Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:44

Тошкент ИЭС ишчиларига 5 ойдан бери маош берилмаяпти


 Тошкент иссиқлик электр станцияси
Тошкент иссиқлик электр станцияси

​"Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компаниясига қарашли Қибрайдаги Тошкент иссиқлик электр станциясининг 1400 ишчиси 5 ойдан буён меҳнат ҳақларини ололмаяпти. "Ўзбекэнерго" расмийлари, Озодлик билан суҳбатда, ойликлар кечикаётганини пул етишмовчилиги билан изоҳлади ва ҳозирда ишчилар пулини бериш йўллари изланаётганини айтди.

"Беш ойдан бери ойлик йўқ"

Ўзбекистонда катталиги жиҳатидан учинчи ўринда турувчи Тошкент Иссиқлик электр станцияси (ТошИЭС¸ аввалги ТошГРЭС) ишчиларига жорий йил февралидан буён иш ҳақлари берилмаяпти.

Бу ҳақда станция ишчилари Озодликка мактуб орқали мурожаат қилишди. Мактубда айтилишича, ойлик пуллари берилмаётгани ортидан ишчилар молиявий қийинчиликларга дуч келишмоқда:

“Ҳозир февраль ойининг ойлигини бўлиб-бўлиб пластик карточкага ташлаб бераяпти. Ҳар замонда 20 минг, 40 минг сўм қилиб пластикка ташлаб қўйилади, бўлди. Бошқа пулларимиздан дарак йўқ. Январни ҳам шунақа бўлиб-бўлиб беришди. Ишчилар жуда қийналаяпти. Ҳар-бир ишчининг маҳаллалардаги дўконлардан 1-2 миллион сўмлик қарзлари бор. Пул йўқлигидан озиқ-овқатни дўкондан қарзга ёздириб олаяпмиз”, дейилади станция ишчилари номидан келган мактубда.

Ишчилар даъвосича, иш ҳақини сўраб раҳбариятга шикоят қилганларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинмоқда:

“Ойлик сўраб директорга борган одамларга бир зумда “бўшатилсин” деган буйруқ чиқаяпти. ТашГРЭС хавфсизлик даражаси бўйича А категориясига кирадиган объект ҳисобланади. Ҳамма яхши ишчилар бўшаб кетаяпти. 50ка яқин ишчи бўшаб кетди. Хавфли объектларда ғазабдаги ишчилар ишлаяпти. Ишга масъулият камайиб кетган. Бу (Худо кўрсатмасин) катта ҳалокатга олиб келиши мумкин”, дейилади ишчилар мактубида.

"Уч йилдан бери ойликларда узилиш бўлаяпти"

Ишчилардан бирининг Озодликка микрофонсиз суҳбатда айтишича, сўнгги уч йил ичида ойликлар кечикиши доимий тус олган, бироқ меҳнат ҳақининг 5 ой давомида берилмаслиги илк бор кузатилмоқда:

“Станциямизни модернизация қилиш уч йил олдин бошланганди. Шундан бери ойликларимизни 2-3 ойга кечикиши одатга айланди. Пулимизни банкдан кредит олиб, кечикиб бўлса ҳам бераётганди. Лекин 3 ойдан ошган вақти бўлмаган. Ҳозир нима қилишни ҳам билмаяпмиз. Ишлай десанг, пулингни бермаса, ишламай десанг, бола-чақани қандай боқамиз. Бошимиз қотган”, дейди станция ишчиси исмини очиқламаслик шарти билан.

Тошкент Иссиқлик электр станциясининг Иқтисод бўлими мулозимларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, пул етишмаган пайтлари банкдан имтиёзли кредит олиб, ойликларни бериш амалиёти кейинги пайтда ўзини оқламай қолгани боис кредит олишдан ҳам воз кечилган.

