 триллион сўмлик товар ишлаб чиқаради ва 1,8 триллион сўмлик хизмат кўрсатади. Лекин товар ва хизматлар савдосидан тушадиган нақд пулнинг ҳаммаси банкларга келиб тушмайди. Хусусан, юзлаб миллиард сўмлик товар ва хизматлардан тушган нақд пулни топширмаётган ширкатлар сирасидан "Хоразм Шакар", "Зарафшон", "Brooklyn Lider Service", "Big Universal Trade", "Kelajak Futbol poydevori", "Roison" каби ширкатлар номлари келтирилган. Айрим маълумотларга кўра, номлари келтирилган ушбу ширкатлар Ўзбекистон Футбол федерацияси ва Миллий Олимпия қўмитаси раиси Мираброр Усмоновга алоқадор экани иддао қилинади.

Бундан ташқари, Марказий банкнинг билдиришномасида "Coca-Cola Ичимлиги Ўзбекистон" ҳамда "Iternational Beverages Tashkent SP" ширкатлари ҳам 2014 йилда реализация қилган қарийб 500 миллиард сўмлик товар тушумини инкассация қилмагани қайд этилади. Мазкур икки фирма Ўзбекистон президентининг ҳозирда уй қамоғида экани айтилаётган қизи Гулнора Каримовага қарашлидир.

Айни пайтда¸ МБ раиси ўринбосари 2013 йилнинг 1 февралидан бошлаб ички бозорда “GM Uzbekistan” автомашиналари ва хорижга бориш-қайтиш авиачипталарининг хориж валютасида сотиш тартибининг жорий қилинганини ҳам нақд пул тушумларидаги катта йўқотишга олиб келганини таъкидлайди.

Озодликнинг ушбу мактуб тааллуқли бўлган тизимларга яқин манбаси мактубнинг ҳақиқийлигини тасдиқлади ва унинг 2015 йилнинг биринчи чораги бўйича нақд пул тушумлари билан боғлиқ вазият юзасидан Марказий банкнинг ҳукуматга топширган таҳлилий ахбороти эканини билдирди.

“Хизмат доирасида фойдаланиш учун” дейилган бу мактубнинг Озодликка сиздирилиши янгилик бўлса ҳам¸ Марказий банк раҳбарининг Бош вазирга бундай мактуб юбориши фавқулодда ҳолат эмас. Аслида нафақат МБ¸ балки бошқа барча тизимлар ҳам Бош вазирга ҳар чоракда шундай таҳлилий маълумотларни юборади ва қайд қилинган муаммоларни ҳал қилиш борасида ўз чора-тадбирларини ҳам таклиф қилади. Бу мактуб¸ айни шу йўналишдаги уч ойлик ҳисоботдир”¸ деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ҳукумат тизимларидаги расмий манба.

Марказий банк мавжуд муаммолар янада кучайиб бораëтганидан огоҳлантирмоқда

Озодликка сиздирилган мактуб билан танишиб чиққан Ўзбекистон банк тизимларидаги мутахассиснинг таъкидича¸ бу мактуб нақд пул билан боғлиқ Марказий банк жиддий муаммоларга дуч келаëтгани эътирофидир.

Мактубга банк раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Мустафоев имзо чеккан.
Мактубга банк раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Мустафоев имзо чеккан.

“Бу хат аслида айни муаммо бўйича Мирзиëевга жўнатилган навбатдаги таҳлилий ахброт¸ холос. Ҳукумат Марказий банкдан иш ҳақи ва ижтимоий тўловларнинг ўз вақтида тўланишини талаб қилади. Банкка эса¸ нақд пул тушмаяпти. Нега тушмаëтгани сабаблари эса¸ Марказий банк ваколатларидан ташқарида ëтибди ва буни ҳамма яхши билиб турибди. Бу мактубда Мустафоев нега нақд пул йўқлигини “а¸б¸в” деб туриб тушунтираяпти”¸ дейди банк тизимидаги Озодлик манбаси шахси очиқланмаслиги шарти билан.

Ўзбекистон Молия вазирлиги собиқ мутасаддиси Сапарбой Жубаев ҳам Марказий банкнинг Бош вазирга бундай таҳлилий-ахборот жўнатиши аввалдан мавжуд амалиëт эканини таъкидлай туриб¸ бу мактубнинг умум мазмунидан банк мамлакатда кучайиб бораëтган нақд пул тақчиллиги учун жавобгарликни ўзидан соқит қилишга уринмоқда¸ деган хулоса чиқарганини айтади:

- Аслида¸ нақд пул муомаласи фақат Марказий банк билан тижорат банкларининг муаммоси. Бу муаммо орқасидан корхоналарга чиқиш¸ ҳукуматга чиқиш ўзи бошқа давлатда йўқ амалиëт. Ҳукумат бошқа давлатларда нақд пул муаммоси билан шуғулланмайди. Лекин Ўзбекистондаги нақд пул муаммоси бу Марказий банк доирасидан ташқарига чиқиб¸ мамлакатдаги бозор иқтисоди қонунларига зид бўлган макроиқтисодий сиëсатга бориб тақалади. Бу мактубда¸ табиийки¸ фундаментал муаммо ҳақида сўз ҳам йўқ – уни у ëқдан айланиб ўтишга¸ бу ëқдан айланиб ўтишга ҳаракат бўлаяптида¸ ўртада кўндаланг турган бу муаммони ҳеч ким силжитгиси йўқ¸ дейди Молия вазирлигининг собиқ мутасаддиси Сапарбой Жубаев.

