Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:28

“Касалванд кампирга пахтага чиқмагани учун ун сотмадилар”


Сарлавҳага чиқарилган гап Озодликка Сирдарё вилояти, Сардоба тумани, Гулистон қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи тингловчидан келган мактубдан олинди.

Хат муаллифи иддаосича, маҳаллий маъмурлар давлат белгилаб қўйган нархдаги ун, мой ва шакарни сотишда фуқаронинг пахта теримига қанчалик иштирок этганини ҳисобга олмоқда.

Гулистон қишлоқ фуқаролар йиғини раҳбарияти вакили, Озодлик саволларига жавоб бераркан, шикоятда келтирилган иддаоларни рад этди.

Озодликка келган мактубда айнан мана бундай дейилган:

“Сардоба тумани, Гулистон (ҚФЙ) даги Бобур кучасида кичик бир хусусий дўкон бор. Бу дўконда талон асосида ун ва пахта ёғи давлат нарҳида сотилади.

Ўзим гувоҳи бўлган нарсани айтаман. Маҳсулотлар талонга сотила бошлангандан бери дўконда маҳалла раисларию посбонлари назорат ўрнатиб олган. Ўзларича рўйҳат қилиб олишган. Бугун саҳарда бу дўконга ёши катта касалманд бир кампир келиб ун олмоқчи эди. Лекин бечорага ун сотишмай хайдаб солишди. Нима эмиш? Пахтага чиқмаганингиз учун сизга ун бермаймиз дейишди, маҳалла посбонлари.

Ўтган куни маҳаллага 50 қоп ун келган. Уни ҳам маҳалла раиси ва посбонларининг қариндош-уруғи, ошна-оғайниларига тарқатиб юборишди. Машиналарда келиб олиб кетишди. Бечора камбағаллар эса қолиб кетаверишди”, дейилган Озодликка келган шикоят хатида.

Хат муаллифи билан боғландик ва унинг муаллифи (аёл киши) билан суҳбатни ёзиб олдик.

Озодлик билан исми айтилмаслиги ва овози эшиттирилмаслиги шарти билан гаплашган сардобалик қиз шикоят хатида ёзганларига қўшимча қилиб, яна бундай деди:

“Ҳозир ҳамма нарсани пахта билан боғлашаяпти. Масалан, онамга болалар учун нафақани бир ой ёзишмади. Онам ишлаши мумкин эмас, яқинда кўкрагидан операция бўлган. Ҳатто уй ишларига қўлларини урдиртирмаймиз. Нафақа олишга ҳақли синглим бор. Бориб нега ёзмадингиз, деб сўрасак, пахтага чиқмади онангиз, дейишди. Хуллас, ҳамма нарсани пахтага боғлаб қўйишаяпти”, деди сардобалик қиз.

Озодлик Сардоба тумани, Гулистон қишлоқ фуқаролар йиғини раҳбарияти вакили билан боғланиб, шикоят мазмуни билан таништирди.

Вакил вазиятни тушунтирар экан, айнан мана бундай деди:

“Ўзи иккита маҳалламиз бор. Ҳар бир маҳаллада рўйхати билан китобга қўл қўйиб, (ун ва мойни) талон асосида олиб кетаяпти. Меъёр асосида бериладиган товарлар маҳаллага келади. Маҳаллақўм рўйхатни қилиб, ойма-ой қўл қўйдириб, талон беради. Магазинчи ўша талон асосида тарқатаяпти”, деди Гулистон қишлоқ фуқаролар йиғини раҳбарияти вакили.

Унинг айтишича, умумий рўйхатдан ташқари кам таъминланган оилалар рўйхати ҳам мавжуд.

“Кам таъминланган оилаларга навбати билан моддий ёрдам берилади. У ёқ-бу ёқдан, хомийлардан бирор нарса келиб қолса, ўшандан берилади”, деди Гулистон қишлоқ фуқаролар йиғини раҳбарияти вакили.

Шикоят қилган қизнинг гапларига ишонмасликка асосларимиз йўқ. Лекин қишлоқ фуқаролар йиғини раҳбарияти вакили гапларига шубҳа билан қарашга асослар бор.

Ўзбекистонда қуйи поғонадаги ўз-ўзини бошқариш органлари – қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раҳбарлари ўзларига берилган ваколатларни суиистеъмол қилаётгани фактлари тез-тез учрамоқда.

Жорий йил ёзида Самарқанд вилояти Иштихон туманида яшовчи икки фарзанднинг онаси 32 ёшли Зулфия Ҳамроқулова чақалоғи учун олиши керак бўлган “бола пули”нинг бир ойлиги маҳалла қўмитасида пора сифатида ушлаб қолинаётганидан Озодликка арз қилган эди.

Маҳалла раисларининг ноқонуний ишлари тўғрисида нафақат Озодлик, балки маҳаллий ахборот воситалари ҳам ёзмоқда. Масалан, куни кеча “Адолат кўзгуси” нашри Наманган вилояти Чортоқ тумани Гулдиров маҳалла фуқаролари йиғини раиси болалар ҳақига хиёнат қилгани, ҳужжатларни сохталаштиргани ва пора олгани учун 7 йилга озодликдан маҳрум этилгани тўғрисида ёзди.

2011 йилда эса, маҳалла фуқаролар йиғини раисларидан 30 нафари ва 19 нафар котиб (бу иш ҳам Наманган вилоятида) нафақа пулини талон-тарож қилишда айбдор деб топилгани тўғрисида Ўзбекистон Бош прокуратураси “Ҳуқуқ” газетаси ўша йилнинг 8 март кунги сонида хабар қилган эди.

Фуқаролар пахтага чиқмагани учун жазоланганига оид хабарлар ҳам бу йил кўп бўлди. Улардан бирида Жиззах вилоятида пахта теримига чиқмаётган болали аёлларнинг уйларида электр қуввати узиб қўйилаётгани ёки уларнинг болаларига бериладиган нафақа пуллари қирқиб ташланаётгани тўғрисида айтилган эди.

XS
SM
MD
LG