"Ўзбекэнерго" ойликлар қачон берилиши билмайди

"Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компаниясининг Тошкент иссиқлик электр станцияси бўйича куратори Лутфилла Нуриллаевнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, ишчилар ойлиги кечикиши билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш йўллари изланмоқда:

- Энди ҳозир ойликлар бўйича ҳақиқатдан ҳам тўхталишлар, узилишлар бўлиб қолди. Ҳозир ҳаракат қилаяпмиз. Секин-секин ойликни ёпиш масаласи кўрилаяпти. Битта ТашГрэс эмас, бошқа ташкилотларда ҳам шунақа муаммо бор. Ойликлар кечикишига маблағ етмаслиги сабаб бўлаяпти. Ҳозир ҳаражатларимиз кўпайиб кетди. Жуда катта қурилишлар қилаяпмиз. Катта проектлармиз бор. Катта суммали қурилишлар кетаяпти. Ўша проектларни давлат топшириғи билан топширишимиз керак. Шу сабабли ойликларда узилишлар бўлиб қолди,- деди Нуриллаев.

Мулозим ҳозирча ишчилар ойлигини қачон тўлаб берилиши номаълум эканлигини айтади:

- Ҳозир муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилаяпмиз. Банкдан ойлик учун кредит олишни тўхтатдик. Бу ўзини оқламади. Тушум пуллари орқали ёпамиз. Биз ишлаб чиқарган электр энергияси реализация қилинган, лекин тушум бўйича қарздорликлар кўп. Аҳоли ва ташкилотлардан тўланиши лозим бўлган энергияни пулини тўлашда кечикишлар бўлаяпти. Шунинг ҳисобига ойликлар кечикмоқда. Ҳозир тушган пулни бўлиб-бўлиб бераяпмиз. Ҳаммаси аниқ қачон берилишини сизга айта олмайман. Лекин ҳаракат қилаяпмиз,- деди "Ўзбекэнерго" мулозими Лутфилла Нуриллаев.

468 миллион долларлик модернизация

Тошкент Иссиқлик электр станциясида модернизация ишлари 2012 йилнинг 23 март куни бошланган бўлиб, жами 468 миллион АҚШ долларлик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Лойиҳа хорижий фирмалар консорциуми томонидан амалга оширилмоқда, улар орасида Чехия ва Словакия фирмалари бор.

Хорижий кредитлардан ташқари лойиҳанинг маълум қисми Ўзбекистон Тараққиёт ва тикланиш жамағармаси томонидан ажратилиши айтилган.

Лойиҳани амалга ошириш учун қолган барча харажатлар “Ўзбекэнерго” компанияси зиммасига юклатилган.

ТошИЭС мулозимига кўра, модернизация ишларига “Ўзбекэнерго”дан ташқари ТошИЭС ҳам ўз маблағларини сарфлаётгани натижасида, кейинги уч йил ичида ойлик маошларининг кечикиш муаммоси юзага келган.

ТошИЭСни модернизация қилиш лойиҳаси дастлаб 2008 йилда имзоланган. Бироқ лойиҳа ўз вақтида молияланмагани боис¸ 2010 йилда у тўхтатилиб, 2011 йилнинг декабрида қайта имзоланган.

"Ўзбекэнерго" расмий сайтида ёзилишича, ТошИЭСда модернизация 2015 йилда якунланиб, қуввати 370 МВт бўлган буғ-газ қурилмаси ишга туширилиши режалаштирилган.

Янги лойиҳа ишга туширилса ТошИЭС электр ишлаб чиқаришда йилига 175 кубометр табиий газни тежаш қувватига эришиши кутилаяпти.

UzDaily сайти маълумотига кўра, ҳозирда ТошИЭС қуввати 1,86 минг МВтни ташкил қилади.

“Сирдарё ИЭС” ва “Толимаржон ИЭС”ларидан кейин учинчи ўринда турувчи ТошИЭСнинг биринчи блоки 1963 йилда фойдаланишга топширилган.

ТошИЭС Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолиси ва саноат корхоналарини электр энергияси билан таъминлайди.

XS
SM
MD
LG