Марказий банк нақд пул тақчиллигини қандай ҳал қилмоқчи?

Бош вазир Шавкат Мирзиëвга йўлланган мактубда Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Мустафоев¸ нақд пул тақчиллиги¸ иш ҳақи ва ижтимоий тўловларнинг вақтида берилаëтгани билан боғлиқ муаммолар зудлик билан ҳал этилмаса¸ мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият янада оғирлашишига нозик ишоратлар бор:

Ҳисоб-китобларга кўра¸ аҳвол шу тарзда давом этса ва тезкор амалий чора-тадбирлар кўрилмаса¸ махсус контингент¸ мониторингга олинган стратегик корхоналар иш ҳақи¸ пахта йиғим-теримчилари учун Марказий банк томонидан 2015 йилда 3¸0 трлн.сўмдан кўпроқ мадад пуллари чиқаришга тўғри келади ва бу ўз навбатида¸ муомаладаги нақд пул миқдорининг ошишига таъсир кўрсатади.

Муомаладаги нақд пул миқдорининг ошиб бориши¸ ўз навбатида¸ инфляцион босимнинг кучайишига¸ норасмий валюта бозорининг кенгайишига¸ пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасининг ва оқибатда “хуфиëна” иқтисодиëт ҳажмининг ошишига¸ ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг мураккаблашишига олиб келиши билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкин”¸ дейилади Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари томонидан Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëевга юборилган мактубда.

Банк раиси ўринбосари Шавкат Мирзиëвга ëзилган 12 саҳифалик мактубига “Пул маблағларини банк айланмасига жалб қилишни кўпайтириш¸ чакана савдо¸ умумий овқатланиш ва пуллик хизмат кўрсатувчи хўжалик субъектлари томонидан нақд пул тушумларини тўлиқ банк кассаларига топширилиши¸ пластик карточкалар орқали нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини янада ривожлантириш ҳамда иш ҳақи ва ижтимоий тўловларнинг ўз вақтида тўланишини таъминлаш бўйича “ЧОРА-ТАДБИРЛАР МАЖМУИ”ни илова қилган.

Чора-тадбирлар мажмуидан парча.
Чора-тадбирлар мажмуидан парча.

Ижроси Марказий банк ваколатидан чиқиб¸ қатор вазирлик ва ҳокимликлар¸ солиқ ва божхона қўмитаси¸ прокуратура¸ шунингдек давлатга қарашли йирик корхона ва ташкилотларни ҳам қамраган бу чора-тадбирлар мажмуи¸ улар билан танишиб чиққан мутахассислар фикрича¸ Ўзбекистонда нақд пул тақчиллигини туғдириб келаëтган асосий муаммолар қолиб¸ асосан яна тадбиркорларни нақд пулини банкка топширишга мажбурлаш механизмини янада кучайтиришга йўл очади:

- Марказий банк таклиф этаëтган чора-тадбирлар муаммонинг нари борса 10 фоизини ўзгартириши мумкин. Қолган 90 фоиз ҳақида сўз ҳам йўқда! Контролни¸ текшир-текширни кучайтириш билан бу муаммо ҳал бўлмайди. Масалан¸ сиз тижоратчи бўлсангизу банкдан на кредит¸ на ўз пулингизни ола олмасангиз¸ ўз маблағингизни ë нақд пул ëки товар шаклида сақлашга ҳаракат қиласиз. Минг афсуски¸ Марказий банкдан чиқарилган бу қоғоздан кейин¸ ҳукумат пул-кредит сиëсатини юмшатиш¸ эркинлаштириш ўрнига¸ уни янада кескинлаштиришга ўтади. Кўрасиз¸ эртага шунақа бир ҳукуматнинг қарори чиқади. Контрол органлари яна кўпаяди¸ битта тадбиркорнинг орқасидан текширувчилар сони яна ошади¸ бир ишловчига еттита текширувчи бўлади! Буларнинг ҳаммасини оғзини ëпиш учун тадбиркор ундан-да кўпроқ коррупцияга киришга¸ қонунларни кўпроқ бузишга мажбур бўлади. Минг афсуски¸ Марказий банк Мирзиëвга юборган хат ана шу амалиëтларга эшик очади¸ дейди Сапарбой Жубаев.

XS
SM
MD
LG